Жаҳон | 08:31 / 21.05.2020
4365
2 дақиқада ўқилади

Япония Халқаро коинот станцияси томон фазогирсиз кемани муваффақиятли жўнатди

Япония Халқаро коинот станцияси томон “Конотори-9” (Лайлак-9) фазогирсиз кемасини муваффақиятли жўнатди. Кема ХКС билан 25 май куни туташиши керак.

Бу ҳақда Япониянинг аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги маълум қилди.

Кема ракета-ташувчи ёрдамида Танэгасима космодромидан учирилган. У ракетадан 280 км баландликда ажралган ва ҳозирда белгиланган траектория бўйича ҳаракатланмоқда. Кема ХКСга 25 май куни етиб келиб, у билан бирикиш учун роботлаштирилган манипулятор ёрдамида тутиб олинади. Кема станцияга 6 тонна қурилма ва бошқа зарур юкни, жумладан дунёдаги биринчи космик робот-аватарни етказади.

Бу парвоз “Конотори”нинг жорий версиясининг сўнгги парвози ҳисобланади. Япония кейинчалик кеманинг каттароқ сиғимдорликка эга модернизация қилинган версиясини қўлламоқчи.

Таъкидланишича, коронавирус пандемияси сабабли аэрокосмик тадқиқотлар агентлигининг кўплаб ходимлари масофадан ишлашга ўтказилган. Шу сабабли кема учирилиши видеоанжуман режимида амалга оширилган. Бундан ташқари, старт майдончаси коронавирусга қарши курашаётган тиббий ходимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўк ранг билан ёруғлантириб турилган.

Япониянинг биринчи юк кемаси “Конотори-1” 2009 йилда учирилган. У ўша йилнинг 10 сентябрида станция томон учирилиб, бир ҳафтадан кейин унга туташган. Бу сериядаги кемалардан охиргиси - “Конотори-8” 2019 йил сентябрда учирилганди. Ўшанда у ХКСга Ер билан оптик телекоммуникацияни амалга оширишга мўлжалланган қурилмани етказган.

Мавзуга оид