Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Қутқарувчилар келганида ҳали улар тирик эди” — Марҳаматдаги ҳодиса тафсилотлари
10 июн куни Андижон вилояти Марҳамат туман тиббиёт бирлашмасининг тўрт нафар техник ходими канализация бункерида вафот этди. Kun.uz мухбири шифохона ходимлари ва мансабдорлари ҳамда қурбонларнинг яқинлари билан суҳбатлашиб, воқеа тафсилотларини суриштирди.
Аввалига Марҳамат тумани тиббиёт бирлашмасида бўлиб, воқеа жойини кўздан кечирдик. Чиқинди сувлари тўпланадиган бункернинг оғзи кесиб ташланган, атрофини махсус тўсиқлар билан ўрашаётган экан.
Муассаса раҳбари ўринбосарлари тасвирга олаётганимизни кўриб нима сабабдан келганимизни сўрашди-ю, ҳолат юзасидан изоҳ сўраганимизда кетиб қолишди. Бироздан кейин туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳам воқеа жойига етиб келди. У ҳам изоҳ беришни хоҳламади.


Муассаса ходимларининг айтишича, бункерга энг аввал сантехник Икром Нишонов тушган, у заҳарлангандан сўнг ёрдам бермоқчи бўлиб боғбон Лочин Қосимов, канализация тозаловчи машина ҳайдовчиси Қобилжон Мамажонов ва электрик Бобур Матхолиқов тушишган.
Гувоҳлар фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳодиса жойига дастлаб асбоб-ускуналарсиз келишгани, шу сабаб ҳали жони узилмаган, ичкаридан ёрдам сўраб бақираётган ходимларга ёрдам бера олишмаганини айтмоқда.
“ФВБ ходимлари келишган пайтда бункер ичига тушган 4 ходимнинг камида 2 нафари тирик эди. Ёрдам беринглар деб бақирганларини аниқ эшитдик. Ўша пайтда ФВБ ходимларининг қўлида бирор бир мослама йўқ эди.
Улар “қўлимизда махсус ускуна йўқ, кейин бизга раҳбаримиз рухсат берсагина ишга киришамиз”, деб туришди. Атрофда шунча одам тўпланиб, то уларнинг жони узилгунча қўлларидан ҳеч нарса келмай тураверишди. Энг даҳшати шу эди.

Ходимлар аввалдан бункерга тушиб келишган. Арзимаган ойликка ишлаб келаётган бечора ходимларни заҳарли газ тўпланиб турган бункерга тушишга мажбур қилишди. Энди эса жавобгарликни ҳеч ким бўйнига олмаяпти”, дейди ҳамширалардан бири.
“Турмуш ўртоғимни бункерга кўп туширишган...”
Тиббиёт муассасасида боғбон бўлиб ишлаган марҳум Лочин Қосимовнинг турмуш ўртоғи Муқаддас Ҳасанованинг айтишича, эри бахтсиз ҳодиса содир бўлишидан аввал ҳам кўп марта бункерга тушиб келган.
“Қайнотамнинг ўлганига 5 ой ҳам бўлгани йўқ, уларнинг ҳали тупроғи совумасдан турмуш ўртоғим вафот этди. У ягона боқувчимиз эди. 3 нафар болам етим қолди. Уларга нима деб жавоб бераман? 1 млн сўм ойлик оладиган оддий боғбонни ҳам заҳарли жойга туширишадими ноинсофлар?!
Турмуш ўртоғимни авваллари ҳам кўп марта ўша бункерга тушириб келишган. Бу ҳақда менга айтиб берарди. Бу ишга мажбур қилганлар жавоб беришсин. Айбдорларга қатъий жазо берилсин”, дейди у.
Бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этган Қобилжон Мамажонов ва Икром Нишоновларнинг ҳам хонадонида бўлиб, оила аъзолари билан суҳбатлашдик. Улар ҳам ҳақиқат юзага чиқиши кераклиги, тушиш мумкин бўлмаган заҳарли бункерни тозалаш мажбуриятини юклаганларга жавобгарлик қўлланиши зарурлигини таъкидлашди.
Биз билан суҳбатлашган Марҳамат тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Тўхтақул Аламатов, муассаса муҳандиси Ўктам Саидаҳмедов, бош электрик Одилжон Мамажоновлар канализация бункерини тозалаш бўйича топшириқ бермаганликларини айтишди.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, тиббиёт муассасаси ходимларининг ўлимига водород сульфиддан ўткир заҳарланиш ва юқори нафас йўлларининг суюқлик билан беркилиши натижасида юзага келган механик асфиксия сабаб бўлган.

Ҳолат бўйича меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузиш моддаси билан жиноят иши очилган. Марҳамат тумани прокуратураси тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Мавзуга оид
16:34 / 04.05.2026
Андижонда юк машинаси уриб кетиши оқибатида пиёда вафот этди
14:12 / 09.12.2025
Марҳамат туманига янги ҳоким тайинланди
19:21 / 20.11.2025
Наманганда таълим тизими мансабдорлари ташкил этган «бункер» фош этилди
09:13 / 11.10.2025