Ўзбекистон | 08:50 / 24.04.2020
7105
2 дақиқада ўқилади

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида кавлаб олишни амалга ошириш фаолиятига ўзгартириш киритилади

“Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38-1-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 23 сентябрда қабул қилинган “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги 2018-XII-сонли Қонуннинг 38-1-моддаси иккинчи қисмидаги “1” рақами “5” рақами билан алмаштирилади.

Яъни, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида кавлаб олишни амалга оширишда бундай фаолият учун ер қаъри участкалари, шу жумладан ўлчамлари 5 гектардан ортиқ бўлмаган сочма олтин конлари ер ости кон қазишмалари йўлакларисиз ва портловчи моддалардан фойдаланмаган ҳолда хавфсиз (йўл қўйиладиган) чуқурликкача берилади.

Тадбиркорлик таваккалчилиги асосида қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида кавлаб олишни амалга ошириш мақсадида ер қаъри участкалари юридик ва жисмоний шахсларга берилади.

Ер қаъридан фойдаланувчилар ишларни олиб бораётганда қимматбаҳо металларни ажратиб олишнинг рудани фақат майдалашни ва гравитация усулини қўллаш ҳуқуқига эга.

Кимёвий реагентлар қўлланилган ҳолда қимматбаҳо металларни ажратиб олиш технологиясидан фойдаланиш тақиқланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид