Жамият | 15:49 / 18.05.2020
13694
4 дақиқада ўқилади

Дармонжон опа дармон истаб, саховатпеша инсонлар кўмагига муҳтож - унинг юраги оғир хаста

Хоразм вилояти, Гурлан туманида яшовчи Дармонжон Аҳмедова оғир юрак хасталигига чалингани сабабли қимматбаҳо жарроҳлик амалиётига маблағ тополмаяпти. Аёл шифо топиши учун яхши инсонларнинг кўмагига умид боғламоқда.

Дармонжон Аҳмедова 1965 йилда туғилган, эри, икки ўғли ва келини билан Гурлан тумани, Нуробод маҳалласидаги Лолазор кўчасида истиқомат қиляпти. Аёл кўп йиллар давомида Болалар санъат мактабида фаррош бўлиб ишлаган. 2019 йилда унда оғир хасталик – орттирилган юрак нуқсони борлиги аниқланган.

«2019 йил октябрь ойида бирдан мазам қочиб, юролмай қолдим. Шифокорларга мурожаат қилдим. Барча таҳлиллар топширилганидан сўнг, кардиолог кўригидан ўтишимни маслаҳат беришди. Шунда юрагимнинг бир клапани ишдан чиққани ва жарроҳлик йўли билан алмаштириш лозимлиги, иккинчи клапанини эса даволаш шартлиги маълум бўлди. Олдин ҳам қон босимим жуда баланд бўлган. Йўқчилик қурсин, эътибор бермай, ишлаб юраверган эканман. Натижада, оғир хасталикка айланиб кетибди», - деди Дармонжон опа.

Касаллик аниқлангандан сўнг, Дармонжон опа ишдан қолди. Айни пайтда уйида зарур дориларни қабул қилиш билан кифояланмоқда. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали шифокорлари тавсиясига кўра, аёлнинг юраги зудлик билан жарроҳлик амалиётидан ўтказилиши, бир клапани алмаштирилиши, иккинчиси эса даволаниши шарт. Бунинг учун 34 млн сўмга яқин маблағ талаб қилинади.

Дармонжон опанинг эри Мақсуд ака Саидов қурилиш объектида қоровул бўлиб ишлаяпти. Икки ўғли доимий иш билан таъминланмаган, мавсумий ва кунлик ишларда меҳнат қилишади. Топган-тутган маблағлар эса рўзғор харажатларидан ортмаяпти. Аёлнинг касаллик варақаси орқали олаётган пуллари дориларига сарфланмоқда. Саидовлар оиласи кам таъминланган оилалар рўйхатида туради.

Онасининг оғир хасталикка чалингани маълум бўлгач, катта ўғли зарур маблағни тўплаш учун шу йилнинг бошида Россияга йўл олган. Аммо чегарада унинг ҳужжатлари муаммоли экани аниқланган. Чегарачилар Россияда олган патентнинг қалбаки эканини айтиб, Россия ҳудудига киришни тақиқлаб қўйишган. Натижада йигит ортга қайтишга мажбур бўлган. «Патентни берган фирма унинг қонуний эканига ишонтирган эди», - деб куюнади ўғил.

Ҳозирги вақтда 55 ёшли Дармонжон опа тўшакдан деярли турмайди. Сал ҳаракатда ҳансираб қолади, юраги тез-тез уради, ҳаво етишмаслигидан, умумий ҳолсизликдан азият чекмоқда. У кардиолог назоратида бўлиб турибди.

Дармонжон опанинг шифо топиши, яна нормал ҳаётга қайтиши учун имконият бор. Бунинг учун у жарроҳлик амалиётидан ўтиши, юрагидаги клапан алмаштирилиши, иккинчиси эса даволаниши шарт. Kun.uz’нинг хайр-эҳсонни хуш кўрувчи, савобталаб, саховатпеша ўқувчилари, Дармонжон опанинг шифо топиб, хасталикдан фориғ бўлишига ҳиссамизни қўшайлик. Унинг ва фарзандларининг хурсандчилигига шерик бўлайлик. Ҳар ким имкони даражасида ёрдам қўлини чўзса, тома-тома кўл бўлганидек, онахон учун ҳам зарур маблағ саноқли кунларда тўпланишига шубҳа қилмаймиз. Имкони йўқлар эса ғойибона дуоларида шифо тилаб қўйсалар, шу орқали маънавий ёрдам берган бўладилар. Илоҳим оналаримиз ҳеч қачон касал бўлмасин.

Дармонжон Аҳмедованинг пластик карта рақами:

8600 0207 0945 8298

(PAYME ва Click, Миллий банк)

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади

Мавзуга оид