Ўзбекистон | 21:04 / 03.05.2020
11402
2 дақиқада ўқилади

Олмалиқ КМК Сирдарёга йирик ҳажмда озиқ-овқат ва қурилиш моллари, мутахассис ва техникалар юборди

Фото: Олмалиқ КМК

Бугун халқимиз яна бир синовга дуч келди.  Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омборида юзага келган фалокат барчамизни янада жипслашишга, ўзаро меҳр-оқибат намуналарини кўрсатишга ундайди. Ҳозирда ушбу фалокат оқибатларини бартараф этиш учун амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, сув омбори яқинидаги Қўрғонтепа ва Дўстлик аҳоли пунктлари тошқиндан жиддий зарар кўрган, хавф ҳудудидаги 70 мингга яқин аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилган.

Фавқулодда вазият оқибатида 56 нафар фуқаро турли хил жароҳатлар билан касалхоналарга ётқизилиб,17,3 минг киши тиббий кўрикдан ўтказилган.

Фалокат оқибатларини бартараф этиш, эвакуация қилинган аҳолига кўмак бериш учун «Олмалиқ КМК» АЖ раҳбарияти томонидан ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, комбинат таркибидаги Жиззах цемент заводи карьеридан 2600 тоннадан ортиқ ҳарсангтош юк машиналарида юборилди. 

Бундан ташқари, фалокат оқибатларини бартараф этиш учун 45 нафар муҳандис техник ходимлари сафарбар этилиб, 16та автосамосвал, 4та бульдозер, 4та эксковатор, 5та юкловчи(погрузчик), 3дона махсус техника, 2та бурғулаш ускуналари жўнатилди.

Шунингдек, фалокат натижасида эвакуация қилинган аҳоли учун 6 тонна гуруч, 2000 кг асал, 1000кг қуритилган мевалар, 10 000 дона тухум, 1000 литр ўсимлик ёғи, 1000 кг творог, 1000 литр кефир каби озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик ёрдами ҳам юборилди.

ОКМК Ахборот хизмати

Мавзуга оид