Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
NASA: Эл-Нино кучаймоқда, 2026 йилда об-ҳаво рекордлари эҳтимоли ортди
NASA ва АҚШнинг Миллий океан ва атмосфера бошқармаси (NOAA) маълумотларига кўра, 2026 йил июн ойида қайта намоён бўлган Эл-Нино иқлим ҳодисаси кучайишда давом этмоқда. Мутахассислар бу ҳолат келаси ойларда дунё бўйлаб экстремал об-ҳаво ҳодисалари ва ҳарорат рекордлари эҳтимолини ошириши мумкинлигини таъкидламоқда.
Эл-Нино — Тинч океанининг экватор қисмида сув ҳароратининг меъёрдан юқори даражада кўтарилиши билан боғлиқ табиий иқлим цикли ҳисобланади. У атмосфера жараёнларига таъсир кўрсатиб, дунёнинг турли ҳудудларида ёғингарчилик ва ҳарорат режимини ўзгартиради.
NOAA 11 июн куни расман Эл-Нино бошланганини эълон қилди. Бунга сабаб сифатида Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмларида сув юзаси ҳарорати бир неча ой давомида ўртача кўрсаткичдан камида 0,5 даража Целсийга юқори бўлиб келаётгани кўрсатилди.
NASA олимлари эса ҳодисанинг яна бир муҳим белгисини — океан сатҳининг кўтарилишини кузатмоқда. Июн ойида Sentinel-6 Michael Freilich сунъий йўлдоши томонидан олинган маълумотлар Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмида сув сатҳи меъёрдан юқори эканини кўрсатган.
Мутахассислар таъкидлашича, сув исиши натижасида унинг ҳажми кенгаяди ва бу океан сатҳининг кўтарилишига олиб келади. Шу сабабли денгиз сатҳи баландлиги океанда тўпланган иссиқлик миқдорини баҳолашда муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
Таҳлиллар давомида олимлар мавсумий ўзгаришлар ва узоқ муддатли тенденциялар таъсирини маълумотлардан чиқариб ташлаган. Бу Эл-Нино билан боғлиқ ўзгаришларни янада аниқроқ кўриш имконини берган.
NASAʼнинг Реактив ҳаракат лабораторияси (JPL) маълумотларига кўра, 2026 йил баҳоридаёқ Эл-Нинонинг дастлабки белгилари кузатилган. Хусусан, юзлаб километр кенгликдаги иссиқ сув массалари — Келвин тўлқинлари Тинч океанининг ғарбий қисмидан шарққа ҳаракатлана бошлаган.
Бу жараён одатда пассат шамолларининг заифлашиши ёки йўналишини ўзгартириши билан юз беради. Натижада иссиқ сув Шимолий ва Жанубий Америка қирғоқлари томон йиғилиб, совуқ сувларнинг юқорига чиқишини чеклайди. Бу эса океан юзасидаги ҳароратнинг янада ошишига сабаб бўлади.
Олимларнинг таъкидлашича, океан сатҳи баландлиги бўйича кузатувлар нафақат сув юзасининг ҳароратини, балки океаннинг чуқур қатламларида тўпланган иссиқлик захирасини ҳам баҳолаш имконини беради. Айнан шу захира кейинчалик иқлим ва об-ҳавога кучли таъсир кўрсатиши мумкин.
JPL мутахассиси Северин Фурненинг сўзларига кўра, Тинч океанининг ғарбий қисмидаги ҳозирги шароитлар 1997 йилда кузатилган вазиятни эслатади. Ўша йил инсоният кузатувлари тарихидаги энг кучли Эл-Нино ҳодисаларидан бири қайд этилган эди.
Мутахассислар янги Келвин тўлқинлари шарққа қараб ҳаракатланишда давом этаётганини қайд этмоқда. Бу эса Эл-Нинонинг янада кучайиши мумкинлигидан далолат беради.
Айрим миллий метеорология хизматлари прогнозларига кўра, жорий йилдаги Эл-Нино сўнгги ўн йилликдаги энг кучли иқлим ҳодисасига айланиши мумкин. Агар бу сценарий тасдиқланса, дунё бўйлаб қурғоқчиликлар, кучли ёғингарчиликлар, иссиқлик тўлқинлари ва бошқа экстремал об-ҳаво ҳодисалари сони ортиши эҳтимоли юқори.