Airbus ҳавода ёнилғи қуйиш бўйича биринчи тўлиқ автоматлаштирилган жараённи амалга оширди
Европа авиаконцерни ҳавода ёнилғи қуйиш тизимининг муваффақиятли синовлари тўғрисида хабар берди. Автоматик ёнилғи қуйиш ускунаси билан жиҳозланган танкер 45 соат давомида парвоз қилди ва Португалия ҳарбий-ҳаво кучларининг F-16 қирувчи самолётига ёнилғи қуйиш бўйича 120та имитация ҳаракатини амалга оширди
A3R автоматлаштирилган ёнилғи қуйиш тизими Airbus A330 MRTT ёнилғи қуйишга мўлжалланган ҳарбий самолётига ўрнатиш учун ишлаб чиқилган. Бу йил ўтказилган тест ҳавода ёнилғи қуйиш жараёнининг барча жиҳатларини қамраб олди. Кейинги босқич - технологияни сертификатлаш - келгуси йилнинг бошига режалаштирилган, деб ёзади New Atlas.
Airbus A330 MRTT ёнилғи қуйиш самолёти Португалия ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан тақдим этилган F-16 кўп функцияли енгил қирувчи самолёт билан 120та ўзаро уланиш ҳаракатини амалга оширди. Бу операция учун жами 45 соат вақт сарфланди.
Airbus вакилларининг сўзларига кўра, A3R тизими барча ёнилғи қуйиш жараёнини уддалашга қодир. Оператор фақат дастурни ишга тушириши ва ёнилғи тўлдириш ускунаси қабул қилувчидан бир неча сантиметр масофада тўхтаб, тўғри бурчак ва хавфсиз масофани эгаллашини кузатиши керак. Шундан сўнг, телескопик ускуна уланади, ёнилғи узатилади, узилади ва хавфсиз масофага узоқлашади. Ёнилғи қуйилаётган самолётларга ҳеч қандай қўшимча жиҳозлар керак эмас.
Йил бошида, кўргазмалар ва конференциялар бекор қилингунга қадар, Airbus Сингапур авиасалонида «учувчи қанот» кўринишида икки метрлик самолёт прототипини намойиш этди. Журналистларнинг таъкидлашича, Maverik кўпроқ «Юлдузлар жанги»даги қурилмаларга ўхшайди, аммо компания фуқаролик авиациясининг келажаги худди шундай кўринишга эга бўлишини истисно қилмаяпти.
Мавзуга оид
13:29 / 19.10.2024
Boeing’дан ва Airbus’гача: Дунёнинг энг йирик авиасозлик компаниялари
16:10 / 22.07.2024
Тадбиркорнинг 3,9 млрд сўмлик ёнилғисини қўлга киритган МЧЖ аниқланди
20:39 / 15.06.2024
Boeing ва Airbus самолётларида сохта сертификатланган қисмлар ишлатилган – ОАВ
11:26 / 25.04.2024