Ўзбекистон | 12:07 / 28.04.2020
7160
11 дақиқада ўқилади

Олий суд пленумида судларнинг эпидемиологик вазиятларда фаолият юритиши муҳокама қилинди

Агар карантин даъво муддатининг охирги олти ойида жорий этилган ёки амал қилишни давом этиб турган бўлса, даъво муддатининг ўтиши тўхтатилади.

Фото: Олий суд

2020 йил 28 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. 

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, Олий суд раиси бошқарган йиғилишда Пленумнинг “Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши чоралар жорий этилиши шароитида қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси муҳокама қилинди. 

Унда айнан эпидемиологик вазиятларда судлар қандай фаолият юритиши ўз ифодасини топган. Қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши чоралар  жорий этилиши, суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан, шунингдек моддий ва процессуал қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида тайёрланди. 

Пленум қарори билан карантин амал қилиши даврида даъво муддати Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 156-моддаси (даъво муддати ўтишининг тўхтатилиши) биринчи қисмининг 1- ва 2-бандларига асосан тўхтатилиши тушунтирилмоқда.

Агар карантин даъво муддатининг охирги олти ойида жорий этилган ёки амал қилишни давом этиб турган бўлса, даъво муддатининг ўтиши тўхтатилади.

Даъво муддатининг тўхтатиб турилишига асос бўлган карантин барҳам топган кундан бошлаб даъво муддатининг ўтиши давом этади, бунда муддатнинг қолган қисми олти ойгача, даъво муддати олти ойдан кам бўлса, даъво муддатига қадар узайтирилади.

Фуқаролик кодекси 333-моддаси (мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик асослари)нинг учинчи қисмига асосан башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс мажбуриятни лозим даражада бажаришга енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) туфайли имкон бўлмаганлигини исботлай олмаса, жавобгар бўлади.

Шу муносабат билан судлар мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги ишларни кўришда (неустойка ундириш, зарарларни қоплаш, шартномани бекор қилиш ва бошқалар), мажбуриятларни бажармаслик сабабларини аниқлаши, агар мажбуриятни бажариш ёки лозим даражада бажариш карантин шартлари жорий этилиши туфайли мумкин бўлмаганлиги аниқланганда, талабни қаноатлантиришни рад этиши лозим.

Қонунга мувофиқ жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судлар иш юритувида иштирок этувчи шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган ёки суд томонидан тайинланган процессуал муддатлар ўтиши билан у ёки бу процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини йўқотади. 

Шу билан бирга, карантин шартлари даврида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш имкони бўлмаган ҳолда, судлар ҳар қандай процессуал муддатларни узрли сабабларга кўра ўтказилган муддат сифатида қонунда белгиланган тартибда тиклаш масаласини ҳал этиши зарур. 

Судларнинг алоҳида эътибори карантин шартларининг жорий этилиши, ушлаб туриш, қамоқда сақлаш, уй қамоғида бўлишнинг қонунда белгиланган муддатларини, шунингдек, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштиришни қўллаш муддатларининг ўтишини тўхтатмасликка қаратилмоқда.

Шу муносабат билан жиноят ишлари бўйича судлар процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, касаллиги ёхуд ногиронлиги туфайли жазодан озод қилиш, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш тўғрисидаги ишлар ва материалларни ўз вақтида кўриб чиқиш чораларини кўриши лозим.

Жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича иш юритишни тўхтатиш асослари тегишли процессуал қонунда назарда тутилганлиги ва тугал ҳисобланиши боис, судлар карантин шартлари жорий этилиши муносабати билан мазкур ишлар бўйича иш юритишни тўхтатишга ҳақли эмас ва уларни карантин шартларида белгиланган эҳтиёт чораларига риоя қилган ҳолда ўз вақтида кўриш чораларини кўриши, бундай чоралар ва процесс иштирокчиларининг иштирокини амалда таъминлашнинг имконияти бўлмаганда, ишни кўришни маълум муддатга қолдириш тўғрисида ажрим чиқариши лозим.

Бунда, карантин шартлари муносабати билан қолдирилган ишларни кўриш муддатларини бузиш ҳолатлари судьяларнинг айби билан йўл қўйилган деб баҳоланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 117-моддаси (суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш ҳуқуқи)нинг 2-бандида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда, яъни тарафнинг даволаш муассасасида бўлиши, шунингдек, уларнинг бирортасида тиббий муассаса маълумотномаси билан тасдиқланган судга келишга монелик қиладиган касаллик мавжуд бўлганда, иш бўйича иш юритиш суд томонидан тўхтатилиши мумкин. 

Судларнинг қамоқдан ва уй қамоғидан озод қилиш тўғрисидаги ҳукмлари, ажримлари, қарорлари дарҳол ижро қилиниши лозим.

Карантин шартлари жорий этилгунга қадар қонуний кучга кирган, бироқ ижрога қаратилмаган суд қарорлари, шунингдек, карантин даврида чиқарилган ва карантин шартлари жорий этилиши муносабати билан апелляция тартибида шикоят қилинмаган суд қарорлари карантин амал қилиши бекор қилингандан сўнг ижрога қаратилади.

Иқтисодий судларга Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг қоидаларини инобатга олган ҳолда:

карантин амал қилиш даврда чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт (импорт) қилувчиларга молиявий жарималар қўллаш тўғрисидаги аризалар, шунингдек солиқ органларининг солиқ қарздорликни ундириш (шу жумладан солиқ қарздорлигини ундиришни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш) тўғрисидаги даъво аризалари келиб тушганда бундай даъво аризаларни (аризаларни) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 154-моддаси (даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни рад этиш) биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда қабул қилиш рад этилиши, агар даъво аризалари (аризалар) иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш бўйича иш юритиш Иқтисодий процессуал кодекси 110-моддаси (иш юритишни тугатиш асослари)нинг 1-бандига мос ҳолда тугатилиши лозимлиги;

Фармон қабул қилингунга қадар қўзғатилган чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт (импорт) қилувчиларга молиявий жарималар қўллаш, шунингдек солиқ қарздорликни ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича иш юритиш 2020 йил 1 октябрга қадар тўхтатилиши тушунтирилмоқда.

Шунингдек иқтисодий судлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг қоидаларини инобатга олган ҳолда:

хўжалик юритувчи субъектлар ва божхона органлари ўртасидаги божхона имтиёзларини қўллаш масалалари бўйича низоларни кўришда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган товар Фармоннинг 1-иловасида кўрсатилган товарларга кириши ёки кирмаслиги, қурилиш материаллари коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тиббиёт ва карантин муассасалари қурилиши учун, товарлар эса улар фаолият кўрсатиши учун олиб кирилганлигини аниқлаши ва уни натижаси бўйича низо юзасидан тегишли қарор қабул қилиши лозим;

солиқ органларининг солиқ қарздорлигини мажбурий ундириш тўғрисидаги даъво аризаларини кўриб чиқишда жавобгар (солиқ тўловчи) Фармон 4-бандининг “а” кичик бандида кўрсатилган субъектларга кириши ёки кирмаслигини аниқлаши лозим, агар кирганда - солиқ тури ва солиқ ҳисобланган давр, солиқ органи томонидан қўлланилган солиқ ставкасини аниқлаши ва уни натижаси бўйича низо юзасидан тегишли қарор қабул қилиши лозим;

солиқ органларининг солиқ қарздорлигини мажбурий ундириш ҳақидаги даъво аризаларини кўришда солиқ органлари мазкур объект 2020 йил 1 апрелгача ёки ундан сўнг аниқланган бўлишидан қатъи назар 2020 йил 1 апрелдан 31 декабргача бўлган даврда фойдаланилмаётган объектларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллашга, 2020 йил 1 апрелга қадар оширилган ставкалар бўйича ҳисобланган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммасига нисбатан пеня ҳисоблашга ва мажбурий ундириш чораларини кўришга ҳақли эмаслигини назарда тутишлари лозим;     

солиқ органларининг якка тартибдаги тадбиркорлардан солиқ қарздорлигини мажбурий ундириш ҳақидаги даъво аризаларини кўриб чиқишда солиқ органи томонидан ҳисобланган жисмоний шахсларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ даврни аниқлаши лозим, бунда назарда тутиш лозимки, 2020 йил 24 мартдан бошлаб карантин амал қилиниши бекор бўлгунга қадар кўрсатилган солиқлар ҳисобланмайди, агар якка тартибдаги тадбиркор томонидан ўз фаолиятини тўхтатилганлиги ҳақида солиқ органини хабардор қилган бўлса. Бунда судлар шуни назарда тутиши лозимки, агар бундай хабарнома солиқ органига юборилмаган бўлса, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммаси ва ижтимоий солиқ ҳисобланиши тўхтатилмайди;   

қарздор - юридик шахсга нисбатан банкротлик иши қўзғатиш ҳақида ариза келиб тушганда мазкур аризаларни Иқтисодий процессуал кодекси 154-моддаси (даъво аризасини иш юритишга қабул қилишни рад этиш) биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда қабул қилиш рад этилиши, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш бўйича иш юритиш Иқтисодий процессуал кодекси 110-моддаси (иш юритишни тугатиш асослари) нинг 1-бандига мос ҳолда тугатилиши лозим. Ушбу қоида банкротликнинг соддалаштирилган тартибида иш қўзғатиш ҳақидаги аризаларга нисбатан татбиқ этилмайди;

давлат корхоналари - давлат мулкларини ижарага бериш марказларининг ижара тўловлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъво аризаларини кўришда қарздорлик юзага келган даврни аниқлаши лозим, бунда назарда тутиш лозимки, 2020 йил 24 мартдан бошлаб карантин амал қилиниши бекор бўлгунга қадар ижара тўловлари ҳисобланмайди, агар ижарачи – тадбиркорлик субъекти томонидан карантин тадбирлари амал қилган даврда ўз фаолиятини тўхтатилган бўлса.

Cудлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг қоидаларини инобатга олган ҳолда, агар 2020 йил 1 октябрга қадар бўлган давр мобайнида кредит қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ишларни кўришда қарздор томонидан кредит бўйича тўловлар карантиннинг амал қилиш даврида молиявий қийинчиликларга дуч келганлиги сабабли кечиктирилганлиги ва шу сабабли қарздор кечиктириш ҳуқуқига эга эканлиги аниқланганда, арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиши лозим. Бундай қарор қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари кўриш даъволар бўйича ҳам қабул қилинади, агар иш кўриш жараёнида амалга киритилган карантин режими қарздорнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатганлиги аниқланса.

Кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Мавзуга оид