Ғазода уруш бошланганига 686 кундан ошди. Бу вақт оралиғида бомбардимонлар, очарчилик, талончилик ва тиббий ёрдам етишмовчилиги оқибатида 63 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. Айни вақтда бўлмада миллионлаб инсонлар озиқ-овқат, тоза сув ва хавфсиз бошпанадан маҳрум ҳолда кун кечиряпти, болалар эса очликдан қийналиб, ривожланишдан тўхтаб қоляпти. Дорилар ва тиббий асбоб-ускуналар танқис, жароҳатланганларни даволаш учун шароит нолга тенг. Kun.uz мухбири уйига бомба тушиши оқибатида 8 нафар фарзанди ёниб кетган, 50 нафар қариндоши борбардимон пайтида бирданига вафот этган, портлаш вақтида эшитиш ва кўриш қобилиятидан айрилган ғазоликлар билан суҳбатлашди. Респондентлар урушнинг илк кунлари, нотинч вазиятда қандай ҳаёт кечиргани ва Ўзбекистонда уларга кўрсатилган ёрдам ҳақида гапириб берди

Ғазо шаҳрининг марказида рафиқаси ва 6 нафар фарзанди билан фаровон яшаган Маҳмуд Наим уруш бошланганидан кейин даҳшатли кунларга гувоҳ бўлди. Урушнинг дастлабки кунларида у жойлашган ҳудуд нисбатан тинч бўлган бўлса-да, кейинроқ унинг маҳалласига ҳам бомбалар ёғила бошлади. Портлаш вақтида Маҳмуд Наим ертўлага қочишга улгурмай, оғир жароҳат олди, қулоқлари эшитмай қолиб, оёқ ва белининг ички томони жиддий шикастланди. Шифохонада даволаниш вақтида ҳам уруш таҳдидлари давом этди, охир-оқибат у аввал Мисрга, сўнгра Ўзбекистонга жўнаб, бир неча ой давомида соғлиғини тиклашга мажбур бўлди.

Маҳмуд Наим Ҳабуш:

Ғазо марказидаги гавжум ҳудудда яшардим. Уруш бошланишидан олдинги ҳаётим фаровон бўлган: бозор ва супермаркетларда савдо қилар, тадбиркорларга хомашё етказиб берардим. 5 хонали уйим бор, оиламнинг ризқи бут, ҳаммаси гўзал эди. У ерда рафиқам ва 6 нафар фарзандим билан истиқомат қилардик.

Урушнинг дастлабки 10 кунини яхши эслайман. Ўша кунларда бизнинг ҳудуд нисбатан тинчроқ эди, ҳали бомба бизгача етиб келмаган, бомбардимонлар авжига чиқмаганди. Аммо шунга қарамай, кўплаб ишхоналар ёпилган, ҳаёт аста-секин тўхтаб борарди.

Эсимда, бир куни дўконга бордим ва қўлимдаги бор пулимга оилам учун озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олдим. Йўлда жуда эҳтиёткорлик билан қайтардим. У ердаги кўнгилни хира қилувчи манзара ҳануз ёдимдан чиқмайди: жони узилган, лекин ҳали кўмилмаган мурдалар йўлакларда ястаниб ётарди. Ҳавода ҳам, кўчада ҳам ўлик ҳиди анқиб турарди.

Урушнинг 11-куни эса биз учун даҳшатли бурилиш бўлди. Ўша куни маҳалламизга биринчи марта бомбалар ёғилди. Одатда, бундай ҳолатда ғазоликларнинг жон сақлаш йўли уйларининг тагидаги ертўлага яшириниб олиш бўлади. Бомбардимон овози эшитила бошлагач шошилиб, ҳовлимиздаги нарсаларни йиғиштирдим-у, уйга ташидим. Лекин… лекин ўзим бомба ёнимга келиб тушгунча ертўлага қочишга улгурмадим... бутун бошли маҳалламиз портлаб кетди…. Қулоқларим бомба овозидан битиб, эшитмай қолдим… оёғим ва белим ички томондан жиддий жароҳат олди. Кўз ўнгимда осмон ёрилди, ер ларзага келди… бомбанинг бир бўлаги бошимга тегиб, ҳушимдан кетдим. Шундан кейин нималар бўлганини яхши эслолмайман.