Технология | 08:17
669
4 дақиқада ўқилади

Европада сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири бошланди

Францияда Европа транспорт тизимини тубдан ўзгартириши мумкин бўлган улкан сув йўли лойиҳаси — «Сена–Шимолий Европа» канали қурилиши жадал давом этмоқда. Қиймати 7,3 миллиард еврога баҳоланаётган мазкур иншоот сўнгги ўн йилликларда қитъада амалга оширилаётган энг йирик инфратузилма ташаббусларидан бири сифатида баҳоланмоқда.

Фото: Seine-Nord Europe Canal

Франция Европадаги энг катта ички сув йўллари тармоғига эга мамлакатлардан бири бўлиб, унинг ҳудудида қарийб 8,5 минг километр узунликдаги кема қатнайдиган каналлар ва дарё йўллари мавжуд. Бироқ ушбу тармоқ узоқ йиллар давомида Шимолий Европанинг асосий транспорт йўлаклари билан етарли даражада боғланмаган эди.

Бу вазифани узоқ вақт Canal du Nord канали бажариб келган. Франция шимолини Сена дарёси ҳавзаси билан боғлайдиган мазкур канал қурилишига ярим асрдан ортиқ вақт кетган. Икки жаҳон уруши туфайли қурилиш бир неча бор тўхтаб қолган. Натижада иншоот 1965 йилда фойдаланишга топширилган бўлса-да, ўша вақтга келиб унинг имкониятлари замонавий талабларга жавоб бермай қола бошлаган.

Шу сабабли Франция ва Европа Иттифоқи янги транспорт тизимини барпо этишга қарор қилди. «Сена–Шимолий Европа» канали эски йўлни реконструкция қилиш эмас, балки мутлақо янги логистика инфратузилмаси ҳисобланади.

Лойиҳага кўра, каналнинг умумий узунлиги 107 километрни, кенглиги эса 54 метрни ташкил этади. Унинг ўтказувчанлик қуввати мавжуд Canal du Nord каналига нисбатан етти баробардан ортиқ бўлади.

Қурилиш учун ажратилаётган маблағ 7,3 миллиард еврони ташкил этади. Молиялаштиришнинг қарийб ярми Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келади. Қолган қисми Франция ҳукумати ва маҳаллий ҳокимиятлар томонидан қопланмоқда.

Янги канал Франция сув йўлларини Белгия орқали Нидерландия ва Германиянинг йирик логистика марказлари билан боғлайди. Шу тариқа у Европа Иттифоқининг TEN-T деб аталувчи трансевропа транспорт тармоғининг муҳим қисмига айланади.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа ишга тушгач, юк кўтариш қуввати 4500 тоннагача бўлган кемалар катта ҳажмдаги юкларни автомобиль транспортига нисбатан арзонроқ ва экологик жиҳатдан хавфсизроқ тарзда ташиш имкониятига эга бўлади.

Канал бўйлаб жами еттита замонавий шлюз қурилади. Уларнинг иккитаси Европа тарихидаги энг чуқур шлюзлардан бири бўлади. Баландликлар фарқи 25 метрдан ортиқ бўлган ушбу иншоотларнинг узунлиги 197 метр, кенглиги эса 12,5 метрни ташкил этади.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати сувдан тежамкор фойдаланиш тизимидир. Шлюзларни тўлдириш ёки бўшатиш жараёни 15 дақиқадан ошмаслиги режалаштирилган. Бунинг учун канал ёнида каскадли сув омборлари қурилиб, бир хил сувдан қайта-қайта фойдаланиш имкони яратилади. Қўшимча равишда 14 миллион куб метр ҳажмга эга захира сув омбори ҳам барпо этилади.

Қурилиш фақат канал билан чекланмайди. Лойиҳа доирасида 62 та автомобил ва темирйўл ўтиш жойи, ўнлаб кўприклар ҳамда Европадаги энг йирик кема ўтказувчи акведуклардан бири қурилади.

Энг диққатга сазовор иншоотлардан бири Pont-Canal de la Somme канали кўприги бўлади. Узунлиги 1,3 километрни ташкил этадиган мазкур иншоотда канал автомобил ва темирйўлларнинг устидан ўтади. Қурилиш якунлангач, у Европадаги энг узун канал виадуки мақомини олади.

Расмий режаларга кўра, «Сена–Шимолий Европа» канали 2032 йилга қадар тўлиқ фойдаланишга топширилади. Лойиҳа Франциянинг Шимолий Европадаги энг йирик ички сув транспорти тармоғига тўлиқ интеграциялашувида ҳал қилувчи аҳамият касб этиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид