Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лукашенко бошқа давлатлар етакчиларини Минскдаги Ғалаба парадига таклиф қилмоқда
Беларусь президенти Александр Лукашенко бошқа давлатлар, жумладан собиқ иттифоқ давлатлари етакчиларини 9 майда Минскда ўтадиган Ғалаба парадига таклиф қилмоқда.
Лукашенко бу таклифни 5 май куни ОАВ вакиллари билан суҳбатида билдирган.
“Барча давлатлар, жуда бўлмаса собиқ иттифоқ давлатлари етакчиларини Минскка келиб, бу парадда бўлишга таклиф қиламан. Умид қиламизки, кимдир келади. Келмасалар, парадни одатдагидек ўзимиз ўтказаверамиз. Мен юқоридагилар ҳақида гапиряпман. Барча республикалардан оддий одамлар эса бу парадда талайгина бўлади”, деб айтган Беларусь раҳбари.
“Минскда йиғилишимиз тўғри бўларди. Бу ер юзидан йўқ қилиб ташланган, зарбани биринчи бўлиб қабул қилган ва бу ерда қолган қариялар ва болалар деярли 4 йил ботқоқ, ўрмон, ертўлаларда яшашга мажбур бўлган республикадир. Бу энг кўп азият чеккан республика – ўша шафқатсиз урушнинг жонли ёдгорлиги. Шу сабабли бу ерда йиғилиш тўғри бўларди, айниқса ҳозирги шароитда”, деб таъкидлаб ўтган Лукашенко.
Беларусь президенти Минскдаги парадни бошқа давлатлардаги томошабинлар ҳам кузата оладиган қилишни таклиф қилган.
Хабарда Лукашенко айнан кимларга таклифнома жўнатгани маълум қилинмаган.
Аввалроқ Беларусь президенти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти танқидига қарамай, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига 9 майдаги парадни ўтказмоқчилигини айтганди. Лукашенконинг таъкидлашича, у парадни бекор қила олмайди, чунки бу “жуда ҳиссиётли, чуқур ғоявий маънога эга нарсадир”. Унинг ишонч билдиришича, ғалабанинг 75 йиллиги нишонланиши билан боғлиқ оммавий тадбирлар ва ҳарбий парад мамлакатдаги эпидемиологик вазиятни ёмонлаштирмайди.
Бироқ ЖССТнинг Беларусдаги вакили Батир Бердикличевнинг таъкидлашича, парадда коронавирус оғир кечувчи ва ундан ўлим даражаси юқори бўлган кекса ёшлиларнинг иштирок этиши алоҳида хавотир уйғотади.
Аввалроқ Россияда коронавирус пандемияси сабабли Ғалаба паради бошқа санага кўчирилганди. Россиянинг ўнлаб шаҳарларида 9 май куни параднинг фақат авиация қисмигина ўтказилади.
Мавзуга оид
09:00 / 01.06.2026
Лукашенко: “Украинадаги воқеалар Арманистон учун сабоқ бўлиши керак”
18:34 / 07.05.2026
Бу йил Москвадаги Ғалаба парадида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қатнашмайди
18:45 / 16.01.2025
Япон журналистлари Москвадаги Ғалаба парадида КХДР ҳарбийлари ҳам иштирок этишини маълум қилди
22:04 / 09.05.2024