Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Берлин аэропорти 18 март куни иш ташлаш сабабли барча рейсларни бекор қилади
18 март куни Берлин-Бранденбург аэропорти ходимлари иш ташлайди. Шу сабабли 445 та рейс бекор қилинди. Бу тахминан 57 минг йўловчига таъсир қилади.
Берлин-Бранденбург халқаро аэропорти (BER) 18 март куни ўз ходимлари иш ташлаши муносабати билан мунтазам йўловчи рейсларини амалга оширмайди. Бу ҳақда аэропорт 16 март, душанба куни маълум қилди. Шу куни рейси режалаштирилган йўловчиларга «чипталарни қайта расмийлаштириш ва сафарнинг муқобил вариантлари ҳақида маълумот олиш учун ўз авиакомпанияси ёки туроператори билан боғланиш» тавсия этилди.
18 март кунига келиб-кетиш бўйича тахминан 445 та рейс режалаштирилган эди, уларнинг бекор қилиниши тахминан 57 минг йўловчига таъсир кўрсатади.
Бундан аввал, душанба куни Германиянинг жамоат хизмати соҳаси ходимлари касаба уюшмаси Ver.di аэропортнинг тахминан 2000 нафар ходимини бир кунлик иш ташлашга чақирган эди. Касаба уюшмаси уларнинг маошини 6 фоизга ва ойига камида 250 евро миқдорида оширишни талаб қилмоқда, аммо аэропорт раҳбарияти бу талабга рози эмас.
Касаба уюшмасининг билдиришича, ўтган ҳафта бўлиб ўтган музокараларнинг иккинчи босқичида иш берувчилар 2028 йил охиригача амал қиладиган келишув доирасида маошни бир неча босқичда оширишни таклиф қилган. Ver.di музокарачиси Холгер Рёсслернинг айтишича, жами ҳисобда бу йиллик маош ўсишига атиги тахминан 1 фоиз қўшади, бу эса нарх-навонинг ўсишини ҳисобга олганда ходимларнинг реал даромадлари сезиларли пасайишини англатади.
«Бу жиддий таклиф эмас, балки музокаралар столи ортидаги провокациядир», — деди у.
Берлин аэропорти оператори бўлган компания бош директори Алетта фон Массенбах иш ташлашни «номутаносиб чора» деб атади, айниқса «Эрондаги уруш туфайли вазият жуда таранг бўлиб турган бир пайтда».
Тариф бўйича музокараларнинг навбатдаги босқичи 25 март кунига белгиланган. Фон Массенбах «келишувга эришилишига» ишонч билдирди.