Ўзбекистон | 09:20 / 14.05.2020
6059
3 дақиқада ўқилади

Парламент янги комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди

Парламент комиссияси ишига кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари жалб этилади. 

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

2020 йилнинг 13 май куни Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Муҳокаманинг асосий мавзуси Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни бажариш бўйича Ихтиёрий миллий ҳисобот лойиҳаси бўлди.

Мажлисда таъкидланганидек, Ўзбекистон барқарор ривожланиш бўйича халқаро кун тартибига қўшилиб, 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларини миллий даражада амалга ошириш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олган. 

Ўзбекистон 2020 йилда ўтказиладиган Барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги сиёсий форумда Ихтиёрий миллий ҳисоботни тақдим этишни режалаштираётган 49 та мамлакат рўйхатига киритилган. Таъкидланганидек, 2030 йилгача бўлган давр учун Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш бўйича Миллий мақсад ва вазифаларининг қабул қилиниши янги глобал шерикликнинг негизини шакллантирди. Ундан кўзланган мақсад – барқарор ривожланишнинг миллий стандартларини ишлаб чиқиш ва уларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳамда экологик жиҳатларини уйғунлаштириш асосида фаровонликни оширишдан иборат.

Парламент комиссияси ишига кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари жалб этилади. Бу максимал даражадаги очиқлик ва ошкораликни таъминлашга хизмат қилади. Парламент Комиссияси томонидан олиб борилаётган ўрганишлар натижаларидан келиб чиқиб, қонунчиликни янада такомиллаштириш, долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Мажлис кун тартибидаги биринчи масала – Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича Ихтиёрий миллий ҳисобот лойиҳаси муҳокамаси чоғида таъкидландики, ушбу ҳужжат аввало Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида давлатнинг сиёсий иродасини акс эттиради. Иштирокчилар эътиборига БМТга тақдим этилиши лозим бўлган Миллий Ихтиёрий ҳисоботнинг асосий тезислари ҳавола этилди. Ўзбекистон ушбу ҳужжатни жаҳон ҳамжамияти эътиборига ҳавола этишга тайёр бўлган 49 та мамлакатдан биридир.

Мажлис чоғида республиканинг барча Барқарор ривожланиш миллий мақсадлари бўйича эришилган ютуқлардан келиб чиқиб, мазкур ҳужжатни такомилига етказиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди. Ихтиёрий миллий ҳисобот лойиҳаси билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда маъқулланди.

Мажлисда муҳокама қилинган яна бир масала коронавирус пандемияси даврида БМТ тузилмалари билан ҳамкорлик бўлди. Мажлисда иштирок этган БМТ тузилмалари вакиллари пандемия даврида ҳамкорликни жадаллаштиришнинг асосий жиҳатлари борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Бу борадаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича фикр алмашилди.

Мажлисда Парламент комиссиясининг режаси тасдиқланди. Унга кўра 2020 йил давомида 17 та Барқарор ривожланиш мақсадларидан 8 тасининг амалга оширилишини ўрганиш назарда тутилган.

Мавзуга оид