Баъзи ҳудудларда аҳолига ниқоб тақиш тавсия қилинди ёки мажбурий этиб белгиланди. Аммо Россияда ҳар куни 10 мингга яқин одамда коронавирус борлиги аниқланмоқда.

«Медуза» нашри пандемия шароитида ишлаётган шифокорлар билан суҳбатлашиб, карантин чекловларининг юмшатилиши ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Руслан Абсалямов, онколог (Москва):

– Коронавирус билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатяпман. Чекловлар енгиллаштирилган мамлакатлар эпидемия чўққисидан ўтиб олишган. Уларда коронавирус билан касалланганлик даражаси анча пасайган. Бизда эса янги беморлар миқдори ошиб бормоқда. Бу эса карантин чекловларини енгиллаштиришнинг самарали эканини сўроқ остига қўяди.

Иқтисодиёт учун ҳам бу мураккаб жараён. Шу ўринда ё ҳаёт, ё иқтисодиёт масаласи кўтарилади.

Агар давлат бизнесни ва аҳолини қўллаб-қувватлаганида, одамлар карантинда кўпроқ муддат ўтириши мумкин бўлар эди. Аммо кўпчилик буни қилолмайди. Менимча, шу туфайли чекловлар юмшатилмоқда.

Ниқоб режими фойдали экани шубҳасиз. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳам айтмоқда. Одамлар ниқоб таққанида инфекциянинг тарқалиш хавфи камаяди. Аммо бунда ниқобдан фойдаланиш қоидасига амал қилиш керак. Уни бир неча соатдан кейин алмаштириб туриш лозим. Чунки маълум вақтдан сўнг у фильтр бўлмай қолади ва аксинча, юзасида вирусларни тўплайди.

Менимча, ниқобларни бепул тарқатиш керак. Ҳозир одамлар уни сотиб олмоқда. Аммо даромади пасайганлар бир ниқобни олиб, ҳафта давомида тақиб юришибди. Бу ҳолатда у тескари самара беради.

Қўлқоплар масаласида баҳслашса бўлади. Агар одам қўлқоп билан буюмларни ушласа, кейин кўзини артса, ижобий самара бўлмайди. Мисол учун, дўконга киришдан олдин, қўлқоп тақиб, савдо қилиб, қайтиб чиқишда уни ташлаб юбориш – тўғри иш. Аммо куни билан тақиб юриш – фойдасиз.

Юмшатишлар оқибати қандай бўлишини ҳозир айтиш қийин. Баъзи давлатларда енгиллик берилганидан сўнг эпидемиянинг иккинчи тўлқини бошланиб кетди. Мантиқан, бизда ҳам шундай бўлишини кутиш мумкин.

Аммо қаттиқ карантинни ҳам самарали чора деб айтолмайман. Одамлар уйдан чиқиши, сайр қилиши керак. Айниқса, бу кексалар учун муҳим. Кўп одамларда жисмоний фаоллик камайган ва уларнинг соғлиғига бунинг қандай таъсир қилишини билмаймиз. Ҳаммани уйига қамаб қўйиш тарафдори эмасман.