Ўзбекистон | 09:47 / 04.05.2020
1752
5 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлар томонидан амалга оширилган инфратузилма яратиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади

Тадбиркорлар томонидан амалга оширилган инфратузилма яратиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлар томонидан амалга оширилган инфратузилма яратиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, президентнинг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида” 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон фармони билан 2020 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорларнинг инфратузилма барпо этиш бўйича харажатларининг бир қисми учун компенсация тўлаш механизмлари жорий этилиши белгиланган.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Тадбиркорлар томонидан амалга оширилган инфратузилма яратиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади:

Тадбиркорлар томонидан амалга оширилган инфратузилма яратиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш учун компенсация маблағларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ажратиш;

компенсация маблағларини олиш бўйича аризаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш, ҳисоблаш ва тўлаб бериш учун туман (шаҳар) ишчи комиссиялар фаолиятини ташкил этиш;

инфратузилма яратиш харажатларини аниқлаш, компенсация маблағларини ҳисоблаш ва уларни тўлаб бериш тартиби.

Тадбиркорлар томонидан амалга оширилган инфратузилма яратиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича туман (шаҳар) ишчи комиссиясининг намунавий таркиби тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ тегишлилиги бўйича ичимлик суви, оқава сув, электр энергия ва табиий газ тармоқлари ва иншоотлари бўйича тадбиркорлар томонидан ўз маблағи ҳисобига инфратузилма объектларини барпо этишда марказлаштирилган тизимларига уланиш ва ўзларининг ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) майдонларига тармоқларни тортиш ва зарур иншоотларни қуриш, шунингдек, локал тизимларни қуриш йўналишида:

амалдаги тартибларни такомиллаштириш;

белгиланган техник қоидаларга риоя этилиши устидан ҳудудий ташкилотларининг назорат тадбирларини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш;

объектларни белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилиш далолатномаларини ҳудудий ташкилотлари томонидан белгиланган тартибда имзоланишини таъминлаш;

амалга оширилган харажатларни лойиҳа смета ҳужжатларига мувофиқлиги бўйича ҳудудий ташкилотлари томонидан комиссияга хулосаларни муддатида тақдим этилишини назорат қилиш;

ҳудудий ташкилотлари томонидан янгидан барпо этилган тармоқлар ва иншоотлар орқали тадбиркорлик субъектларига, уларнинг ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) эҳтиёжларига мувофиқ, узлуксиз ва етарли даражада хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш вазифаси юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2020 йилда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан компенсация маблағлари учун 25,0 млрд.сўм маблағ ажратилишини таъминлайди;

2021 йилдан бошлаб, ҳар йили Давлат бюджетининг асосий параметрларини шакллантиришда компенсация маблағлари учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетида маблағ режалаштирилишини кўзда тутади;

Ҳудудий молия органлари томонидан тақдим этилган талабнома асосида компенсация маблағлари тўлови учун зарур маблағларни Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетида мазкур мақсадлар учун кўзда тутилган маблағлар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджети ва Тошкент шаҳар шаҳар бюджетларига ўтказади;

Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармалари томонидан компенсация маблағлари тўлови учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратилган маблағларни белгиланган тартибда ва муддатларда туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетларига ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимликлари молия бўлимлари томонидан ушбу маблағларни туман (шаҳар)лар ҳокимликларининг шахсий ғазна ҳисобварақларига ажратилишини назорат қилади;

компенсация маблағлари учун ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан қатъий назорат ўрнатади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

туман (шаҳар)лар ҳокимлари раҳбарлигидаги комиссиялар фаолиятини ташкил этиш ҳамда тўлақонли, шаффоф ва адолатли тарзда фаолият кўрсатишини таъминлаш;

комиссия аъзолари фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасидаги юқори ташкилотлари орқали мувофиқлаштирилишини ва назорат қилинишини таъминлаш;

туман (шаҳар)лар ҳокимлари раҳбарлигидаги комиссия томондан компенсация маблағларининг тўғри ҳисобланиши ва белгиланган муддатларда тадбиркорларга ўтказиб берилишини назорат қилиш;

2020 йилдан бошлаб, компенсация маблағлари учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратилган маблағлар етишмаган тақдирда, етишмаган қисмини маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланишини таъминлаш бўйича масъулдир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид