СамДЧТИ янги шароитларда: онлайн ўқитиш, янги ўқув йилига қабул ва масофавий таълим
Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёев 30 апрель куни жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Йиғилиш давомида жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, хорижий давлатлар тажрибаси ва бугунги вазиятдан келиб чиқиб, олий ўқув юртларида битирув имтиҳонларини онлайн шаклда ўтказиш, ўқув юкламаларни ва дастурларни қайта кўриб чиқиш, олий ўқув юртларида амалий кўникмаларни ривожлантиришга эътиборни кучайтириш, босқичма-босқич масофавий шаклда педагоглар малакасини ошириш, дарс машғулотларини масофадан кузатиш каби масалаларга алоҳида урғу берилди.
Албатта, ҳозирда давом этаётган масофавий таълим бериш жараёни катта тажриба мактаби бўлди. Биз таълим соҳасида яна бир асосий масофадан таълим бериш ва олиш поғонасини забт этдик.
Битириш қандай бўлади?
2019-2020 ўқув йилида Самарқанд давлат чет тиллар институтида бакалавр таълим йўналишлари бўйича 594 нафар, магистратура мутахассисликлари бўйича 103 нафар, жами бўлиб 697 нафар битирувчи талабалар ўқишини тамомлайди, — дейди Самарқанд Давлат чет тиллар институти ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Илҳомжон Тўхтасинов.
Институт битирувчи курс талабаларининг якуний назоратлар, якуний давлат аттестациялари, битирув малакавий иш ҳимоялари, шунингдек, магистратура мутахассисликлари бўйича магистрлик диссертациялари ҳимоялари масофавий тарзда онлайн тест синовлари ва тақдимотлар шаклида ZOOM иловаси орқали ўтказилиши режалаштирилди.
Бу борада энг мақбул ва оптимал вариантлар танланиб, амалиётга татбиқ этиш бўйича механизмлар ишлаб чиқилди. ОЎМТВ билан келишилган ҳолда бу ҳолат тўлиқ масофадан туриб онлайн амалга оширилади.
Самарқанд давлат чет тиллар институтининг академик лицейида ҳам жорий йилнинг 10 апрелидан онлайн дарс машғулотлари ташкил этилди. Ўқувчиларни ўтилаётган машғулотлар бўйича олган билимларини баҳолаш жорий ва оралиқ назоратлар онлайн шаклда ташкил этилган бўлиб, ўқув йилининг якунидаги давлат имтиҳонлари 60 та тест (Ўзбекистон тарихи фани, йўналишлар бўйича чуқурлаштирилган фанлар)дан иборат тестлар тўплами блокларга ажралган ҳолда, кўп вариантлилик принципи асосида ишлаб чиқилади ва ўқувчилар масофавий тарзда интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда имтиҳон топширадилар.
Қабул: Олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда ОТМ ректорлари иштирокида куни кеча 1 май куни ўтказилган видеоселекторда юқоридаги масалалар кўриб чиқилди ва такомиллаштириш бўйича вазифалар ҳамда кўрсатмалар белгилаб олинди. Жумладан, профессор-ўқитувчиларнинг масофадан ўқитиш методикасини мустаҳкамлаш бўйича онлайн малака ошириш ишлари олиб борилади, магистратурага кириш учун ҳужжатлар белгиланган тартибда 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам) қабул қилинади, олий таълим муассасаларига абитуриентларнинг ҳужжатларини масофадан қабул қилиш бўйича янги тартибдаги имкониятлар ва афзалликлар яратилади. Яъни, Давлат тест маркази ва «Давлат хизматлари марказлари» асосий вазифаларни бажаришади.
Абитуриентларнинг тест синовларини топширишлари соддалаштирилганини ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, олдин абитуриентларнинг 5 та фан юзасидан имтиҳон тест синовларини топширишлари белгиланган эди, энди эса фанлар сони қисқартирилиб, 2 та мутахассисликка яқин бўлган фанлардан тест синовларини топширишлари режалаштирилган. Алоҳида иқтидор талаб этиладиган / ижодий таълим йўналишларига талабаликка қабул қилиш жараёнларини 3 таси 1 да принциплари асосида ташкил этиш белгиланган.
Талабаларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш жараёнлари ҳам масофадан онлайн тарзда 2020 йилнинг 15 июлидан 5 августига қадар ҳужжатлар қабул қилинади ва аризалар кўриб чиқилади.
Самарқанд давлат чет тиллар институтида 2020/2021 ўқув йилида бир қанча янги йўналишлар очилади. Жумладан, халқаро доирадаги журналистларни тайёрлайдиган таълим йўналиши, Кореянинг Сукмён ва Чосон университетлари билан қўшма таълим дастурлари асосида 2 та, Латвиянинг Рига техника университети билан 1 та, шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг Шанхай хорижий тиллар университети билан 1 та, жами 4 та таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Иқтисодиёт тармоқларининг талаблари асосида 2 та янги таълим йўналишлари ва 1 та янги магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланиши режалаштирилган.
Шу ўринда яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтиш жоиз, 2019/2020 ўқув йилида Самарқанд давлат чет тиллар институтига (бакалавр ҳамда магистратура) таълим йўналишлари бўйича 1030 та қабул квоталари ажратилган эди, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб бу кўрсаткични 20 фоизга оширишни режалаштирилган. Ташкил этилган янги таълим йўналишлари ва мавжуд таълим йўналишлари бўйича ажратилган қабул квоталари миқдори ҳақида кейинроқ расмий сайтимиз орқали (samdchti.uz) оммага эълон берамиз.
Техникумлар:Видеоселекторда олий таълим муассасалари ҳузуридаги техникумлар фаолиятини ривожлантиришга ҳам тўхталиб ўтилди. Ҳозирда Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳузурида Оқдарё агроиқтисодиёт техникуми ҳамда Нарпай транспорт техникумлари мавжуд.
Оқдарё агроиқтисодиёт техникумида янги ўқув йили учун техникумга соҳалар бўйича 660 нафар квота белгиланди.
Нарпай транспорт техникумида янги ўқув йилида соҳалар бўйича 240 нафар квота режалаштирилган.
Техникумларга ўқувчилар қабул қилиш кўрсаткичлари бўйича мутахассислар кесимида (тўлов-шартнома асосида) таклифлар тайёрланиб, янги ўқув йили учун қабул квоталари шакллантирилди. Ушбу техникумларда ўқиш муддати 2 йилдан иборат.
Масофавий таълим:Коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида Самарқанд давлат чет тиллар институти талаба-ёшлари 2020 йилнинг 16 мартдан 2 ҳафталик таътилга чиқарилиб, 1 апрел санасидан эътиборан масофавий ўқув жараёнига жалб этилди. Бу борада ўқув режалардаги фанларнинг дастурларини мустақил ўзлаштириш, институт профессор-ўқитувчилари билан мунтазам алоқада бўлиб туриш, хорижий тиллар бўйича тил кўникмалари («Ўқиб тушуниш», «Тинглаб тушуниш», «Ёзиш» ва «Гапириш»)ни мунтазам ривожлантириб бориш ҳамда ўзбек ва тили ўрганилаётган мамлакатлар адабиётининг йирик намоёндаларининг нодир асарларини ўқиш ва таҳлил қилиш орқали талабаларнинг дунёқарашини янада кенгайтириш мақсадида ҳар бир тил мутахассислиги бўйича институтда масофавий (онлайн) курслар ташкил этилди.
Институтнинг масофавий таълим платформасидан фойдаланишни соддалаштириш мақсадида матрица ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Матрицанинг биринчи қадами ўқитувчи ҳамда талабанинг масофавий таълим тизимида, яъни институтнинг moodle электрон таълим платформасида ишлаши учун йўл харитаси ҳисобланади. Бевосита ушбу тизим орқали талаба ҳеч қандай қийинчиликларсиз ўқув дастурини ўзлаштириши, берилган топшириқ ва вазифаларни бажариб бориши мумкин.
