Ўзбекистон | 21:45 / 24.04.2020
9435
4 дақиқада ўқилади

«Хайрия пуллар солиққа тортилмайди». Дилшод Султонов билан суҳбат

Kun.uz пандемия ва инқироз масалаларига оид бўлган суҳбатларни мунтазам ўтказиб келмоқда. Дастуримизнинг навбатдаги меҳмони Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов билан хайрияга бел боғлаган тадбиркорларга яратиб берилган имкониятлар ҳақида маълумот берди.

Молия вазири ўринбосариннинг айтишича, «Саховат ва кўмак»  умумхалқ ҳаракатини ташкил этишдан мақсад, тадбиркорларга максимал даражада кўмак бериш орқали, уларнинг ёрдамини халққа етказишдир. 

Шунга мувофиқ, давлат раҳбарининг иккита фармони (ПФ-5969 ва ПФ-5978) билан тадбиркорларни узлуксиз ишлашлари ва келгуси фаолиятларида салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида, манзилли чоралар кўрилди:

1. Фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга 541 млрд. сўмлик жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий суммаси ва ижтимоий солиқ суммалари ҳисобланиши тўхтатилди.

2. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ, туризм ҳамда меҳмонхона хизмати фаолияти билан банд 1764 та хўжалик субъектларига ер ва мол- мулк солиқларидан озод этилиши ва ижтимоий солиқ суммаларини 12 фоиздан 1 фоизга туширилгани ҳисобига уларнинг ихтиёрида 136 млрд.сўмлик маблағлар қолди.

3. Фойдаланилмай турган бўш майдонларга эга 20267 та субъектларга 1,1 трлн.сўмлик юқори ставкаларда солиқлар ҳисобланиши, ундирилиши ва кечиктирилган кунлар учун пеня ҳисобланиши тўхтатилди.

4. Товар айланмаси ойига 1 млрд.сўмдан ошмайдиган ва ҚҚС тўловчиси бўлган, электрон ҳисобварақ-фактурасидан фойдаланадиган 25,2 мингта субъектларга 450 млрд. сўмлик солиқларини чоракда бир маротаба тўлаш имконияти берилди.

5. Ташқи савдо операциялари билан шуғулланган 2542 та субъектларга 717 млрд.сўмлик жарималар қўлланилмаслиги тўғрисида тадбиркорларга шахсий кабинети орқали электрон хабарлар юборилди. 

Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов

«Умумхалқ ҳаракатига кўпчилик қўшилиш истагини билдирди. Агар ҳаракатга қўшилсам, қандай солиқ мажбурияти пайдо бўлади, деган савол юзага келади. Мисол учун, мен тадбиркор бўлиб, 20та оилага ёрдам қилишни режалаштирдим. Озиқ-овқатини етказиб бериб ё моддий ёрдам кўрсатмоқчиман. Мен учун тадбиркорлик фаолиятига боғлиқ бўлмаган иш қўшилган қиймат солиғига тортилади. Мен уни бозордан сотиб олиб, бераётганимда ҚҚС пайдо бўлади. Ҳозирги таклиф: хайрия ишларига йўналтирилган маблағ ҚҚСга тортилмасин», - дея маълумот берди. 

Султоновнинг айтишича, хайрия ишларини ташкил этишнинг иккинчи ҳуқуқий-молиявий масаласи - олувчининг даромаддан солиқ тўлаши. Гарчи товар ё пул кўринишида ёрдам олаётган бўлса-да, бу даромад ҳисобланади. Шу туфайли, муҳтож оилаларнинг хайрияларни қабул қилиши даромад солиғига тортилмаслиги лозим. 

«Учинчи масала - фойда томонидан гапирсак, чегирилмайдиган харажатлар. Хайрияга сарфланган пулларни фойда ҳисобидан чегириб ташлаш керак, негаки улар фойда солиғи ичида акс этади», - дея қайд этди вазир ўринбосари Дилшод Султонов.

Молия вазирлиги раҳбариятининг таъкидлашича, ушбу таклифлар тез орада ишлаб чиқилади ва давлат раҳбарига тақдим этилади. 

Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни ўтказилган видеоселекторда давлат раҳбари томонидан «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилиб, унинг доирасида тадбиркорлар имкониятидан келиб чиқиб ўз ҳудудларидаги ёрдамга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган эди. Давлат томонидан эса бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилиши ҳам маълум қилинганди.

Суҳбатнинг тўлиғини Youtube орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Мавзуга оид