Ўзбекистон | 12:17 / 22.05.2020
5267
2 дақиқада ўқилади

Математика йўналишидаги талабалар ва тадқиқотчилар учун стипендия жорий этилди

Стипендия математика таълим йўналишларида 2-курсни тугатган бакалавриат, 1-курсни тугатган магистратура талабалари ва 1-босқични тугатган таянч докторантларга тайинланади. 

Фото: iStockPhoto

Математика йўналишида таълим олаётган талабалар ва тадқиқотчилар учун академик Тошмуҳаммад Саримсоқов номидаги стипендия жорий этилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, стипендия республика олий таълим муассасаларида Математика таълим йўналишларида 2-курсни тугатган бакалавриат, 1-курсни тугатган магистратура талабалари ва 1-босқични тугатган таянч докторантларга тайинланади. 

2020-2021 ўқув йили учун академик Т.Саримсоқов номидаги стипендия квотаси:

5 нафар бакалавриат талабаси учун (10 ой муддатга ҳар ойда 750 минг сўмдан);

5 нафар магистрант учун (10 ой муддатга ҳар ойда 1 млн. сўмдан);

5 нафар таянч докторант учун (2021 йил учун 10 ой муддатга ҳар ойда 1,5 млн. сўмдан) белгиланди. 

Стипендия Ўзбекистон президентининг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4708-сонли қарори асосида Математика институти ҳузуридаги Математика фани ва таълимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш Жамғармаси томонидан таъсис этилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид