Берлинда карантин чораларига қарши намойиш бўлиб ўтди
Берлинда бир неча юз киши ҳукуматнинг коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган чеклов чораларига қарши намойиш ўтказди.
Намойишчиларнинг асосий талаби " конституцион ҳуқуқларни тиклаш" бўлди. Улар чеклов чораларини ўзларининг фуқаролик ва иқтисодий ҳуқуқлари бузилиши деб ҳисобламоқда.
Полиция уларга ҳукумат қабул қилган амалдаги қоидаларга кўра иккидан ортиқ одамларнинг гуруҳ бўлиб тўпланиши тақиқланганини, бу шаҳар сенатининг фармойиши ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги федерал қонуннинг бузилиши эканлигини эслатди.
Орадан бир соат ўтгач, полициянинг илтимосига биноан намойишчилар тарқалиб кетди. Полиция уларни тарқатиш учун ҳеч қандай махсус воситалардан фойдаланмагани, аммо фаол намойишчиларни қўлга олгани айтилмоқда.
Охирги маълумотларга кўра, Германияда коронавирусга чалинганлар сони 155 мингдан ошган, 5800дан ортиқ киши вафот этган.