Доллар курси нега ошиб кетмоқда?
Долларнинг расмий курси юқорилашда давом этмоқда. Иқтисод фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда бу ҳолат сабаби ва унинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири қандай бўлиши мумкинлиги борасида ўз фикрларини билдирди.
— Тўғри таъкидлаб ўтдингиз, лекин аслида бу ҳолат доллар курси қадрли бўлмоқда, ўсмоқда, деган маънони билдирмайди. Чунки, доллар жаҳон иқтисодиётида резерв валюталардан бири (асосийси) саналади. Қайси маънодаки, яъни, бутун дунё ЯИМнинг қарийб 20 фоизи фақатгина АҚШга тўғри келади. Шунингдек, бутун дунё истеъмолининг 40 фоизи АҚШ ҳиссасига тўғри келади.
Халқаро молия институтларининг деярли барчаси АҚШ ҳудудида жойлашган, қолаверса, сўнгги жаҳон валюта тизими, яъни валюта муносабатларини тартибга солиш бўйича конференция Ямайканинг Кингстон шаҳрида 1976-78 йилларда бўлиб ўтган. Бу тизимда ҳам қатор номувофиқликлар мавжуд. Лекин, сўнгги жаҳон валюта тизимини структурасини, архитектурасини сақлаб қолишга ҳаракат қилинмоқда. Энг ривожланган давлатлар (G-7) ичида ҳам экспорт-импорт операциялари ҳажми бўйича ҳам, қўлланиладиган валюта бўйича ҳам АҚШ доллари, умуман, дунё ташқи савдосида, яъни экспорт-импорт операцияларида ҳам АҚШ доллари етакчилик қилади.
— Бу ҳолатнинг миллий иқтисодиётимизга таъсири нималарда сезилади?
— Миллий валюта курсининг тушиши масаласига келадиган бўлсак, ҳозирги кунда нафақат бизда, шунингдек, балки бизнинг асосий ташқи савдо ҳамкорларимизда девальвация жараёнлари кузатилмоқда. Албатта, бу ҳолат бизга ҳам ўз таъсирини ўтказади. Масалан, Хитойда коронавирусни кенг тарқалиши оқибатида юзага келган пандемия туфайли Хитой иқтисодиётида ҳаракатсизлик кузатилди, яъни иқтисодий жараёнлар пасайиш тенденциясига эга бўлди. Бунинг натижасида, Хитойнинг ёқилғига бўлган талаби кескин камайиши оқибатида нефть-газ маҳсулотларини импортини сезиларли даражада қисқартиришига сабаб бўлди. Бунинг натижасида, занжирли реакция оқибатида нефть-газ хомашёларининг нархи тушди, хусусан, нефтнинг нархи кескин пасайди, газ импортининг ҳажми тушди, оқибатда унинг ҳам нархи пасайиши кузатилди. Ўзбекистоннинг ташқи савдосига газ экспортининг пасайганлиги, ташқи савдода экспортнинг сезиларсиз бўлса-да, пасайишига сабаб бўлди. Шунингдек, тўлов балансини халқаро трансферлар моддасида кескин камайиши кузатилди, сабаби, хорижда ишлаётган мигрантларимиз томонидан жўнатилаётган халқаро пул ўтказмаларининг сезиларли даражада пасайиши кузатилди. Тижорат банкларининг валюта позицияларида қисқа муддатли ликвидлилик муаммолари кузатилиши рўй берди. Лекин, энг яхши томони миллий валюта - “сўм” курсини ушлаш учун сунъий ҳаракат қилинмаяпти, бозор қонунларига мувофиқ девальвация кузатилмоқда. Бутун дунёда валюта курсини барқарорлигини таъминлаш учун Марказий банклар томонидан валюта интервенцияси ўтказилади.
Валюта интервенциясидан кўзланган асосий мақсад бўлиб, валюта курсининг қисқа вақт оралиғида кутилмаганда юзага келадиган кескин тебранишларига барҳам бериш ҳисобланади. Яъни, бунда Марказий банк томонидан валюта бозорига миллий валютани хорижий валютага сотиб олиш ёки аксинча сотиш орқали таъсир қилиши инструменти сифатида кўриш мумкин. Мамлакатимизда талаб ва таклиф асосида реал курс белгиланиши, сунъий таъсир билан олтин-валюта захиралари ҳисобига курсни ушлаб қолинмаганлиги маълум даражада девальвацияни, натижада инфляцияни юзага келишига сабаб бўлади.
