Фан-техника | 22:08 / 25.05.2020
10489
2 дақиқада ўқилади

44,2 Тбит/сония: Ахборотни узатиш бўйича ақлбовар қилмас тезлик рекорди ўрнатилди

Австралиялик тадқиқотчилар хитойлик ва канадалик ҳамкасблари билан интернет тезлигини 44,2 Тбит/сонияга тезлаштира олган чипни яратишди. Бу тезлик амалдаги энг тезкор уй интернетидан 44 минг марта тезроқдир.

Олимлар бундай улкан тезликка янги оптик чип эвазига эришишган. Чипнинг ўлчами 5 ммга 9 ммни ташкил қилади. Унинг ёрдамида оптик-толали кабел ичида микролазерлар солит кристаллар билан таъсирлашганда микротожлар ҳосил қилади. Ушбу микротожлар ҳар бирини алоҳида коммуникация канали сифатида қўллаш мумкин бўлган 80 та алоҳида инфрақизил лазер ўрнини босади. 

Олимлар янги чипнинг тадқиқотини Австралиядаги Монаш, Суинберн ва Мелбурн университетлари бинолари орасида тортилган 76,6 км кабелда ўтказишган. 4 Тгц ўтказиш қобилиятига эга тармоқ маълумотларни 44,2 Тбит/сония тезлик билан узата олган.

Амалиётда бундай тезлик қанчалик катталигини тасаввур қилиш мураккаб. Бундай тезликда НD форматдаги 1000 та фильмни бир сониядан камроқ вақт ичида кўчириб олиш мумкин. Ваҳоланки, 2019 йил декабрда дунёда симли интернетнинг ўртача тезлиги 70 Мбит/сонияни ташкил қилган. Жумладан, бугунда фойдаланувчилар учун интернетга энг тезкор уланиш 1 Гбит/сонияни ташкил қилади. АҚШ энергетика вазирлигининг махсус илмий тармоғи Esnet тезлиги 400 Гбит/сонияга етади, бироқ бу тармоқдан NASA каби ташкилотларгина фойдаланади.  

Бундай катта тезликка мавжуд тармоқларда эришилгани ушбу технологияни оммавий қўллаш мумкинлигини кўрсатади. Фақатгина янги чипларни тармоқ инфратузилмасига киритиш усулини топиш керак бўлади. Аммо бунга муайян вақт талаб қилиниши мумкин.

Мавзуга оид