Жаҳон | 18:45 / 09.05.2020
19843
2 дақиқада ўқилади

Сеулда коронавируснинг янги тўлқини боис клуб ва барлар ёпилди

29 апрелдан 6 майгача бўлган муддат оралиғида Итхэвондаги клубларда бўлганлардан уйда қолиш ва шифокорларга хабар бериш сўралмоқда.  

Фото: AP Photo / Ahn Young-joon

Сеул мэри Пак Вон Сун шаҳардаги барча барлар ва клубларни ёпишни буюрди, деб ёзмоқда The New York Times. Жанубий Корея пойтахтида клублар сабабли коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилган.

Чоршанба куни Йонъин шаҳрида яшовчи 29 ёшли шахсда коронавирус аниқланди, дейилади газета хабарида. Эпидемиологлар унинг ўтган ҳафтада пойтахтнинг Итхэвон районидаги учта клубда бўлганлигини аниқлашди. Мэрнинг сўзларига кўра, камида 40 нафар янги бемор у ва клублар билан боғлиқ.  

Ушбу воқеадан сўнг ҳокимият барча клуб ва барларга бир ойга фаолиятини тўхтатишни тавсия қилди, деб хабар берди Жанубий Корея фавқулодда вазиятларда хавфсизлик чоралари бўйича марказий штаби. 

Шунингдек, 29 апрелдан 6 майгача бўлган муддат оралиғида Итхэвондаги клубларда бўлганлардан уйда қолиш ва шифокорларга хабар бериш сўралмоқда.  

Март ойи бошларида Жанубий Корея коронавирусга чалинганлар сони бўйича Хитойдан кейин иккинчи ўринда эди. Аммо ҳукумат кескин чеклов чоралари киритмасдан касаллик тарқалишини тўхтата олди. Ушбу ҳафтадан мамлакатда одатий ҳаёт тарзига қайтиш бошланганди.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 10800дан ортган, 256 киши вафот этган.

Мавзуга оид