Жамият | 22:02 / 09.05.2020
8022
3 дақиқада ўқилади

«Тинчлик, ҳаётга кириб бориш урушдан кам бўлмаган». Уруш фахрийсининг хотиралари

Иккинчи Жаҳон уруши фахрийси Мухтор Расулов жангдаги ва ундаги кейинги хотираларини эслаб, Kun.uz мухбири билан суҳбатлашди. 

98 ёшли уруш фронти иштирокчиси 8 май куни Тошкент  шаҳрида ташкил этилган байрам дастурхонида ўз урушдан кейин тинч ҳаётга қайтиш ҳам қийин кечгани ҳақида гапирди. 

«Унинг оғирлиги урушга тенг бўлган. Чунки ўқиш йўқ, иш йўқ, жой йўқ таъминот тугаган, қарияларга ёрдам, дегандек. Жуда қийналганман. Кейин айтдимки, ҳаёт ўзим учун энди, деб шу ерда аста-секин кўниб, мослашишимга тўғри келди. Уйландим. Институтни тамомладим. Уй-жой қилдим ўзимга. Асосий ишим –ўқитувчилик Ўзбекистон миллий университетида бўлган. 40-50 йил шу ерда ишладим. Кандидат бўлдим. Доктор бўлдим. Фан арбоби бўлдим. Ректор бўлдим. Ишладим. Шунақа ишларни ҳам қилдик. Урушдан кейинг умрим олий таълимда ўтган. Невара-эвараларгача бор. Тўртта ўғлим уйланган ҳаммаси. Бола-чақали бўлган. Тўртталаси ҳам пенсияда ҳозир», – дея бошдан кечирганларини эслади у.

Унинг айтишича, урушда халқларнинг бирдамлиги, бамаслаҳат курашга чиққани урушдаги ғалабани таъминлаган. 

«Ўша даврдаги халқларда бир-бирига бирдамлигида кўп маъно бўлган. Уруш даврида 4 йил бошидан охиригача бўлдим. Халқлар дўстлигига ҳеч нарса етишмас эди. Яна шу нарса мени қойил қолдирардики, йиллар кўп, уни қиши бор, ёзи бор, шунга қарамасдан, шундай катта фронтни, армияни тўла таъминлаб беришган. Бирон марта фалон нарса етишмабди, деган нарсани эшитганим йўқ. 

Мен авиацияда хизмат қилганман. Ўзи, асосан, кўпинча разведкада. Шу билан бирга бомбардимон қилиш хизмтида ҳам. Бирор маротаба бомба етишмаганлиги, бензин етмади, бошқа бўлмади, деган гапларни эшитганим йўқ. Аксига олиб, лойлик даврлар кўп бўлган, оғир даврлар кўп бўлган, транспорт йўлига пайтлари бўлган. Бу, албатта, урушдаги жуда катта халқнинг бирлиги, бирдамлиги масаласи дегандек. Ҳаракатнинг ҳақиқийлиги дегандек масалалардан иборат. Айниқса, ҳужум вақтида урушнинг иккинчи ярми, дегандек, озод қилиб, Польша ерлари, Германия ерлари, Чехословакия ерларигача озод қилиб борганмиз. Шунда ўша халқнинг шаҳарларига ҳайрон қолардик. Қизиқарли жойлари жуда кўп эди. Лекин уларнинг ҳам ҳаммасига Германияга ҳақиқий душман эди. Ҳеч қандай уларнинг Германия фашизмига яқинлиги йўқ эди», – дея фикр билдирди ота.

Мавзуга оид