Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой ўз элчисининг ўлими тафсилотларини ўрнатиш учун Исроилга махсус жамоа жўнатади
Хитой 18 май куни Исроилдаги элчиси Ду Вэй вафотининг ички терговини ўтказиш учун Исроилга махсус жамоа жўнатади. Элчи 17 май куни Тел-Авив яқинидаги қароргоҳида жонсиз ҳолда топилганди.
Жамоанинг юборилиши ҳақида Исроилнинг Haaretz нашри хабар берди. Нашрнинг ўз манбаларига таяниб маълум қилишича, махсус жамоа элчининг ўлими тафсилотларини ўрнатиш учун ички тергов ўтказади ва Хитой элчихонасининг фаолиятини мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Бундан ташқари, жамоа элчи жасадининг Хитойга жўнатилишини ташкиллаштиради. Жамоа билан бирга Исроилга элчи оиласининг вакили ҳам учиб келади.
Таъкидланишича, Ду Вэй Исроилдаги элчи лавозимини жорий февралдагина эгаллаган. Хитой марказий телевидениеси у саломатлигидаги сабабларга кўра вафот этганини, бироқ бу “қўшимча текширув ва тасдиқни талаб қилишини” маълум қилган.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги элчининг вафоти муносабати билан унинг оиласига таъзия билдирган.
Аввалроқ ўз ҳамдардлигини Исроил ташқи ишлар вазири Исраэль Кац билдирганди. “Мени Ду Вэйнинг тўсатдан вафот этиши ҳақидаги фожиали хабар эсканкиратиб қўйди. Элчи Ду Вэй атоқли дипломат эди, у Исроилда қисқа вақт бўлишига қарамай, давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар ривожига ўз ҳиссасини қўшишга улгурди”, деб айтилган Кацнинг баёнотида.