Жаҳон | 08:24 / 04.05.2020
6389
3 дақиқада ўқилади

Сербия ва Нигерия карантиндан чиқмоқда

Сербия ва Нигерияда коронавирус тарқалиши олдини олиш муносабати билан киритилган карантин чекловлари юмшатилмоқда.

Фото: AFP

Сербия ҳукумати 4 майдан кафе ва ресторанлар очилишига рухсат берди. Шунингдек, жамоат транспорти қисман фаолият юрита бошлайди.

Бутун мамлакат бўйлаб шаҳарлараро автобус ва темир йўл транспорти ҳаракатланиши тикланади. 

8 майдан пойтахт Белград ва Ниш шаҳрида жамоат транспорти қатнови тикланади. Йўловчилар хавфсизлик қоидаларига амал қилишлари керак бўлади. Шу куни мамлакатда боғлар ва савдо марказлари очилади. 11 майдан эса болалар боғчалари ишлай бошлайди. 18 майдан авиаалоқани тиклаш режалаштирилган.

Шунингдек, 7 майдан комендантлик соати бекор қилинади. 

Эпидемиолог Предраг Кон комендантлик соати бекор қилингандан кейин мамлакатда баъзи чекловлар амал қилиши давом этишини маълум қилган. “Комендантлик соати бекор қилингани эпидемия бекор қилинганини англатмайди”, деб огоҳлантирган мутахассис.

Шунингдек, Африканинг энг йирик иқтисодиётга эга ва аҳолиси энг кўп давлати ҳисобланган Нигерияда 4 майдан бир қатор карантин чекловлари бекор қилинади. Бу биринчи навбатда мамлакатнинг йирик мегаполисларига тааллуқли бўлади.

Карантин чоралари енгиллаштирилиши 6 ҳафта давомида босқичма-босқич амалга оширилади. Бу жараён 3 та босқичга бўлиниб, улардан ҳар бири 14 кун давом этади.

4 майдан мамлакат аҳолисига, эпидемиологик вазият мураккаб бўлиб қолаётган Кано штатидан ташқари, озиқ-овқат хариди, ишга бориш, спорт билан шуғулланиш ва тиббиёт муассасаларига бориш учун эркин ҳаракатланишга рухсат берилади. Банклар соат 8дан 14гача ишлайди. Мактаблар ёпиқлигича қолади, барча маданий тадбирлар тақиқлов остида бўлади, ресторанларга фақат таомларни олиб кетиш учун ишлашга рухсат берилади.

Жамоат жойларида тана ҳарорати ўлчанади ва тиббий ниқоблар тақиб юриш мажбурий бўлади.

Шу билан бирга Нигерия президенти маҳаллий ҳокимиятларга пандемияга қарши курашда кенг ҳуқуқлар берган.

Нигерия ҳукумати карантин енгиллаштирилишига асосий сабаблардан бири унинг иқтисодиётга салбий таъсири эканини яширмаяпти. Президентнинг таъкидлашича, карантин ҳам давлат, ҳам жамият учун жуда катта иқтисодий йўқотишларга олиб келган.  

Мавзуга оид