Ўзбекистон | 17:16 / 26.05.2020
16309
2 дақиқада ўқилади

Адлия вазирига яна бир ўринбосар тайинланди

Баҳром Тўлқинович Кўчқоров президент қарорига мувофиқ адлия вазирининг ўринбосари этиб тайинланди 

Баҳром Кўчқоров 1972 йилда Наманган шаҳрида туғилган, маълумоти олий, 1994 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 1998 йилда Вашингтон ҳуқуқ коллежини (АҚШ), 1999 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган, мутахассислиги юрист, иқтисодчи. 

У ўз меҳнат фаолиятини 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Иқтисодий ислоҳотлар бўйича қонун ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертиза қилиш бошқармаси катта маслаҳатчиси лавозимидан бошлаган.

У ўз вақтида президентнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари — президент Юридик хизмати раҳбари ҳам бўлган.

У 2017 йилдан Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаган, 2020 йил 5 мартида эса Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Шавкатжон Абдураззақов унинг ўрнини эгаллаганди.

Бундан аввалроқ Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Музраф Икрамов Адлия вазири ўринбосари этиб тайинлангани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 19 май кунги 5997-сонли фармонига кўра, Интеллектуал мулк агентлиги директори ва Тошкент давлат юридик университети ректори бир пайтнинг ўзида адлия вазири ўринбосари бўлиши тартиб бекор қилинди. Натижада агентлик директори Тўлқин Абдусатторов ҳамда ТДЮУ ректори Раҳим Ҳакимов вазир ўринбосари лавозимини тарк этди.

Президент фармони билан тугатилган лавозимлар ўрнига иккита янги ўринбосарлар лавозими очилганди. Бугунги тайинловлар айнан мана шу 2та янги бўш лавозимни тўлдирди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш