Жамият | 19:00 / 16.05.2020
15028
5 дақиқада ўқилади

«Кечки пайт сув сотадиганлар келишади» – Марҳаматнинг намунали уйларидаги ичимлик суви муаммоси қачон ечим топади?

Kun.uz таҳририятига Андижон вилояти Марҳамат тумани «Алитепа» МФЙ ҳудудидаги намунали лойиҳалар асосида қурилган уйларда яшовчи аҳоли вакиллари тоза ичимлик сувидаги муаммолар бўйича мурожаат қилишди.

Маълум бўлишича, 200дан зиёд хонадон сув йўқлигидан қийналиб яшамоқда. 2010 йилда намунали уйларни қурган қурувчилар сув минораси ва сув тармоғини «қўл учида» қуриб топшириб юборган. Аҳоли кўп йиллардан бери ичимлик сувини ташиб олиб келади. «Алитепа» маҳалласига бориб, фуқароларнинг арзига қулоқ тутдик.

«Намунали лойиҳалар асосида қурилган бу уйларга 2010 йилда кўчиб чиққанмиз. 2011-2012 йилларда ичимлик суви берилган. Лекин, 7-8 йилдан бери тоза ичимлик суви муаммо. Ҳозирги пайтда барча хонадон эгалари ер қаъридан «качалка» (зах сувни тортиш қўлбола қурилмаси) орқали зах сув чиқариб фойдаланиб келамиз. Бу зах сувни аслида истеъмол қилиб бўлмайди», дейди Муқаддамхон Темирова.

«Хонадонимиздан чиқадиган зах сувдан кир ювиш ва шудгор суғориш учун фойдаланамиз. Машинаси бор қўшниларимиз ичимлик сувини ўзлари ташиб келади.  Маҳаллада кимдадир транспорт бор, кимдадир йўқ. Бизга эса тоза ичимлик сувини «Лабо» машинасида ҳафтада 1 ёки 2 марта сотгани олиб келишади. Неча йилдан бери сувни сотиб ичяпмиз», дейди Саодатхон Қодирова.

Хонадонларнинг дарвозахонасида тўпланган бир қанча сув идишларини кўрасиз. Бир хонадон эгасининг айтишича, бу идишлардаги тоза ичимлик суви бир ҳафтага етар экан.

«Бугун кечки пайт сув сотадиганлар келишади. Идишларимизни тўлдириб оламиз», дейди маҳалла вакилларидан бири.

Муаммо бўйича изоҳ олиш учун Марҳамат тумани ҳокимлигида бўлдик. Ҳокимлик мутасаддилари бу муаммога «Сувоқова» ташкилоти раҳбари Хайрулло Ашуровдан изоҳ олишни тавсия этишди.

Хайрулло Ашуров эса бу кўчаларда бундай муаммолар бўлиши мумкин эмаслигини, ўша сув минорасига қўшимча равишда шаҳардаги сув иншоотидан 24 соат мобайнида бериладиган сув тармоғи уланганини ва мазкур маҳалла фуқаролари ичимлик суви учун умуман тўлов амалга оширмаганини таъкидлади. Муаммони биргаликда ўрганишимизни таклиф қилди.

«Сувоқова» ташкилоти раҳбари билан «Алитепа» маҳалласи Давкар кўчасига бирга бордик. Ҳудудда ичимлик сувидан муаммо йўқлигини айтган Х. Ашуров сўзлари нотўғри чиққанидан уялиб қолди. У ичишга яроқсиз озгина сув чиқадиган сув минорасини айтган экан. Мутасадди билан хонадонларга бирга кирганимизда аҳоли вакиллари сувсизликдан қийналиб яшаб келаётганини айтишди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, намунали лойиҳа асосида қурилган уйлар учун бир вақтлар қурилган сув минораси остидан ичишга яроқсиз бўлган оз миқдордаги сув оқиб турибди. Атрофдаги ўнтача хонадон ундан ташиб кир ювиш, томорқани суғоришга фойдаланиб турар экан. «Сувоқова» туман ташкилоти раҳбари ўша озгина оқиб турган сувни ичиш учун яроқли ва қаттиқлиги 7 ёки 8 г.экв/дм3 даражада, дея таъкидлади. Лекин, мутасадди таҳлил ҳужжатларини ҳам кўрсата олмади. Аҳоли вакиллари томонидан СЭОМда қилинган таҳлилда эса сувнинг қаттиқлиги 10,2 даражада эканлигини кўрсатиб турибди.

«Сувоқова» бошлиғи озгина ва яроқсиз ҳолда чиқариб турган сув иншооти туфайли ҳудудда сув борлигини айтган экан. Сув тизими раҳбарининг ўзи ҳам одамлар сувни пулга олиб ичаётганига гувоҳи бўлди.

Муаммо юзасидан аҳоли туман ҳокимлигига кўп марта оғзаки тарзда мурожаат қилган, лекин ҳеч қандай самара бўлмаган.

Аҳоли вакиллари яна ҳудудларида ер захлигини меъёрида ушлаб турувчи зовурлар ҳам кўмилиб кетаётганидан шикоят қилишди.

Марҳамат туман мутасаддилари «Алитепа» маҳалласида истиқомат қилувчи 200та хонадон вакилларининг муаммоларини ҳудуднинг ўзига келиб ўрганишлари лозим. Бу ерда мингга яқин киши рўзғор ва тирикчилик учун энг зарур бўлган ичимлик сувисиз яшамоқда.

Сарварбек Назаров, Kun.uz мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид