Ўзбекистон | 21:16 / 16.05.2020
16025
6 дақиқада ўқилади

«Паспортимиз йўқолган, Ўзбекистонга қайтиш учун берилган гувоҳноманинг муддати 17 май куни тугайди» – Москва областидаги ўзбеклар

Россия Федерациясининг Москва областида қолиб кетган, 11 мартда барча ҳужжатлари йўқолган, элчихона томонидан Ўзбекистонга қайтиш учун берилган, 17 майда муддати тугайдиган вақтинчалик гувоҳнома билан юрган йигитлар Kun.uz таҳририятига мурожаат қилиб, ватанга қайта олишмаётганини айтишди.

Бобуржон Юсупалиев:

– Россия Федерацияси Москва областида Истра шаҳар-округи Дедовск шаҳрида турибман. 11 март куни –айни карантин бошланган пайтда паспортим ва ҳужжатларим йўқолган. Мен турган квартиранинг эгаси мен ва дўстимнинг паспортимиз, патентларимиз ва миграция рухсатномамизни “регистрация”дан ўтказиш учун олганди, яъни янгидан рўйхатга қўйдириш учун. Йўлда кетаётиб ҳужжатларимизни тушириб қўйган.

Бобуржон Юсупалиев

Эртаси куни у юрган йўлдан юриб ҳужжатларимизни изладик. Лекин тополмадик. Рўй берган ҳолат бўйича ички ишлар идорасига мурожаат қилдик. Бироқ улар ҳам ҳужжатларимизни топиб беришолмади. Қўлимизга ҳужжатларимиз йўқолгани ҳақида талон ёзиб беришди.  

Ҳужжатларимиз йўқолишидан олдин қонуний ишлаб келаётгандим. Базада фальцовкачи бўлиб ишлардим. Карантин пайтида ишимни йўқотдим. Икки ойдан бери ишсизман. Ўзбекистонга қайтиш учун чартер рейс қўйилишини кутиб ўтирибман.

Яқинда кўчада қолишим ҳам мумкин. Чунки квартира тўловини тўлайдиган сана келяпти. Уй эгаси пулимиз бўлмаса одамгарчилик қилиб ўтирмайди. Квартирада бир кишилик жой учун 5000 рубль тўлайман, яна 5000 рубль бир ойлик еб-ичишимга кетади.

Ўзбекистонга қайтиш учун авиачиптага ҳам пул керак. Ишлай десам ҳужжатларим йўқ. Аксига олиб ишхонам ҳам ёпилган. Ҳужжатсиз иш излаб кўчага чиқсангиз, полициянинг қўлига тушасиз. Улар ҳужжатимиз йўқлигини билиб масхаралайди.

Элчихонага паспортим йўқолган куннинг эртасига, яъни 12 март куни мурожаат қилганман. 14 март куни бориб ариза топширганмиз. Элчихона ходимларига катта раҳмат, 17 март куни менга Ўзбекистонга қайтиш учун гувоҳнома – шахсимни тасдиқловчи вақтинчалик ҳужжат қилиб беришган. 17 март куни чегаралар ёпилиб, авиақатновлар тўхтатилган экан. Шу билан қолиб кетдик.

Мен 17 март куни чартер рейслар учун навбатга ёзилганман. Москва – Тошкент йўналиши бўйича навбатдаги чартер рейс 18 май куни қўйилиши эълон қилинди, лекин 17 май куни қўлимдаги вақтинчалик гувоҳноманинг муддати тугайди. Бу ҳужжат билан қайтиб кетоламанми-йўқми, билмай бошим қотиб турибди. Элчихонамизнинг телефонларига бир кунда йигирма марталаб қўнғироқ қиляпман, Телеграмдаги аккаунтларига қайта-қайта ёзаяпман, айримлари ўқилгани йўқ, айримлари ўқилди, лекин саволларимга жавоб берилмади.

