Жамият | 19:23 / 22.04.2020
37466
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар сони 450 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳрида ва Андижон вилоятида коронавирус ташхиси қўйилган беморларнинг яна бир гуруҳи тузалгани ҳақида хабар берди.

Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан яна 17 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар соғайиб Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилган.

Соғайган беморларнинг барчаси Тошкент шаҳридан. Улардан 16 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. 1 нафари Лондондан Тошкентга келган. Беморлардан 4 нафари эркак, 13 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 69 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2020 йил туғилган (онаси билан бирга реабилитацияга кузатилди). Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди.

«Клиникамиз ходимларининг бирдамлиги, маҳорати ва тажрибаси беморларимизнинг соғайишида ҳал қилувчи рол ўйнамоқда. Халқаро стандартлар асосида даволаш муолажаларини олиб бориш учун тиббиёт муассасамизда барча шароитлар яратилган. Саъй-ҳаракатларимиз натижасида бугун ҳам навбатдаги 17 нафар бемор буткул соғайиб чиқишди. Малакали шифокорларимиз жонкуярлиги туфайли ушбу кўрсаткичлар кундан кун ошиб боришига ишончим комил», дейди Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси бош шифокори Муҳайё Асилова.

Шунингдек, Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан 26 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилмоқда.

Соғайганларнинг барчаси Андижон вилоятидан. Беморларнинг 5 нафари эркак, 21 нафари аёллардир. Уларнинг 1 нафари хориждан келган, қолган 25 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улар орасида энг ёши каттаси 59 ёшда бўлса, энг ёши кичиги эса  21 ёшда. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди.

Ҳозирга қадар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 21 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 47 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати қайд этишича, 21 апрель куни Ўзбекистонда 96 нафар бемор соғайганди, 22 апрель куни эса 93 нафар бемор тузалди.

Айни пайтга қадар мамлакатда коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 450 нафарни ташкил этмоқда.

Мавзуга оид