Kun.uz’нинг навбатдаги подкасти Тошкентдаги “Ал-жабр” хусусий мактаби раҳбари Матлуба Қараходжаева билан бугун хусусий таълимнинг бизнесга айлантирилаётгани, таълим сифати ва муаммолари ҳақида бўлди.
Устоз ҳимоя қилинмас экан - бу тугамайди
“80% хусусий мактаблар ўзининг комфорт шароити билан ота-оналарни ўзига жалб қилиб, болаларни ўқитиб келмоқда. Улардаям таълим сифати паст дея олмайман. Буни таълим сифатини назорат қилувчи ташкилотлар назорат қилади. Лекин болага ёшликда комфорт шароитни шакллантириб берсак бу бола келажакка қанчалик мақсад қўя олади? Таълим маскани яратаётган шахс бунга эътибор бериши керак. Нафақат мактабда – уйда ҳам керагидан ортиқ шароит яратиб берсам болам мақсад қўя оладими? Шароитнинг зўр бўлиши мақсадсизликка олиб келади.
Бола тарбия қилаётган ота-оналар мактаб мажбур, мактаб менинг айтганимни қилиши керак. Давлат мактабларида ҳам, хусусий мактабларда ҳам бу тенденция жуда ёмон шаклланиб қолган. Ижтимоий тармоқларда ўқитувчига тазйиқ ўтказиш, қўл кўтариш каби ҳолатларни ёритишда вазиятни охиригача ўрганмасдан ёритиб чиқилишидан хафа бўламан. Бу устоз шу мақомга етгунича қанча машаққатлардан ўтган. Уни шу ҳолатга олиб келган боладами айб ёки устоздами? Улар юзлаб болалар билан ишлашади. Қанақа психологик ёрдам бериляпти устозларга давлат томонидан? Жамият, масъул ташкилотлар устозни ҳимоя қилмас экан, бу тугамайди”.
Мактаб раҳбарига кўра, “Ал жабр” хусусий мактабида ўқитувчилар учун психологик ёрдам йўлга қўйилган. Мактабга қабул жараёнида мактаб кодекси билан таништирилиб, ўқувчи ва ота-онанинг вазифалари юзасидан шартнома имзоланади. Бир йилда ушбу шартномага амал қилмаган 100 га яқин ўқувчиларнинг ота-онаси билан шартнома бекор қилинган.
Сон эмас сифатга ишлаймиз
“Ўқишида, хулқида, ички тартиб-қоидаларни қўпол равишда бузган 100 ўқувчининг ота-онаси билан шартномани бекор қилдик. Сон учун ишламаймиз, сифат учун ишлаймиз. Битта бўлсин — келажагини қурадиган бўлсин.
Ота-оналарнинг нотўғри тафаккури оилада болага “мен 3 га ўқиганман, 5 олишинг шартмас” деган тушунчани сингдириб қўйишяпти. Бирорта устоз болага ёмонлик тиламайди.
Жуда кўп эътирозлар бўлади. Ҳар битта мактабдан четлаштирилаётган ота-она менга нисбатан негатив билан кетади. Норози бўлишади, ҳатто кетмаслик учун қўйилган жариманиям тўлашга рози бўлишади. Бизда ўқишдан четлаштирилмаслик учун катта миқдорда жарималар бор. Бир марта қўпол тарзда ички тартиб-қоидани бузганлик учун 5 млн жарима тўлаш керак”.













