Иқтисодиёт | 23:59 / 05.05.2020
8587
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги йирик тўқимачилик саноати корхоналари фаолияти стресс-тестдан ўтказилади 

Европа Иттифоқи, Туркия, Корея, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги етакчи экспертларни мазкур соҳани ислоҳ қилиш бўйича маслаҳатчи сифатида жалб этилади.

Фото: uztex.uz

«Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда белгиланишича, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси:

бир ой муддатда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини етказиб бериш бўйича экспорт шартномаларини глобал карантин чекловлари шароитида уларнинг бажарилиши истиқболлари нуқтаи назаридан батафсил ўрганади ва истиқболсиз экспорт шартномалари ўрнига, биринчи навбатда, карантин чора-тадбирлари юмшатилаётган давлатлардаги ҳамкорлар билан янги шартномалар тузишга ҳар томонлама ёрдам кўрсатади;

икки ой муддатда экспортга йўналтирилган тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларига ихтисослашган жаҳон брендлари вакиллари билан ушбу маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва тайёр маҳсулотларни, шу жумладан республиканинг амалдаги корхоналари қувватларида тикиш бўйича йирик буюртмаларни шакллантириш юзасидан музокаралар ўтказади;

“Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда халқаро ташкилотлар кўмагида АҚШ ва Европада тан олинган замонавий халқаро сертификатларни ҳар йили тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича тармоқ корхоналарига жорий этишни таъминлайди;

Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Европа Иттифоқи, Туркия, Корея, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги етакчи экспертларни мазкур соҳани ислоҳ қилиш бўйича маслаҳатчи сифатида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан жалб қилади. 

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва тижорат банклари билан биргаликда:

йирик тўқимачилик саноати корхоналари фаолиятини уларнинг молиявий барқарорлиги нуқтаи назаридан стресс-тестдан ўтказади;

стресс-тест натижаларига кўра тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарининг унумдорлиги, молиявий самарадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш бўйича таклифларни ҳамда маҳаллий тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати рақобатбардошлигини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда тармоқни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқади;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан келишилган ҳолда икки ой муддатда йирик ҳудудий тўқимачилик-тикувчилик кластерларини ривожлантириш ва инфратузилма мажмуасини (сертификатлаш, стандартлаштириш, логистика ва бошқалар) яратишни ҳисобга олган ҳолда уларда тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари чиқариш бўйича экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни жойлаштириш юзасидан таклифлар киритади. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид