Жаҳон | 20:25 / 22.05.2020
16266
2 дақиқада ўқилади

Трамп коронавируснинг иккинчи тўлқини юз бергудек бўлса АҚШни ёпишдан бош тортди 

АҚШ президенти Дональд Трамп агар кузда коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини юз бергудек бўлса, ҳукумат қатъий чекловлар киритмаслигини ва мамлакатни ёпмаслигини маълум қилди. 

Фото: Leah Millis / Reuters

Трамп бу ҳақда журналистлар билан учрашув давомида маълум қилган, деб хабар берди The Hill нашри.

АҚШ президентининг таъкидлашича, коронавируснинг иккинчи тўлқини юз бериши эҳтимоли юқори. “Бу стандарт. Биз оловни ўчирмоқчимиз. Биз мамлакатни бошқа ёпмоқчи эмасмиз”, деб айтган президент.  

Трамп, шунингдек, мамлакат инфекциянинг кейинги авж олишини боса олишига ишончи комиллигини айтган. “Бу чўғланиб турган кўмир ёки олов бўладими, биз уни ўчирамиз, аммо мамлакатимизни ёпмаймиз”, деб таъкидлаб ўтган Трамп.

Апрелда АҚШнинг бир нечта штатлари коронавирус пандемияси шароитида мислсиз қадамларни амалга ошириб, ўз чегараларида назорат пунктлари ўрнатган ва ўз ҳудудларини деярли ёпишган. Мисол учун, Флорида ва Техасда патруллар ушбу штатларда яшамайдиган америкаликлардан ташриф вақтида 14 кунлик карантиндан ўтиш мажбуриятини имзолаш ва улар тўхтамоқчи бўлган жой манзилини беришни талаб қилишган.

Жорий ҳафтада АҚШнинг барча штатлари коронавирус сабабли киритилган барча чекловларни енгиллаштиришга тайёрлик билдирган. Баъзи корхоналарга одамлар иш жойларига қайта олишлари учун ишлаб чиқаришни бошлашга рухсат берилган. Ушбу қарорлар Аризона, Шимолий Каролина, Техасда касалланиш ҳолатлари кўпайганига қарамай қабул қилинган.

Мавзуга оид