Ҳаётнинг кинодан фарқи. Зеленскийнинг тахтдаги бир йили қандай ўтди?
Бир йил олдин Владимир Зеленский президентлик қасамёдини қабул қилиб, Украинани бошқаришга киришган эди. Ўшанда у мисли кўрилмаган даражада халқнинг ишончини қозонган ва сайловнинг иккинчи босқичида 73 фоиз овоз тўплаганди. Худди фильмлардагидек. Масалан, «Слуга народа» фильмидаги каби... Бунгача фақат кинода президент ролини ижро этган Зеленский ҳаётда президентликни қандай уддаламоқда?
Сиёсат кўчасидан ўтмаган янги президентдан унинг «Кечки квартал» комедия томошасида Украинанинг юқори мансабдорларини масхара қиладиган ролларини севиб томоша қилгани каби халқнинг умиди жуда юқори эди.
Аксарият украиналиклар Зеленскийни телевизор экранларидан чиқиб келгандай – «Халқ хизматчиси» сериалининг қаҳрамони, содда ва унчалик ҳам саводли бўлмаган, тарих фани ўқитувчиси, виждонли Василий Голоберодько деб қабул қилди. Сериалда у тасодифан Украина президенти этиб сайланади ҳамда мамлакатни муваффақият билан бошқариб, фаровонликка етаклайди.
Ўшанда сайловолди тарғиботларида бу ўхшашликдан янги президентнинг жамоаси усталик билан фойдаланган. Зеленский ўзининг президент бўлганига 100 кун бўлгани муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида ўз фаолияти ҳақида тайинли гап гапирмайди. Балки барча гапни у билан «Халқ хизматчиси» сериалида бош вазир ролини ўйнаган актёр ўзидан интервью олганда гапириб берган эди.
Зеленский президентлик ваколатини қабул қилиб олар экан, у сериалдагидан кўра мутлақо жиддийроқ бўлган муаммоларга дуч келди.
Мамлакатда шиддат билан тарқалаётган коронавирус эпидемияси туфайли Зеленский Украинага омонат кредити бериш учун шартлар қўйган Халқаро валюта фондига сериалдаги президент Голобородько сингари муносиб жавоб бера олмайди. Шунингдек, сериалдаги хаёлий президентга Минск мулоқотларини қайта бошлаш ҳақида бош оғритиш ёки ўз партиясининг маҳаллий сайловлардаги натижаларидан хавотирланиш каби ташвишлар бегона эди. Шунга қарамай, бугунги кунда Зеленский Украина сиёсатчиларининг машҳурлик рейтингида етакчи бўлиб қолмоқда. У Украина президенти сифатида фаолият юритиб бир йил давомида нималарга эришди ва мамлакатни қанчалик ўзгартира олди, қуйида шу ҳақда батафсил.
Донбассдаги урушни тугата олмади, фақат асирларни алмаштирди
Гарчи сайловолди тарғиботи кетаётган пайтда «Ўқ отишни тўхтатиш керак» деб баланд овозда гапирган бўлса ҳам Владимир Зеленский Украина шарқидаги ҳарбий можарони тўхтатишга муваффақ бўла олмади.
Тўғри, Донбассда бугун айирмачиларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказилмаяпти. Аммо вазиятга умумий назар солинса фронт чизиғи яқинидаги ҳозирги вазият, Минск битимлари имзолангандан кейинги беш йил давомида содир бўлган вазиятдан унчалик фарқ қилмайди. Қисқаси, Зеленский Донбассдаги айирмачилар билан ўзаро умумий тил топиша олмади ва ҳудудда ўқ отиш ҳануз тўхтамади.
Ўтган бир йил давомида Зеленский ва унинг жамоаси аъзолари бир неча «агар Минск келишуви ишламаса, ўзаро тинчликка эришишнинг бошқа йўлларини қидириш керак» деб ҳам айтишди.
Аммо бу масалада аниқ муддат белгиланмагани ҳамда келишувга эришиш учун ҳеч қандай жўяли режанинг ўзи йўқлиги барчасини боши берк кўчага киргизиб қўйяпти. Қолаверса, Минск келишуви амалга ошиши учун қандай ўзгартиришларга қўл уриш кераклиги сўралганда, Украина президенти «у охиригача ишлайди», деб ҳам айта олмайди.
