Тожикистондаги вазият. Коронавирус йўқ, муаммолар кўп
Тожикистон коронавирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилмаган саноқли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Вирус расман аниқланмаган бўлса-да, Тожикистон ҳам дунёда ҳукм сураётган иқтисодий инқироздан қийналмоқда.
Озиқ-овқат муаммоси
Тожикистон ҳудудининг 93 фоизини тоғлар ташкил қилади. Мамлакатда экин экиладиган майдон жуда кам. Ирригация иншоотлари бўлмагани учун унинг бир қисми боғдорчилик билан банд. Шу сабаб мамлакат ўз эҳтиёжи учун етарли даражада кундалик зарур қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштира олмайди. Озиқ-овқатнинг катта қисми бошқа мамлакатлардан импорт қилинади.
Тожикистоннинг экспорт-импорт кўрсаткичларида жуда катта фарқни кўриш мумкин. 2018 йилда мамлакатнинг умумий товар айланмаси 4,223 миллиард долларни ташкил этган. Ундан экспорт кўрсаткичи 1,074 миллиард доллар, импорт эса 3,150 миллиард доллар бўлган. 2019 йилда умумий товар айланмаси 4,523 миллиард доллар, шундан экспорт 1,174 миллиард, импорт 3,349 миллиард долларни ташкил этган. Кўриб турганингиздек, импорт ва экспорт орасидаги фарқ учга бир нисбатда ва бу яхши эмас. Мамлакат импортининг салмоқли қисмини озиқ-овқат маҳсулотлари, ғалла, ун ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этган.
Тожикистон Республикаси президенти ҳузуридаги статистика агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Тожикистон экспорти ўтган йилнинг шу даврига қараганда 16 фоизга камайган. Импорт эса 15,5 фоизга кўп бўлган.
Апрелда ёққан қор мевали дарахтлар ва қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий зарар етказди
9-10 апрель кунларида Шимолий Муз океанидан Россия орқали кириб келган совуқ ҳаво оқими Тожикистон учун кутилмаган нохуш ҳолатни келтириб чиқарди. Апрель ойи учун хос бўлмаган тарзда ёққан қор ва совуқ об-ҳаво Тожикистонда жиддий салбий асорат қолдирди. Мамлакатдаги мевали боғлардаги дарахтларнинг аксариятига совуқ таъсир қилган.
Тожикистон Марказий Осиё жанубида жойлашганига қарамасдан, мамлакатнинг аксар қисми баланд тоғлардан иборат бўлгани учун бу ерда ҳаво ҳарорати тўрт фаслда ҳам бироз салқинроқ бўлади. Шу сабабли 9-10 апрелдаги кутилмаган қор ва совуқ об-ҳаво мамлакатнинг барча ҳудудларига таъсир қилди.
Хатлон вилоятидаги бир қатор туманларда гуллаб турган ёки мева туккан дарахтларнинг барчасини совуқ урган.
«Фермерлар ерига анча маблағ сарфлаганди. Ҳаммаси пулига куйди, экинларни совуқ уриб кетди. Энди яна ерни янгитдан ағдариб, экинларни такроран экиш керак. Кредит олиб ишлатаётган фермерлар қайта экишга пулни қаердан излайди, билмадим», дейди Хатлон вилояти Восей туманидаги «Гулистон» маҳалласи раиси.
Туманнинг қишлоқ хўжалиги бўйича бош мутахассиси Искандар Раҳимовнинг сўзларига кўра, мевали дарахтларнинг аксариятини совуқ урган.
Турсунзода ва Шаҳринав туманларида одамлар ерга помидор, картошка экиб бўлганди, аммо уларни ҳам совуқ урди.
Хатлон вилояти раҳбари Қурбон Ҳакимзода ҳам совуқ вилоят қишлоқ хўжалиги экинларига ва мевали боғларга жиддий зарар етказганини айтган.
Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, 9-10 апрель кунлари ҳукм сурган совуқ ҳаво туфайли мамлакатдаги ҳар бир фермер ўртача 35-40 минг сомонидан маблағ йўқотади. Йўқотишлар, ерни экин экишга тайёрлаш, кўчат сотиб олиш, ёлланма ишчиларга ҳақ тўлаш каби ишларни совуқдан аввал ва кейин икки мартадан бажариш ҳисобидан, шунингдек, вақт кечикиб кетиши туфайли мўлжалдаги ҳосилни ололмаслик, мевали боғлардаги ҳосилдан айрилиш ҳисобидан бўлади.
Тожикистон президенти ҳукуматга икки йиллик озиқ-овқат сотиб олиш кўрсатмасини берди
Март ойида Тожикистон ҳукумати мамлакатда етарлича озиқ-овқат захираси борлиги ҳақида баёнотлар бераётган эди. ЕОИИ томонидан бирламчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига чеклов ўрнатилгач, бундай баёнот бериш тўхтади ва ҳукумат аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашда муаммолар юз бериши мумкинлиги ҳақида гапира бошлади.
