17 апрель куни хитойлик консультантлар ва тиббиёт ходимларидан иборат 15 кишилик гуруҳ Ўзбекистонга келган эди. Гуруҳ таркибидаги 9 нафар мутахассис 20-21 апрель кунлари Фарғона вилоятида бўлди.
Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ушбу ташриф тафсилотларини маълум қилди.
Қайд этилишича, меҳмонларни Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров ва бошқа мутасадди раҳбарлар тантанали тарзда кутиб олишган.
Дастлаб вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси конференция залида хитойлик мутахассислар билан мулоқот ўтказилди. Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров меҳмонларга коронавирус пендемияси билан боғлиқ Фарғона вилоятидаги мавжуд вазият, карантин ва даволаш-профилактика чоралари ҳақида тўлиқ маълумот берди.
Шундан сўнг Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонаси шифокорлари ва хитойлик мутахассислар ўртасида онлайн видеосуҳбат ўтказилди.

Мулоқот жараёнида фарғоналик шифокорлар COVID-19 аниқланган беморларни даволаш масаласида хитойлик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашди. Хитойлик мутахассислар эса ўз тажрибаларидан келиб чиқиб зарур тавсияларни беришди.
Масалан, Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори С.Боййигитов қуйидагича савол билан мурожаат қилди:
«1988 йилда туғилган аёл 20 март куни COVID-19 аниқланиб шифохонамизга ётқизилган. Унга вирус ва инфекцияга қарши барча зарур даво муолажалари стандарт асосида олиб борилмоқда. Бемор ўзини яхши ҳис қилади, унда касалликнинг клиник белгилари ва бошқа асоратлари сезилгани йўқ. Аммо орадан бир ой вақт ўтса-да, бемордан олинган қон таҳлиллари натижаси мусбат чиқмоқда.
Хитойда ҳам шу каби ҳолат учраганми? Учраган бўлса қандай даво чоралари кўрилган?»
Бу саволга жавобан хитойлик мутахассисларнинг маълум қилишича, Уҳан тажрибасида ҳам бундай ҳолат учраган, баъзида вирус касалланган одам қонида 50 кунгача ҳам сақланиб туриши мумкин. Хорижлик мутахассислар бу бемор шифохонада яна бир неча кун ётиб даволаниши зарурлигини тавсия қилишди.

