Девальвация (лотинча сўздан олинган бўлиб, de-valeo- қадри тушиш маъносини англатади)га берилган таърифлар ичида норасмий ва машҳури бу – девальвацияга антибиотик сифатида қаралишидир. Чунки, девальвация – бу расман миллий валюта курсини чет эл валютасига нисбатан тушишидир.
Девальвацияни қўллашга қуйидаги икки омилни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин:
1. Экспортни рағбатлантиришнинг зарурлиги;
2. Миллий валютанинг расмий курси билан унинг реал харид қуввати ўртасидаги сезиларли фарқни йўқотиш орқали импортни чеклашга хизмат қилиши.
Агар олтин-валюта захиралари ҳисобига курснинг барқарорлиги сақланадиган бўлса, автоматик равишда миллий валюта қадрининг ошишига, натижада чет элдан импортни жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши оқибатида ташқи савдода импорт ҳажмининг кескин ошишига олиб келади.
Шу билан бирга, девальвацияни доимий равишда қўллаш иқтисодиётга самара беради, деб ҳисоблаш нотўғри. Яъни, жаҳон иқтисодиётда амалга оширилган ревальвация (лотинча сўздан олинган бўлиб, re-valeo- қадри ошиш маъносини англатади) ва девальвацияни таҳлил қилсак, асосий ўринни девальвация эгаллаган. Жаҳон иқтисодиётида ревальвация девальвацияга нисбатан жуда ҳам кам қўлланилган.
Бизнинг асосий ташқи савдо ҳамкорларимиз Хитой, Россия Федерациясида девальвация кузатилмоқда, демак, бу ҳолат бевосита бизнинг ташқи савдомизга, яъни экспорт-импорт операцияларимизга салбий таъсир этганини кўришимиз мумкин. Бу барча салбий жараёнлар бизнинг миллий иқтисодиётимизга боғлиқ эмас.
Тўлов баланси бу шундай ҳужжатки, унда мамлакатнинг хорижий давлатлар билан бўладиган алоқалари натижасида юзага келадиган валюта тушумлари ва тўловларининг ҳақиқатдаги суммаси акс эттирилади. Тўлов баланси ҳолати мамлакат ички иқтисодий сиёсати учун муҳим сигнал вазифасини ўташи мумкин. Чунончи, истеъмол товарлари импорти миқдори жуда ҳам юқори бўлса, ички сиёсат импортни чеклаш ёки импорт ўрнини босувчи саноатни ривожлантиришга қаратилиши мумкин.
Тўлов баланси барқарорлиги бевосита миллий валюта барқарорлигига таъсир кўрсатади. Тўлов балансида пандемия сабаб юзага келган иқтисодий ҳаракатсизлик натижасида экспортни камайганлигини кузатишимиз мумкин. Шунингдек, халқаро пул ўтказмалари оқимининг камайиши кузатилмоқда. Демак, бу тўлиқ бизга боғлиқ эмас, биз қанчалик оқилона ва самарали иқтисодий сиёсат юритишимиздан қатъий назар бизнинг асосий савдо ҳамкорларимизда ҳам барқарорлик кузатилиши муҳимдир.
— Демак, ҳолат нормаллашишида пандемиянинг якунига кўп нарса боғлиқ?
Биласизми, фақатгина пандемиянинг ўзига ҳам боғлиқ эмас. Пандемия бартараф этилгандан сўнг, олдинги циклга чиқиб олиш учун маълум муддат керак. Чунки, бу қатор иқтисодий жараёнлардан иборатдир. Масалан, май ойини ўртаси, ёки охирида пандемия бартараф этилди ҳам дейлик, бу дегани июнь ойидан бошлаб тезлик билан барқарорликка эришилади дегани эмас, чунки, ... албатта маълум фоизларда. Демакки, биз қисқа муддатли оралиқда, 3 ой бўладими, 6 ой бўладими ташқи савдода барқарорликка эришадиган бўлсак, буни ижобий ҳолат сифатида баҳолашимиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:33 / 29.10.2024
Олтинга қизиқишнинг ошаётгани доллар доминантлигига соя солади — FT
19:36 / 24.10.2024
Қозондаги саммитда БРИКСнинг рамзий купюраси кўрсатилди. У рамзийлигича қоладими?
11:30 / 17.10.2024
Тошкентда 3 минг доллар эвазига банкдан 100 минг доллар олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди
20:35 / 14.10.2024