Жумладан, мамлакат президенти Имомали Раҳмон 16 апрель куни республика ҳукуматининг фавқулодда йиғилишини ўтказган ва унда коронавирус пандемияси ва унинг Тожикистонга етказадиган салбий оқибатлари муҳокама қилинган.
Йиғилишда Имомали Раҳмон тарафидан мутасаддиларга мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олиш, молиявий инқирознинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини камайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, мамлакатда ҳар бир оила учун икки йиллик озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш, санитария-гигиена чораларини кўришни буюрган.
Президент матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, Имомали Раҳмон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига ҳамда вилоятлар раҳбарларига кундалик эҳтиёж учун зарур бўладиган экинлар, жумладан, картошка, донли экинлар ҳамда маккажўхори экишни кўпайтириш топшириғини берган. Аммо масаланинг бошқа томони бор: Тожикистонда экин етиштириладиган ер кам бўлгани учун хориждан импорт қилмасдан озиқ-овқат хавфсизлигига эришиб бўлмайди.
Шунинг учун йиғилишда Имомали Раҳмон ҳукуматга зарур озиқ-овқат товарларини Тожикистонга олиб кириш масаласини ечиш бўйича манфаатдор давлатлар раҳбарлари билан тезкор равишда самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифасини топширган.
Аммо бугун хориждан кундалик зарур озиқ-овқат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Тожикистонган олиб кириш осон бўлмайди. Сабаби, Тожикистоннинг асосий савдо ҳамкори бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари 1 апрелдан бошлаб буғдой, ун, жавдар, гуруч, гречка каби маҳсулотларни экспорт қилишга чеклов қўйди.
ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг бу чекловидан энг кўп Тожикистон жабр чекиши тахмин қилинмоқда. Бу иттифоқнинг иккита йирик аъзоси Россия ва Қозоғистон ушбу мамлакатнинг асосий савдо шериги ҳисобланади. Тожикистон нефть ва суюлтирган газ, буғдой, ун ва ун маҳсулотларининг асосий қисмини Россия ва Қозоғистондан харид қилган.
Озиқ-овқат нархи ошмоқда
Тожикистонда озиқ-овқат, айниқса ун нархи ўтган йил кузида Қозоғистонда буғдой ва ун нархи кўтарилганидан сўнг кескин ошган эди. Ўшанда Ўзбекистон ҳам буғдой ва ун нархини биржада эркин қўйиб юборган эди. Жорий йил бошида нарх яна ошди.
Март ойи бошида коронавирус ваҳимаси ортидан аҳолининг озиқ-овқат сотиб олиш учун ёппасига дўкон ва бозорларга ёпирилиши нархларнинг яна ошишига сабаб бўлган эди. Ўшандан кейин бугунгача бу Тожикистонда озиқ-овқат нархи ошиб келмоқда.
Валюта қадрсизланиши
Март ойидан бошлаб Россия ва Қозоғистонда рубль ҳамда тенгенинг долларга нисбатан қадрсизланиши Тожикистонга ҳам таъсир қилди ва миллий валюта - сомоний АҚШ долларига нисбатан кескин қадрсизлана бошлади. Мамлакат истеъмол бозорининг асосий қисмини импорт маҳсулотлари ташкил этгани боис доллар ошгандан сўнг турли маҳсулотлар, шу жумладан озиқ-овқатлар нархи ҳам сезиларли даражада ошган.
Тожикистонда сўнгги бир ой ичида миллий валюта қадри АҚШ долларига нисбатан 5,3 фоизга пастлади ва бу жараён ҳануз давом этмоқда.
Тожикистон миллий банки 17 апрель куни 1 долларни 10,24 сомоний қилиб белгилаган. Март ойи ўрталарида доллар курси 9,70 сомоний бўлган ва ой охиригача у 10,2 сомонийгача кўтарилган эди.
Шунингдек, март ойининг ўрталаридан бошлаб Россия рублининг ҳам нархи ошди, 1 рубль 0,128 сомонийдан 0.136 сомонийгача кўтарилди.
Тожикистонда бугун валюта тақчиллиги рўй бермоқда. Шу сабабли, мамлакат банкларида март ойин ўрталаридан бери бир қатор хорижий валюталар, шу жумладан доллар ва рубль сотилмаяпти. Ўшангача ҳам нақд хорижий валюталарни баъзи банклар чекланган миқдорда сотаётган эди.
Банклар бу ҳолатни валюта тақчиллиги билан изоҳлашади.
«Бизда ҳозир сотувда валюта йўқ. Фақат мижозлар олиб келиб сотган валюталарни сотувга чиқаряпмиз, холос. Аммо нархлар ошганидан сўнг бизга мижозлар сотиш учун валюта олиб келмай қўйди. Шу сабабли, бизда ҳам сотиш учун валюта йўқ», дейди банклардан бирининг ходими.
Тожикистон Миллий банки валюта тақчиллиги, унга бўлган ички талаб ошгани, ташқи савдо баланси пасайиши туфайли валюта тушуми кескин камайиши билан изоҳлайди.
