Иқтисодиёт | 07:37
3689
4 дақиқада ўқилади

Қизил металл учун кураш: мис бозорида кучлар нисбати

Мис — жаҳон иқтисодиётидаги энг муҳим саноат металларидан бири. У энергетика тармоқлари, электромобиллар ва қайта тикланувчи энергетика инфратузилмаси учун ўта муҳим ресурс ҳисобланади.

Фото: Kham / Reuters

Янги инфографикада 2000–2024 йиллар даврида миснинг йиллик қазиб олиниш ҳажми бўйича мамлакатлар рейтинги берилган, шунингдек Хитой, Перу ва Конго Демократик Республикаси (КДР) каби ишлаб чиқарувчиларнинг позицияларидаги муҳим ўзгаришлар кўрсатилган. Визуализация учун маълумотлар АҚШ Геологик хизмати (U.S. Geological Survey) томонидан тақдим этилган.

2000-йиллар бошидан бери Чили, АҚШ ва Канада каби мис ишлаб чиқариши “пишиб етилган” мамлакатларда қазиб олиш умумий ҳисобда платога чиққан — яъни ўсиш деярли тўхтаб, фақат чекланган даражада кузатилган.

Шу билан бирга, жаҳон миқёсидаги мис таклифининг қарийб барча соф ўсиши Хитой мулк ҳуқуқларига, молиявий иштирокка ёки сезиларли бозор таъсирига эга бўлган ҳудудлар ҳиссасига тўғри келди. Эскидан ўзлаштирилган кончилик минтақаларида тўғридан тўғри рақобат қилиш ўрнига, Хитой янги хомашё манбалари шаклланаётган “периферия” бозорларига пул тикди.

Хитойнинг ўзида мис қазиб олиши 2000 йилда тахминан 510 минг тоннадан 2024 йилга келиб 1,8 млн тонна атрофигача ўсди. Бу йигирма йил ичида уч баравардан кўпроқ ўсиш бўлиб, миллий кончилик ва эритиш инфратузилмасига йирик инвестициялар киритилганини акс эттиради.

Шунга қарамай, агар фақат мамлакат ҳудудидаги қазиб олиш ҳажмига қаралса, Хитой ҳали ҳам Чили ва Перу каби энг йирик ишлаб чиқарувчилардан орқада қолади. Бироқ Хитойнинг ролига фақат ички ишлаб чиқариш орқали баҳо бериш унинг жаҳон мис бозоридаги ҳақиқий таъсирини камайтириб кўрсатади.

Фото: Visual Capitalist

2000 йилдан бери жаҳон мис таклифидаги энг кескин ўзгаришлар Конго Демократик Республикаси (КДР)да рўй берди. Бу даврда мамлакатда мис қазиб олиш деярли нолга яқин кўрсаткичлардан 2024 йилга келиб тахминан 3,3 млн тоннагача ошди ва Конгони дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчилар қаторига олиб чиқди. Бу ўсишнинг салмоқли қисми Хитой давлати томонидан қўллаб-қувватланадиган компаниялар ҳиссасига тўғри келади — конларга эгалик, узоқ муддатли концессиялар ва “инфратузилма эвазига ресурслар” каби келишувлар орқали. Расман қазиб олиш Конго миллий ишлаб чиқариши сифатида ҳисобланса-да, ҳажмнинг сезиларли қисми амалда Хитой компаниялари назоратида бўлиб, бу уни жаҳон бозоридаги “Хитойга йўналтирилган” таклифнинг бир қисмига айлантиради.

Перу ҳам мис ишлаб чиқаришини сезиларли оширди: 2000 йилда тахминан 530 минг тоннадан 2024 йилда 2,6 млн тоннагача. Бу Перунинг дунёдаги етакчи ишлаб чиқарувчилар мақомини мустаҳкамлади.

Хитой Конгода бўлганидек Перу кончилик секторини тўлиқ даражада назорат қилмайди, аммо у Перу мисининг энг йирик харидори бўлиб қолмоқда ва бир қатор муҳим қазиб олиш лойиҳаларида улушларга эга. Шу сабаб Пекин Перудан мис экспорти оқимларининг йўналиши ва умуман жаҳон таъминот занжирига таъсир қиладиган асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Россия эса мис қазиб олиш бўйича дунёда еттинчи ўринда: сўнгги қарийб чорак асрда унинг мис ишлаб чиқариши 520 минг тоннадан 930 минг тоннагача ошган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид