Ўзбекистон | 10:41 / 13.05.2020
6780
2 дақиқада ўқилади

Содиқ Сафоев Фульвио Мартушелло билан музокаралар ўтказди

Ўзбекистон томони пандемиянинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожига таъсирини камайтириш учун 36 млн. евро миқдорида молиявий ёрдам тақдим этишга тайёрлиги учун Европа иттифоқига миннатдорлик билдирди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Шу йил 12 май куни Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Фульвио Мартушелло (Италия) билан видеоконференция шаклида музокаралари бўлиб ўтди.

Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни, шу жумладан икки томонлама парламентлараро алоқалар соҳасидаги муносабатларни ривожлантириш тўғрисида батафсил фикр алмашилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Ф.Мартушелло коронавируснинг тарқалишига қарши курашиш бўйича Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирлардан хабардор этилди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон томони пандемиянинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожига таъсирини камайтириш учун 36 млн. евро миқдорида молиявий ёрдам тақдим этишга тайёрлиги учун Европа иттифоқига миннатдорлик билдирди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Европарламент депутати шу йил март ойида Тошкентда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими лойиҳаси юзасидан ўтказилган Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги музокаралар якунларига ижобий баҳо берди. Мазкур музокаралар давомида томонлар ушбу кенг қамровли лойиҳанинг кўплаб муҳим масалаларини келишиб олишга муваффақ бўлдилар.

Ф.Мартушелло Ўзбекистоннинг GSP+ преференциал савдо мақомига эга бўлиши мамлакатимиздаги ислоҳотлар сиёсати қўллаб-қувватланишини кўрсатувчи муҳим қадам бўлишига қўшилди. GSP+ мақоми 6 мингдан зиёд номдаги товарларни Европа Иттифоқига божсиз экспорт қилиш имконини беради.

Шунингдек, музокаралар чоғида “Ўзбекистон-ЕИ” парламентлар ҳамкорлиги қўмитасининг навбатдаги 15-мажлисини Брюссель шаҳрида ўтказиш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Мавзуга оид