Ҳозирги вақтда Тожикистон Миллий банки ички бозорда валюта курсини кескин ошиб кетмаслиги учун қандайдир чоралар қўллаётган бўлиши табиий, аммо валюталар курси ошиб кетмаслигини тўхтатиб қолиш осон бўлмайди. Мамлакатга кириб келадиган валютанинг асосий қисми Россияда ишлаб юрган меҳнат муҳожирлари томонидан юборилар эди. Россияда ҳозир карантин чоралари жорий қилинган ва аксарият меҳнат муҳожирлари ишсиз қолган. Шу туфайли, Тожикистонга жўнатилаётган валюта миқдори кескин камайди. Бундай шароитда Россияда карантин чоралари қанча узоқ давом этса, Тожикистонга унинг таъсири шунча кўп бўлаверади.
Донор давлатлар Тожикистонга инсонпарварлик ёрдамларини қарийб беш баравар камайтирди
Тожикистон анча йилдан бери халқаро донор давлатлардан мунтазам инсонпарварлик ёрдами олиб келади. Жорий йилда ана шу ёрдам миқдори ҳам кескин камайган.
Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида донор давлатлар Тожикистонга инсонпарварлик ёрдами миқдорини қарийб беш баравар камайтирди.
Тожикистон президенти ҳузуридаги статистика агентлиги берган маълумотга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида халқаро донор давлатлар Тожикистонга 4 миллион 85 минг доллар миқдорида инсонпарварлик ёрдами кўрсатган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,5 баравар кам. Ўтган йилнинг январь-март ойларида донор мамлакатлар Тожикистонга 18,5 миллион доллардан ортиқ ёрдам кўрсатган эди.
Ўтган йил энг катта инсонпарварлик ёрдами кўрсатган давлатлар:
Хитой (34,3 фоиз);
Россия (21,1 фоиз);
Ҳиндистон (8,7 фоиз)
Қозоғистон (5,7 фоиз);
АҚШ (5 фоиз);
Германия (4,5 фоиз).
Жорий йил январь-март ойларида Тожикистонга энг катта ёрдам кўрсатган асосий донорлар:
Россия (15,6 фоиз);
Швейцария (14,5 фоиз);
Япония (4 фоиз);
Хитой (3,7 фоиз).
Президент ҳузуридаги статистика агентлиги бу йил донор мамлакатлар томонидан инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш нега кескин камайганига изоҳ бермаган.
Коронавирус аниқланмади, аммо бу Тожикистонни инқироздан сақлаб қола олмайди
Тожикистон бугун дунёдаги расман коронавирус аниқланмаган саноқли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакатга хориждан келганлар карантинга олинган. Аммо ҳозирча улар орасида хавфли вирус аниқланганлар йўқ.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига қарамасдан, ҳукумат мамлакатда карантин чеклов чоралари жорий этмаяпти, барча муассасалар одатий режимда ишлашда давом этмоқда, олий таълим муассасалари ва мактаблар ҳам очиқ. Футбол бўйича мамлакат чемпионати давом этмоқда. Ҳатто бу йил баҳорги армияга чақирув ҳам бекор қилинмади.
Сиёсатшунос ва тадқиқотчи Павриз Муллажановнинг ҳисоблашича, Россиядан пул ўтказмалари қисқаргач, Тожикистон ҳукумати кичик ва ўрта бизнесга таяна бошлади. Ҳукумат айнан шундай корхоналардан солиқ тушумлари тўхтамаслиги учун карантин эълон қилишни ортга сурмоқда.
Экспертлар Тожикистон ўз чегараларини маҳкам ёпиб, коронавирусни ўз ҳудудига киритмаган бўлса ҳам, мамлакат глобал инқироздан четда қололмайди, деб ҳисоблашмоқда.
Тожикистон пандемияга қадар ҳам МДҲ ҳудудидаги иқтисодий жиҳатдан қуйи ўриндаги давлат эди. Жаҳон банки таҳлилларига кўра, мамлакат иқтисодиёти жаҳонда юз бераётган иқтисодий инқирозлар туфайли ташқи таъсирлар қаршисида ожиз қолади.
Бугун кўплаб таҳлилчилар Тожикистонда эпидемия тарқаладиган бўлса, мамлакат соғлиқни сақлаш тизими уни бартараф этишга ожиз деб ҳисобламоқда. Шунингдек, мамлакатда коронавирус аниқланадиган бўлса, унинг ортидан аҳоли ўртасида ваҳима келиб чиқиб, озиқ-овқат тақчиллиги юз бериши эҳтимоли катта. Балки, шу учун ҳам ҳозирча Тожикистонда коронавирус билан касалланиш ҳолати чиқмаётгандир. Ҳар ҳолда расман шундай...
Мавзуга оид
16:34
Болалар омбудсмани ёш болалар хивчин билан савалангани акс этган видеога муносабат билдирди
12:26 / 15.11.2024
Роғун ГЭСдаги авария оқибатида 3 киши ҳалок бўлди
19:32 / 31.10.2024
Тожикистон президенти ижтимоий тармоқлардаги «лайк» учун одамларни таъқиб қилмасликни талаб этди
14:16 / 31.10.2024