ОАВга фақат президент маъмурияти раҳбари ҳамда тинчликка эришиш учун масъул этиб тайинланган Андрей Ермак томонидан тинчлик келишувига эришиш учун музокарачилар таркибини ўзгартириш жараёни кетаётгани ҳақида гапирилаётган гаплардан бошқа нарса маълум эмас. Украина ҳукумати томонидан илгари сурилаётган асосий мақсад – ҳозир назоратсиз қолаётган ҳудудларда шу йилнинг октябрь ойида маҳаллий сайловларни ўтказиш. Аммо ҳозирча бу ишни амалга ошириш иложсиз ишдай кўринмоқда.
Бошқа томондан, Зеленский, Киевда ноқулай тарзда қабул қилинган «Штайнмайер формуласи» (Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер томонидан илгари сурилган Украина шарқидаги айирмачилар эгаллаб турган ҳудудларга алоҳида мақом бериш ҳақидаги келишув) тўғрисидаги келишувдан келиб чиққан ҳолда, узоқ вақтга чўзилган танаффусдан сўнг «Норманд формати»ни қайта тиклашга муваффақ бўлди ва Париж саммитида Владимир Путин билан шахсан ўзи учрашди.
Украина ва Россия раҳбарларининг мулоқоти бир неча марта айирмачилар билан маҳбусларни алмашишга имкон берди, аммо Киев ҳамда Москва ўртасидаги муносабатлар кескинлигича қолмоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги ҳаво қатнови ҳануз тикланмади, дипломатик алоқалар ҳам музлатилган ҳолида турибди. Шунингдек, президент бўлганининг бир йиллиги арафасида Зеленский Порошенконинг Россиянинг «ВКонтакте» ва «Одноклассники» ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига қўйилган тақиқни узайтирди.
Зеленский Трамп билан баҳслашиб қолди ва вазиятдан силлиқ чиқиб кетди
Владимир Зеленский АҚШ президенти Дональд Трампга нисбатан импичмент қўлланишига сабабчи бўлди ва сал қолса унинг ҳокимиятдан четлаштирилишини ҳам хотиржам томоша қилиши мумкин эди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ўтган йил июль ойида ҳар икки президент ўртасидаги суҳбат давомида Трамп Зеленскийга панд беришга уринган. Ўшанда Зеленский билан учрашган Трамп Украина президентидан жорий йил ноябрь ойида АҚШда ўтказиладиган сайловда ўзига рақиб бўлиши кутилаётган Жо Байденнинг ўғлига жиноий иш очишни сўраган. Унинг бу иши сиёсат нуқтайи назаридан ва президентлик этикаси юзасидан ҳам нотўғри эди. Трампнинг ўша иши бошқа бир мустақил давлат раҳбарига босим уюштириш деб баҳоланди ва унга нисбатан импичмент эълон қилинишига сабаб бўлди.
Зеленский ўшанда икки ўт орасида қолганди: ўша кунларда унинг ҳар бир сўзи Америка сиёсатида рақобатлашаётган икки жамоадан бирининг фойдасига ишлаб кетиши ва Украина Москва билан қарама-қарши туришида керак бўладиган АҚШнинг қўллаб-қувватлашидан маҳрум қилиши мумкин эди.
Оқ уй Трамп билан Зеленский ўртасида бўлиб ўтган можароли суҳбат сценарийсини эълон қилгани Украина президенти учун кутилмаган ҳолат бўлди: АҚШ томони бу ишни расмий Киев билан маслаҳатлашмасдан амалга оширди.
Шунга қарамай, Зеленский сувдан қуруқ чиқиб кетишга муваффақ бўлди ва АҚШдаги икки асосий партияларнинг ўзаро баҳси таъсири остига тушиб қолмади. Энди у ҳатто «ўша нохуш ҳодисадан кейин ҳар қандай америкалик Украинани харитадан осонгина топиб оладиган бўлди» деб ҳазиллашмоқда.
Олий Радани қайта тузди, «ишчан режим»ни ёқди
Ўзининг қасамёд қилиш маросимида Владимир Зеленский 2014 йилда қайта сайланган Олий Радани тарқатиб юборишини айтган эди. Аслида эса Олий Радани тарқатишга айтарли асос ҳам йўқ эди, яна олти ойдан сўнг шундоқ ҳам парламент сайловлари бўлиб ўтиши лозим эди. Аммо янги сайланган президент ўзининг юқори рейтингини сақлаб қолиш учун ҳаммасини янгилашни бошлади ва парламентда ҳам ўз тарафдорларининг кучли таркибига эга бўлишга шошилди.