Шу билан бир қаторда мамлакатимизнинг барча ўқувчи-ёшларининг масофадан таълим олиш сифатини янада такомиллаштириш мақсадида институтида қуйидаги фанлар юзасидан онлайн курслар платформалари (компьютер ва мобил версиялари) ишлаб чиқилди.
- Инглиз тили онлайн курси. Мазкур курс инглиз тилини ўрганувчилар учун махсус ташкил этилган бўлиб, 40 та дарсдан иборат ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун алоҳида курслар ва инглиз тилини бошланғич, ўрта, мураккаб даражада ўрганувчилар учун мўлжалланган қисмларга бўлинади.
- Хитой тили онлайн курси (хитой ва инглиз тилларида олиб борилади). Мазкур курс хитой тилини бошланғич даражадан ўрганувчилар учун СамДЧТИда фаолият кўрсатаётган хитойлик хитой тили ўқитувчилари томонидан ташкил этилди. Ушбу курс ҳам 40 та дарсдан иборат бўлиб, бошланғич, ўрта, мураккаб қисмларга бўлинади.
- Ўзбекистон тарихи онлайн курси (рус тили гуруҳларида таҳсил олувчи ўқувчилар учун ҳам). Ушбу курсда талаба-ёшлар учун Ватанимиз тарихининг қадимги замондан ҳозиргача бўлган даврни қамраб олган барча маълумотлар ўз аксини топган.
- Психология онлайн курси. Мазкур курсда инсон руҳияти, (сезги, идрок, хотира, тафаккур, диққат) билиш жараёнлари ва индивидуал психологик хусусиятлар (характер, темперамент, қобилият, қизиқиш, истеъдод) ҳақида билимларга эга бўлишади.
Яратилган барча видеодарслар кейинчалик ҳам таълим жараёнларида бевосита фойдаланилади, шунингдек, институт веб-саҳифасига, ижтимоий тармоқларига мунтазам жойлаштирилиб борилади ва келажакда маълум маънода медиа маҳсулотлар салмоғи ошгандан сўнг институтда медиамарказ тармоғи ташкил этилади.
Беш ташаббус
«Талабаларимизга таълим бериш қаторида Президентимизнинг 5 муҳим ташаббуси доирасидаги ишлар ҳам масофадан меъёрида олиб борилмоқда. Хусусан, институтнинг расмий сайти ҳамда ижтимоий тармоқларида ҳар бир ташаббус бўйича ҳафталиклар ташкил этилди. Бунда талабалар ўзларининг бўш вақтида қандай лойиҳалар устида иш олиб бориш ҳолатларини тасвирга олиб, мутахассисларимизга юборишади ва интернетга жойланади. Овоз бериш йўли билан ғолиблар аниқланади ва совринлари масофадан етказилади.
Шунингдек, юртимиздаги миллий байрамларимизни ҳам талабалар томонидан масофадан туриб нишонлаш, қолаверса кекса ёшдаги профессор-ўқитувчиларни ҳолидан хабар олиш ишлари ҳам ўз меъёрида давом эттириб келинмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтишим жоизки, бугун сиз ва биз оила аъзоларимиз ҳамда бошқаларнинг саломатлигини асрайлик. Юртимиз бошига тушган мана шундай оғир дамларда биз барчамиз биргаликда хайрия ва саховат ишларини амалга оширайлик. Институтнинг элпарвар жамоа аъзоларидан 343 нафари ўзларининг бир кунлик иш ҳақларини «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига беғараз ёрдам тариқасида ўтказдилар. Муҳтожларга, боқувчисини йўқотган оилаларга халқимизга хос бўлган меҳр-мурувват хислатларини намоён этайлик.
Биз Ўзбек халқи бирлашиб барча офат ва бало-қазоларни енга оламиз, Янги Ўзбекистонни бирга барпо этамиз», — дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори ИлҳомжонТўхтасинов.
Институт ахборот хизмати