19:17 / 19.05.2020
2584

Етказиб берилган маҳсулот яроқсиз чиқиши ҳолатида айбдор ким? Агентлик директори жавоб берди

Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Элмурот Хаитметов истеъмолчилардан келиб тушган саволларга жавоб берди.

«Карантин даврида маҳсулотларга буюртма бериб, уларни уйга олиб келтириш - энг талабгир хизматлардан бўлди. Бу ерда етказиб берувчининг вазифалари, сотувчининг мажбуриятлари бор. Сиз маблағни сотувчига кўчиргансиз. Келишув шартига мувофиқ, сиз харид қилган маҳсулотнинг уйгача етказиб берилиши белгиланган. Шу сабабли маҳсулотнинг сифати ёки рекламада айтилган кўрсаткичларга мос эмаслиги маълум бўлса, сиз маҳсулотни худди шундай сифатлисига алмаштириш ёки маблағни қайтариб бериш тўғрисида сотувчига мурожаат қилишингиз мумкин. Агар сотувчи шу мажбуриятларни бажармаса, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилиб, ўз-ҳақ ҳуқуқларингизни тиклашингиз мумкин», деди Элмурот Хаитметов.

Истеъмолчилар телевидение ва радиодаги реклама вақтлари агентлик томонидан назорат қилиниши борасидаги саволга Элмурот Хаитметов қуйидаги фикрларни билдирди.

«Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонунида телевидениеда кўрсатувларнинг ҳар қанча дақиқасида узиб, рекламалар қўйиш қатъий белгиланган. Бу борада агентлик томонидан даврий мониторинглар амалга оширилади. Худди шунингдек телевидениеда реклама овозининг баландлиги кўрсатув овозидан баланд бўлмаслиги, берилаётган рекламаларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги, қонунга мослиги юзасидан доимий мониторинг, ўрганишлар амалга оширилади. Қонун бузилиш ҳолатлари кузатилганида бартараф қилиш юзасидан реклама тарқатувчига кўрсатмалар берилиб, қонун талабларига мослаштирилади», дейди агентлик директори.

Мавзуга оид
Top