Жамият | 12:00 / 20.05.2020
14313
4 дақиқада ўқилади

Катта дардни кўтарган мурғак юраклар – қон хасталиги билан курашаётганлар кўмак кутмоқда

Дарднинг катта-кичиги бўлмайди. Аммо шундай дардлар борки, кичик жуссалар учун жуда катталик қилади. Улар билан курашиш учун мустаҳкам ирода, сабр билан бирга озмунча бўлмаган молиявий ресурслар ҳам талаб этилади.

Kun.uz’нинг навбатдаги хайрия акцияси қон касалликлари билан курашаётган мурғак болалар тақдирига бағишланган. Кўпчиликнинг молиявий аҳволини янада таранглаштирган карантин даврида уларга ва яқинларига яхшилар кўмаги ҳар доимгидан ҳам зарур.

Роҳатой Юсупжонова

9 ёшли андижонлик Роҳатой Юсупжоновага апластик камқонлик ташхиси қўйилган. Ҳар уч ойда даволатиш – кимётерапия муолажалари ва дори-дармонлар катта маблағ талаб этади. Бир муолажа курси учун 30 млн сўм керак. Отаси Мақсудбек Йўлдошев Россия давлатида ишлаб, даромад топарди, ҳозирги карантин туфайли ишсиз. “Қўлимиздаги бор маблағни дори-дармонга ишлатиб бўлдик. Ҳозир яна муолажа вақти келиб қоляпти. Нима қилишни билмаяпмиз”, дейди беморнинг отаси.

Роҳатой Юсупжоновага тегишли маълумотлар:

UzCard: 8600 3329 3571 3168 (отаси Мақсудбек Йўлдошев номида)

Visa: 4231 2000 0082 2485 (отаси Мақсудбек Йўлдошев номида)

Сбербанк: 5469 7500 1251 0411 (Светлана Викторовна Г. номида)

Телефон рақами: +998934257210

Сарвиноз Носирова

Эндигина 3 ёшни қаршилаётган Сарвиноз Носировага икки ой аввал ўткир лимфобласт лейкоз ташхиси қўйилган. Чуст туманидан келиб, Гематология ва қон қуйиш институтида даволанмоқда. Битта муолажа курси учун ўртача 40 млн сўм харажат кетади. Бундай муолажа курсидан 3 марта олиш керак. Онаси ишсиз, 9 ойлик гўдагини қариндошлар қўлида қолдириб, Сарвинознинг ёнида бўлишга мажбур. Отаси Илҳомжон Юнусов ошпазлик билан рўзғор тебратади. Оила жигарбандининг тузалиши учун яхшилар кўмагидан умидвор.

Сарвиноз Носировага тегишли маълумотлар:

UzCard: 8600 0609 0396 3610 (онаси Мадина Имомалиеванинг номида)

Сбербанк: 4276 4000 7942 1799 (отаси Илҳомжон Юнусов номида)

Телефон рақами: +998993925707

Анвархўжа Абраматов ва Дурдонахон Абраматова

Таҳририятга мурожаат қилган қумқўрғонлик Азамат Тўхташев мушкул аҳволда қолган. Катта фарзанди Анвархўжа Абраматов 17 ёшда. 15 йилдирки, 2-гуруҳ ногирони – гемофилия ташхиси билан Гематология ва қон қуйиш институтида даволаниб келади. Ҳар саккиз соатда дори қабул қилиб туришига тўғри келяпти. Устига-устак, оиланинг кенжаси – 2 яшар Дурдонахонда ҳам ўрта оғирликдаги анемия ташхиси қўйилган. Қизалоқнинг даволаниши учун 20 млн сўм маблағ керак. Оила икки нафар фарзандининг муолажаси учун Тошкентда ижарада яшашга мажбур. Моддий жиҳатдан қийналиб қолишган.

Анвархўжа ва Дурдонахон Абраматовларга тегишли маълумотлар:

UzCard: 8600 0424 4242 7232 (Анвархўжа Абраматов номида)

Visa: 4097 8211 0070 7806 (отаси Азамат Тўхташев номида)

Телефон рақами: +998933787480

Оғабек Исматуллаев

Хатирчилик Оғабек Исматуллаев 2-синф ўқувчиси. Шу йилнинг апрель ойида унга ўткир миелобластик лейкоз ташхиси қўйилган. Бемор камида 4-6та муолажа курси олиши керак. Курснинг биттаси учун 25-30 млн сўм талаб этилади. “Қариндошлар билан 10 млн атрофида йиғиб келгандик. Ҳозир олаётган муолажасининг ўзига ҳам 10-15 млн керак бўляпти. Анча қарз кўтардик. Ҳали кейинги муолажа курсларини нима қилишни ўйлаб кўрганимиз йўқ... Саховатпешалар қўлларидан келганча Аллоҳ розилиги учун ёрдам беришидан умидвормиз”, дейди беморнинг отаси Ойбек Тўхташев.

Оғабек Исматуллаевга оид маълумотлар:

UzCard: 8600 0423 1723 0018 (отаси Ойбек Тўхташев номида)

Visa: 4278 3100 2019 5483 (отаси Ойбек Тўхташев номида)

Humo: 9860 0303 1500 4587 (отаси Ойбек Тўхташев номида)Телефон рақами: +998934318782

Юқорида маълумотлари келтирилган беморлар ва уларнинг яқинлари даволанишдан умидвор. Бунга эса сиз-у бизнинг оз бўлса-да, ҳиссамиз қўшилиши мумкин. Ҳар биримиздан берилган кичик маблағ ҳам тўпланиб, уларнинг мушкулини осон қила олади. Илинж билан мурожаат қилган ҳамюртларимизнинг тақдирига бефарқ бўлмайлик. Яхшилик изсиз кетмайди.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади. 

Мавзуга оид