Иқтисодиёт | 11:39 / 30.04.2020
6349
2 дақиқада ўқилади

Республика бўйича ЯИМнинг шаклланишида Тошкент шаҳри энг катта ҳисса қўшди

2020 йилнинг январь-март ойларида республика бўйича ЯИМнинг шаклланишида Тошкент шаҳри 17,9 фоиз улуш билан энг катта ҳисса қўшди.

Фото: Flickr

 Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, Тошкент вилояти 10,5 фоиз ва Навоий вилояти 8,5 фоиз кўрсаткич билан кейинги ўринларни эгаллаб турибди. Республика ЯИМни шакллантиришда энг кам улуш Сирдарё (1,8 фоиз), Жиззах (2,4 фоиз), Хоразм вилоятларига (3,4 фоиз) тўғри келмоқда.

2020 йилнинг январь-март ойларида Наманган (8,6 фоиз), Сурхондарё (7,1 фоиз), Андижон (6,3 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (6,2 фоиз) юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. Республика даражасига (4,1 фоиз) нисбатан паст ўсиш суръатлари Қашқадарё (0,6 фоиз), Сирдарё (2,5 фоиз) ва Самарқанд (3,6 фоиз) вилоятларида кузатилди. 

2020 йилнинг январь-март ойларида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг ЯҲМ таркибидаги улуши бўйича энг юқори кўрсаткич Жиззах вилоятида (40,0 фоиз), саноатнинг энг юқори улуши Навоий вилоятида (75,6 фоиз), қурилишнинг энг юқори улуши Сурхондарё вилоятида (9,3 фоиз) ва хизматлар соҳасининг энг юқори улуши Тошкент шаҳрида (51,4 фоиз) кузатилди. 

Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги, қурилиш ва хизматлар соҳасининг ЯҲМ таркибидаги улуши бўйича энг кам кўрсаткич Навоий вилоятида (мос равишда, 8,7 фоиз, 3,3 фоиз ва 12,4 фоиз), саноатнинг энг кам улуши эса, Сурхондарё вилоятида (11,6 фоиз) қайд этилди. 

2020 йилнинг январь-март ойлари якунларига кўра, кичик бизнеснинг республика бўйича ЯИМдаги улуши 45,8 фоизни ташкил этди. Ҳудудларда кичик бизнеснинг энг катта улуши Жиззах (ҳудудда яратилган ялпи қўшилган қиймат умумий ҳажмининг 74,8 фоизини ташкил этган), Самарқанд (68,9 фоиз) ва Сурхондарё (67,4 фоиз) вилоятларида кузатилди. 

Кичик бизнеснинг энг кам улуши Навоий вилояти (20,9 фоиз), Тошкент вилояти (43,9 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида (43,9 фоиз) қайд этилди. 

Мавзуга оид