Ўзбекистон | 13:40 / 27.04.2020
73171
2 дақиқада ўқилади

«Ўзгидромет» ҳафталик об-ҳаво тўғрисида маълумот берди

Бугун Ўзбекистоннинг катта қисмида об-ҳаво иссиқ бўлади. Соат 10да ҳаво ҳарорати кечаги максимумдан юқори бўлди, кун ўртасига келиб эса ҳаво 34 даражагача, жанубда ва чўл зонасида 37 даражагача исийди. Бугун бу йилги шу вақтгача бўлган апрелнинг энг иссиқ куни бўлади.

 «Ўзгидромет»нинг ёзишича, энг иссиқ йилларда Тошкентда апрель ойи охирида ҳаво ҳарорати 34-35 даражагача кўтарилган, 2006 йил 27 апрелда эса 36,4 даражани ташкил қилиб апрель ҳароратининг мутлақ рекордига эришган.

Бугун фақат республиканинг шимолий туманларига навбатдаги нам ҳаво оқими киради ва кечга бориб Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида айрим жойларга ёмғир ёғади ва момақалдироқ бўлади. Ҳарорат бошқа жойларга қараганда пастроқ — 23-28 даража атрофида бўлади. Бугун кечаси ва эртага эрталаб республиканинг шимолий туманларида ёмғир давом этади, шунингдек Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам ёмғир ёғиши кутилмоқда.

Эртага кундузи ёғингарчилик зонаси республиканинг марказий ва жанубий ҳудудига кўчади. 28 апрелда кундузи ва 29 апрелда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида вақти — вақти билан ёмғир ёғади момақалдироқ бўлиши мумкин. 28 апрелда айрим жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Фарғона водийси вилоятларида 29 апрель кечга бориб ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Республика ҳудуди бўйлаб босим кўтарилади ҳарорат эса пасаяди ва 29 апрелда 20-25 даражани ташкил қилади.

30 апрелда ва 1 май куни бутун Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади, 2 майда эса икки кунлик танаффусдан сўнг мамлакатда яна ёмғир ёғиши мумкин. Бу кунларда ҳарорат 23-28 даража атрофида бўлади.

Мавзуга оид