Жамият | 11:00 / 17.05.2020
17530
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz'нинг «Сирдарёга ёрдам» акциясида йиғилган маблағлар тошқиндан зарар кўрган 118 оилага тарқатилди

Kun.uz таҳририяти «Сардоба» сув омборидаги офатдан жабрланганларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида 4 май куни «Сирдарёга ёрдам» хайрия акциясини эълон қилган эди.

Aкция доирасида кўрсатилган банк карталарига 16 май ҳолатига кўра жами 236 млн сўмга яқин маблағ келиб тушди.

Бундан ташқари, исми сир қолишини истаган савобталаб тадбиркорлар 504 дона ёз мавсумига мўлжалланган янги эркаклар кўйлаги ва 38 жуфт янги эркаклар пойабзалларини тақдим этишди.

Таҳририят ходимлари 16 май куни Мирзаобод ва Оқолтин туманларида бўлишди ва акция доирасида йиғилган 236 миллион сўмга яқин пул маблағлари талафотдан жабр кўрган оилаларнинг 118тасига 2 млн сўмдан тарқатилди. Шунингдек, хайрия қилинган кўйлак ва пойабзаллар ҳам ўз эгаларига етказилди.

Aйни вақтда банк карталарига пул маблағлари тушишда давом этмоқда. Тез кунларда келиб тушган қолган пул маблағлари ҳам тошқиндан жабр кўрган сирдарёликларга етказиб берилади.

Шу ўринда ҳисоб рақамларимизга келиб тушган пул маблағларини фоизсиз нақдлаштириб берган «Aгробанк» ва «Orient Finans Bank» мутасаддиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Aзиз юртдошлар!

Муборак Рамазон ойида хайрли ишда фаол бўлганингиз, ўзгалар тақдирига бефарқ эмаслигингиз ва оғир кунида юртдошларимизни ёлғизлатиб қўймаганингиз учун сизларга ўзимиз ва талафотдан жабр кўрган сирдарёликлар номидан миннатдорчилик билдирамиз.

Қилган эҳсонларингиз бугун кўпдан кўп оилаларга куч ва қувонч олиб кирди, ватандошларимиз кўзларига ёш олиб, дуо қилишди.

Эҳсонларингиз охиратда нур бўлиб, йўлингизни ёритсин. Хайрли амаллардан чарчаманг, азизлар!

Мавзуга оид