Ўзбекистон | 12:45 / 23.04.2020
88192
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда об-ҳавонинг кескин ўзгаргани Ўзбекистон ҳудудига таъсир қиладими? Синоптиклар изоҳ берди

Қозоғистондан ўтаётган оқим жуда кучсиз кўринишда Ўзбекистоннинг фақат шимоли-ғарбий ҳудудларига таъсир қилади 

Фото: KUN.UZ

Яқин икки кун ичида Қозоғистонда об-ҳавонинг кескин ўзгариши тўғрисида хабар тарқалди. Қозоғистон бизнинг энг яқин қўшнимиз, шунинг учун мамлакат аҳолисини Қозоғистондаги об-ҳаво жараёнлари бизнинг ҳудудга ҳам таъсир қиладими, деган савол қизиқтирмоқда.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, бугун ва эртага Қозоғистоннинг ғарбий ҳудудлари Россиянинг Европа туманларидан кирган жуда фаол атмосфера фронти таъсирида бўлади.

Совуқ фронт ўтиши натижасида Қозоғистон Гидрометеорология хизмати мутахассислари мамлакатнинг ғарбий туманларида ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчиликлар, кучли шамол (23-28 м/с гача) ва ҳароратнинг совиб кетишини прогноз қилмоқда.

Қозоғистондан ўтаётган оқим жуда кучсиз кўринишда Ўзбекистоннинг фақат шимоли-ғарбий ҳудудларига таъсир қилади. 23 апрелда Қорақалпоғистон ҳудудида, 24 апрелда эса Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида айрим жойларга ёмғир ёғади, шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метрга етади, ҳарорат кечаси 7-12, кундузи 17-22 даражагача пасаяди.

24 апрель кечга бориб Бухоро ва Навоий вилоятларида ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин, шамолнинг тезлиги кучайиб 15-20 м/с га етади, 25 апрелда эса Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида ёмғир ёғади. 25 апрелда кундузги ҳарорат 20-25 даражагача пасаяди.

Бироқ бу жараён Қозоғистон бўйича об-ҳавонинг кескин ўзгариши билан боғлиқ эмас, бу Туркманистон ҳудудидан кираётган нам ҳаво оқими натижасидир.

Синоптиклар яқин кунларда об-ҳавонинг кескин ўзгаришлари кутилмаётганини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид