Хусусий мактаб ўқувчини бошқа мактабга олиб кетишни талаб қилиши ноқонуний - Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги раҳбари Элмурот Хаитметов хусусий мактаблар истеъмолчидан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ талаб қилишга ҳақли эмаслигини маълум қилди.
Хусусий мактаблар ўқувчиларга фақат масофавий дарсларни бериш, шунингдек, мактабдан фойдаланиш харажатларини ҳисобга олган ҳолда тўловларни қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлади. Яъни транспорт, овқатлантириш ва бошқа қўшимча тўгараклар харажатларини чегириб ташлаган ҳолда истеъмолчи билан шартномага қўшимчалар киритиш керак. Бу ҳақида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Элмурот Хаитметов айтиб ўтди.
У ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган масала – карантин даврида хусусий мактаблардаги тўлов масаласига тўхталди.
«Бу борада агентлигимизга бир қатор аризалар келиб тушди. Аризаларни ўрганиш жараёнида шу нарса маълум бўлдики, хусусий мактабларда шартномалар ҳар хил шаклда тузилган: бир-бирига ўхшаш эмас, намунавий шаклда тузилмаган.
Бугунги кунда пандемия сабабли республикамизда жорий этилган карантин даври форс-мажорга тенглаштирилди. Шартномаларда форс-мажор шартлари назарда тутилмаган. Аксарият шартномаларда хусусий мактаблар томонидан ота-оналар фарзандларига кўрсатилган хизматлар – Ўзбекистон таълим стандартлари даражасида билим бериш, ўқувчилар учун бошқа шароитларни яратиш, масалан,тўрт маҳал овқатлантириш, айрим хусусий мактабларида ўз транспортида ташиш контракт қийматига киритилгани маълум бўлди.
«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талабларидан келиб чиқиб, [хусусий мактаблар] истеъмолчидан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ талаб қилишга ҳақли эмас. Бу қонунчилигимизнинг 21-моддаси билан белгиланган. Шу талаблардан келиб чиқиб, хусусий мактаблар ўқувчиларга фақат масофавий дарсларни бериш, шунингдек, мактабдан фойдаланиш харажатларини ҳисобга олган ҳолда тўловларни қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлади. Яъни транспорт, овқатлантириш ва бошқа қўшимча тўгараклар харажатларини чегириб ташлаган ҳолда истеъмолчи билан шартномага қўшимчалар киритиши керак бўлади. Буни талаб қилишга ота-оналар ҳақли. Уларнинг ҳуқуқлари «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун билан кафолатланган. Шундан келиб чиқиб, шартнома тузилишини талаб қилиш мумкин.
Мабодо хусусий мактаблар шартномаларга ўзгартиришлар киритишдан бош тортса, бизнинг агентлигимиз ёки суд идораларига мурожаат қилиш мумкин», дейди Элмурот Хаитметов.
Мазкур масала юзасидан келишувга эришилмаганида айрим хусусий мактаблар томонидан ўқувчини бошқа мактабга кўчириш талаби қўйилгани ҳақида гапирилди.
«Келишувга эришилмаганида хусусий мактаблар ота-оналардан фарзандларини ушбу мактабдан бошқа мактабга олиб кетиш талабларини қўйган ҳолатлар мавжуд. Бундай талаблар ноқонуний. Адлия вазирлигида 2684-рақам билан рўйхатдан ўтган тартибга кўра, давлат мактабларида йил давомида ўқувчиларни мактабдан мактабга кўчириш масаласи бор, фақат чорак якуни билан. Чорак якунланмасдан ўқувчиларни мактабдан мактабга кўчириш мумкин эмас.
Мамлакатимизда таълим мажбурий, шундан келиб чиқиб, чорак якунланмасдан хусусий мактаблар шартномаларда келишувга эришилмаганлиги сабабли ўқувчиларни кўчириш масаласини талаб қилишга ҳаққи йўқ», дейди агентлик директори.
Мавзуга оид
13:09 / 06.08.2020
«И.Каримов издошлари» инновацион хусусий мактабида янги ўқув йилига қабул жараёни бошланди
02:02 / 11.06.2020
Янги ўқув йилидан хусусий мактабларда онлайн дарс ўтилса, тўлов миқдори ўзгарадими?
19:17 / 19.05.2020
Етказиб берилган маҳсулот яроқсиз чиқиши ҳолатида айбдор ким? Агентлик директори жавоб берди
15:20 / 31.03.2020