Жаҳон | 04:53 / 20.05.2020
6079
2 дақиқада ўқилади

Башар Асаднинг яқин қариндошига тегишли активлар музлатиб қўйилди

Фото: AFP

Сурия президети Башар Асаднинг тоғасининг ўғли Рами Маҳлуфга тегишли активлар музлатиб қўйилди. У мамлакатнинг энг бой одамларидан бири экани айтилади. Сурия ҳукуматининг бу борадаги ҳужжати 19 май куни имзоланган.

Сурия президентининг онаси томондан яқин қариндоши бўлган Рами Маҳлуф мамлакатнинг йирик алоқа оператори Syriatel эгаси бўлиш билан бирга яна қатор йирик бизнес тармоқларини юритади. Унинг активлари 5 миллиард, баъзи манбаларда эса 10 миллиард долларга баҳоланади. Маҳлуф мамлакатга катта миқдорда тамаки ва автомобиль импорт қилиш билан шуғулланади. Шунингдек, у меҳмонхона бизнеси, суғурта ва энергетика секторида ҳам катта миқдордаги активларга эга. Фуқаролар урушигача Маҳлуфга тегишли компаниялар Сурия иқтисодиётининг 60 фоизини назорат қилгани айтилади.

Маҳлуф Башар Асад ҳукуматга келган 2000 йиллардан бошлаб унинг яқинларидан бири бўлиб келган. 2008 йил АҚШ Маҳлуфни Асад оиласининг коррупцион йўл билан орттирган активларини сақловчи шахс эканини иддао қилиб, унга нисбатан санкция қўллайди.

«Медуза»нинг The Times`га асосланиб ёзишича, 2019 йилда Башар Асад ҳамда Рами Маҳлуф ўртасида келишмовчилик бошланади. Британия нашрига кўра, ўшанда Россия Асаддан кредит бўйича бир неча миллиард долларни қайтаришни сўрайди. Сурия президенти эса бу борада қариндоши Маҳлуфга мурожаат қилиб, рад жавобини олади.

Кейинчалик ўзининг фейсбукдаги саҳифасида видеомурожаат йўллаган Маҳлуф ҳукумат Syriatel`дан бюджетга 185 миллион доллар тўлашни ва унинг ўзидан раҳбарликдан кетишини талаб қилаётганини айтганди. Тахмин қилинишича, Сурия ҳукуматида уруш сабаб юзага келган иқтисодий муаммо фонида Асад ва Маҳлуф ўртасидаги келишмовчилик жиддийлашган. Октябрь ойида Башар Асад хусусий сектор вакилларини «иқтисодиётни емиришда» айблаб, улар барча пулларни қайтариши кераклигини айтганди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид