Asia-Plus нашри тожикистонлик шифокорлар билан аноним тарзда суҳбатлашиб, улар коронавирус билан қандай курашаётгани ҳақидаги материални эълон қилди.

Мурод, душанбелик шифокор: «Саккиз кундирки касалман, лекин бошқаларга ёрдам беришга ҳаракат қиляпман»

– Биринчи беморни бир ойча аввал – Наврўз арафасида «хира шиша» (ўпка тўқималарининг томографияда хира кўриниши) симптоми билан қабул қилдим. Ҳамкасбларим билан маслаҳатлашдим, компьютер томографияси суратларини интернет орқали юбордим. Ҳамма белгилар коронавирусга ўхшашлигини айтишди. Маълумотларни Россиядаги пульмонолог ҳамкасбларимизга юборганимизда ҳам бунинг коронавирус эканини тасдиқлашди.

Беморнинг иссиғи йўқ эди, яққол белгилар кўзга ташланмасди, лекин у таъм ва ҳидни сезмаётганди. Шунда шифохона раҳбарияти билан маслаҳатлашдим. Беморни даволашни, тузалиши учун барча чораларни қўллашни, аммо бу ҳақида ҳеч кимга оғиз очмасликни тайинлашди. Бир қатор сиёсий тадбирлар ўтиб олгунга қадар коронавирус ҳақида ғиринг ҳам демаслигимиз керак эди. Шундай қилдик ҳам.

Россиялик ҳамкасбларимиздан ташхислаш ва муолажа протоколларини юборишларини сўрадик. Даволаш муолажалари бошланди. Карантин ҳудудларида гўёки «пневмония билан оғриган» беморлар билан ишлаётган шифокорлар ўзаро мулоқотда бўлиб туриш учун мессенжерда гуруҳ очдик. Касаллик белгилари, муолажа чоралари юзасидан маслаҳатлашиб турдик.

Беморлар билан ишлаётган тиббий ходимлар коронавирус билан «оғримаган», ҳаммада ЎРВИ белгилари бор эди.

Биргина бизнинг шифохонада 200 нафар COVID-19 беморидан 17 нафари вафот этди. Жой етишмовчилиги туфайли беморлар Душанбедан Ҳисорга юборилди, аммо у ерда сунъий ўпка вентиляцияси мосламалари йўқ эди.

Ҳар куни ишдан сўнг уйга қайтишимиз керак, чунки шифохонада карантин ҳудуди, дам олиш учун жой қилинмаган. Бутун дунёда бундай шароит қилинганини билардик. Хусусан, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз учун алоҳида бўлинмалар қилингани, яхши шароитда яшашаётганини кўрдик. Шифохонада ҳимоя кийимисиз қолиш хавфли. Мен бир ўзим алоҳида квартира ижарага олиб яшайман. Қиммат, лекин илож йўқ.

Шифокорларимиз ўз ҳаётини сақлаб қолиш илинжида ишдан қочмайди. Бунга ишончим комил. Агар биз ишламасак, бошқа ҳеч ким ҳозир ишламайди – буни биламиз. Ҳеч қандай қуролсиз, қуруқ қўл билан касалликка рўпара чиқяпмиз. Токи ишлай оларканман, курашда давом этаман.