Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Qalampir.uz сайтига берган онлайн интервьюсида коронавирус пандемиясининг ОАВ соҳасига таъсири ва бошқа қатор мавзулардаги саволларга жавоб берди.
Комил Алламжоновнинг фикрича, Covid-19 пандемияси босма нашрларнинг тобора йўқола боришини тезлаштиради.
«Бизнинг прогнозларимиз бўйича, коронавирус пандемияси оқибатида келиб чиқадиган эҳтимолий иқтисодий инқирознинг матбуот соҳасига ҳам таъсири катта бўлади. Фикримча, матбуот ҳам оғир жараёнлар ва даврга кириб келмоқда. Хусусан, босма нашрларга келадиган бўлсак, уларнинг келажагини кўрмаяпман. Аслида, бу инқирозлар бошланмаганида ҳам, газеталар – аллақачон ўтмиш маҳсулоти.
Бир вақтлар CD-дискларни ишлаб чиқариш билан қизиқиб кўрган эдим. Шунда бир танишим «бунақа заводларни очишдан маъно йўқ, чунки информация ташиш учун одамлар флэшкалардан фойдалана бошлашмоқда, вақти келиб CD-дисклар йўқолади», деган эди.
Худди шу тарзда, интернет пайдо бўлиб, унинг қамрови кенгая борганидан сўнг, босма оммавий ахборот воситаларига бўлган талаб кундан кунга камайиб бормоқда.
Албатта, бу гаплар нашрларда фаолият юритаётган ҳамкасбларимизга оғир ботиши ёки уларнинг дилини оғритиб қўйиши мумкин, бунинг учун узр сўрайман. Лекин ҳозир ҳақиқатни тўғри прогноз қилиб, тўғри мослаша олиш жуда ҳам муҳим. Ҳозир мен дард эртага қандай оқибатларга олиб келишини кўра-била туриб, уни бекитадиган шифокорга ўхшагим келмаяпти. Газетанинг умри қисқа. Мумтоз журналистикамиз вакиллари мени айблашса ҳам, ҳақиқатдан юз ўгира олмаймиз.
Масалан, мен деярли газета ўқимайман, охирги марта қачон ўқиганимни ҳам эслай олмайман. Ҳаттоки телевизор ҳам кўрмайдиган бўлиб кетдим. Ҳамма информацияларни гаджетларим орқали оламан.
Хориждаги қоғозга чоп этиш ускуналари ишлаб чиқарадиган машҳур корхоналар ҳам газета босувчи станокларни секин-секин ишлаб чиқаришдан олиш ҳаракатини бошланган. Германияда Heidelberg компаниясида бўлдик, уларнинг тахминига кўра ҳам газета яқин келажакда йўқликка юз тутади. Бунда таҳририят йўқ бўлиб кетиши назарда тутилмаяпти, газетанинг қоғоз кўриниши бўлмайди.
Хўп, газета таҳририятлари оғир аҳволда. Уларга қандай ёрдам бериш мумкин, деган саволлар тушади. Қандай ёрдам бериш мумкин?! Фуқароларимизда текинга интернетдан ёки киоскка чиқиб газета харид қилиб информация олиш имкони бор эди. Пандемия бутун дунёда онлайн матбуот, рақамлаштиришни янги босқичга кўтарди.
