Мавлонбек Комилов:

– Бобуржон билан рўй берган ҳолат мен билан ҳам содир бўлди, у билан бирга турамиз, бир жойда ишлардик. 10 март куни патент пулини тўлаб, “регистрация”мизни янгилаш учун ҳужжатларимизни “хозяйка”га бердик. У қайтиб келиб ҳужжатларимизни йўлда йўқотиб қўйганини айтди. Ундан кейин нималар бўлганини шеригим юқорида батафсил айтиб ўтди.

Мавлонбек Комилов

27 март куни Ўзбекистонга чартер рейс қўйилган экан. Элчихонага паспортимиз йўқолганда ариза топширганимизда ва чартер рейслар учун рўйхатдан ўтганимизда Бобуржоннинг рақамини қолдиргандик, чунки менинг телефоним йўқ эди.

Элчихонадагилар 26 март куни кечки пайт Бобуржонга телефон қилишган. У бу вақтда ухлаётган бўлган, шунинг учун қўнғироққа жавоб беролмаган. Эртаси куни эрталаб ўша рақамга қайтиб қўнғироқ қилганимизда телефонни кўтаришмади. Шу куни элчихонага бориб учрашдик.

У ерда бизга чартер рейс жўнаб кетгани, бизни кейинги рейсга ёзиб қўйишганини айтишди. Шундан бери ҳозиргача чартер рейсни кутяпмиз. 18 май кунига чартер рейс қўйилди, лекин кетоламизми-йўқми, бизни чақиришадими-йўқми билмаймиз.

Қўлимиздаги вақтинчалик ҳужжат – Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномасининг муддати 17 майда тугайди. Муддати ўтиб кетмасдан янгилаб олайлик, 18 майдаги махсус рейсдан қолиб кетмайлик деб элчихонага бордик, лекин полициячилар элчихона ёпиқ, ишламаяпти, кетинглар деб бизни ҳайдаб юборишди. Узоқ жойдан борганимиз, қолаверса, телефон ва Телеграм орқали саволларимизга жавоб ололмаётганимиз учун бўш қўл билан қайтиб кетгимиз келмади. Элчихона биносини айланиб ўтганимизда полиция ходимлари тутиб олишди. Қамаб қўйиш билан қўрқитишди. Ялиниб-ёлворганимиздан кейин ҳар биримиздан минг рублдан олиб бизни қўйворишди.

Бобуржон билан бир жойда ишлардик. Айни пайтда ишхонамиз ёпилган, ишсизмиз. Охирги ойлигимизни еб ўтирибмиз. Тез кунда қўлимиздаги бор пул ҳам тугайди. Авиачипта учун таниш-билишлардан қарз олмоқчимиз.

Элчихонадагилар ҳолатимизни тўғри тушуниб, навбатдаги чартер рейс қўйилиши билан хабар берамиз, авиачиптанинг нархини ва уни қаердан олишни, қайси аэропортдан учиб кетилишини айтамиз дейишган. Лекин мана бугун 15 май ўтиб бўлди (суҳбат 15 май куни ёзиб олинган – таҳр.), ҳалигача ҳеч ким қўнғироқ қилмади. 18 май куни навбатдаги чартер рейс учиб кетади, биз қолиб кетишдан хавотирдамиз.

Kun.uz таҳририяти мақолада исмлари келтирилган икки йигит билан боғлиқ вазият бўйича изоҳ сўраб Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида кўрсатилган рақамлар орқали Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси вакиллари, хусусан, бош консул Меҳриддин Хайриддиновнинг Telegram’даги аккаунтларига хабар йўллади. Ҳозирча ушбу хабарларга ҳеч қандай жавоб қайтарилгани йўқ.

Воқеалар ривожини кузатишда ва хорижда мураккаб аҳволга тушиб қолган юртдошларимизнинг муаммоларини ўрганишда давом этамиз.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Мавзуга оид