Жаҳон | 16:02 / 29.04.2020
19819
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг экологик тоза шаҳарлари номи эълон қилинди

Рейтингда биринчи ўринни Вена эгаллади. Бу шаҳарда боғлар ва дам олиш ҳудудлари сони кўп, жамоат транспорти қулай. Аҳолининг ярми йиллик чиптага эга бўлиб, шахсий транспортдан воз кечган.

Фото: Pixabay / sjuzi_sue

Дунёнинг энг яшил ва экологик тоза шаҳарлари рейтинги эълон қилинди, деб хабар бермоқда Lonely Planet.

Хабарда айтилишича, тадқиқотчилар рейтинг тузишда дунёнинг йирик шаҳарларидаги яшил ҳудудлар, пиёдалар йўлаклари, ҳавонинг ифлосланиш даражаси, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш, жамоат транспортидан фойдаланувчилар, деҳқон бозорлари сони каби қатор кўрсаткичларни инобатга олган.

Рейтингда биринчи ўринни Вена эгаллади. Бу шаҳарда боғлар ва дам олиш ҳудудлари сони кўп, жамоат транспорти қулай. Аҳолининг ярми йиллик чиптага эга бўлиб, шахсий транспортдан воз кечган.

Иккинчи ўринга ҳам боғлари кўп Мюнхен жойлашди. Ривожланган жамоат транспорти тизими ҳавони ифлослантирувчи шахсий автомобиллар сонини қисқартириш имконини берган.

Рўйхатда учинчи ўринга Берлин лойиқ кўрилди. Шаҳарда пиёда сайр қилиш ҳудудлари кўп ва жамоат транспорти тизими яхши ривожланган.

Юқори бешликни Мадрид ва Сан-Паулу якунлаб берган. Испания пойтахтида кўплаб хиёбонлар, боғлар ва ботаника боғлари жойлашган. Бразилиядаги шаҳарда эса деҳқон бозорларининг саноғи йўқ. Шунингдек, ушбу шаҳар аҳолиси қайта тикланадиган энергия манбаларидан ҳаммадан кўп фойдаланади.

Ўнталикка шунингдек, Манчестер, Лиссабон, Сингапур, Амстердам ва Вашингтон киритилган.

Мавзуга оид