Украинада президент сайловига кам вақт қолганда, шошилинч тарзда янги ташкил этилган Зеленскийнинг «Слуга народа» партияси («Халқ хизматкори») ўтган йилнинг июль ойида ўтказилган парламент сайловида ҳам жуда ажойиб натижа билан ғалаба қозонди ва Украина тарихида биринчи марта Олий Радада мутлақ кўпчилик ўринни эгаллади.
Сайловдан сўнг Радага депутат сифатида жуда кўп янги одамлар келди. Баъзи бир депутатликка номзодлар худди интернетда сўровнома тўлдириб келиб қолгандай таассурот қолдириб Зеленскийнинг партиясига осонгина келиб қолди ва бир уринишда депутатликка сайланди. Уларда мутлақо тажриба йўқлиги учун парламент аъзолари Карпатдаги Трускавец курортида ўзлари учун ташкил этилган «ёш депутатлар мактаби»да қонунчилик жараёнининг ўзига хос хусусиятларини ўрганишди ва ўша ерда бир-бири билан танишишди.
Илк ойларда янги Рада «ишчан режим»да ишлади. Тизимли қонунлар жуда катта ҳажмда, деярли муҳокама қилинмасдан қисқа муддатда ёзилди ва қабул қилинди. Уларда аниқланган камчиликлар кейинчалик йўл-йўлакай муҳокама қилиняпти ва уларни жорий қилиш жараёнида тўғриланмоқда.
Кейин эса Рада билан яқиндан ишлайдиган президент маъмуриятининг қудратли раҳбари Андрей Богданнинг истеъфоси туфайли ёки президент фракцияларининг кўп сонли гуруҳлари томонидан табақаланиши ортиши туфайли «ишчан режим» ҳам тўхтаб қолди.
Янги парламент мамлакат учун муҳим қонунлар қабул қилишда давом этмоқда: жорий йилнинг баҳорида Рада ер бозорини очди ва банклар тўғрисидаги «антиколомойский қонуни»ни қабул қилди. Аммо икки ҳолатда, ҳатто президентнинг ушбу қонунларни ёқлаб овоз бериши ҳам натижа бермади: мухолифат фракцияларнинг овозисиз уларни қабул қилиб бўлмас экан.
Ҳеч кимни жазоламади
Сайлов олдидан бутун мамлакат бўйлаб «Баҳор келса экин экамиз» деган сайлов тахталарини осиб қўйган Зеленский ўз тарафдорларининг умидларини жуда қийинчилик билан оқлашга ҳаракат қилмоқда.
Зеленский ҳокимиятга келганидан кейин, ўтган бир йил давомида мамлакатдаги барча ҳуқуқ-тартибот идораларини назоратга олди.
Аксарияти унинг партияси аъзолари бўлган парламент кутилмаганда «депутат дахлсизлиги»ни сезиларли даражада қисқартирди.
Бироқ, бу етарли натижаларга олиб келмади: парламентнинг бирорта депутати ҳамда Зеленскийдан олдинги раҳбарият пайтида ишлаган бирорта юқори лавозимли амалдор янги ҳукумат даврида айбланмади ва жазога тортилмади. Балки, бу билан Зеленский ўзига душман орттиришни хоҳламагандир, балки юмшоқ кўнгиллилик қилгандир.
Юқори даражадаги коррупцияга қарши курашнинг қониқарсиз натижаларига қарамай, президент истеъфога чиқарилган яқин ҳамкори, собиқ бош прокурор Руслан Рябошапканинг (у Зеленский президентлиги даврида, 2019 йил августидан 2020 йил мартигача лавозимда бўлган) истеъфоси ҳақида изоҳ бера олди. Маълум бўлишича, унинг истеъфосига коррупция сабаб бўлмаган.
«Халқ хизматкори» партияси етакчиларидан бири Давид Арахамия берган изоҳга кўра, собиқ бош прокурор Руслан Рябошапка собиқ президент Петро Порошенкога ўз вақтида шубҳа билдирмагани сабабли ўз лавозимидан маҳрум бўлган.
Зеленскийнинг Порошенкога бўлган муносабати аввалдан маълум эди. У буни сайловолди жараёнларда ҳам «Мен сизнинг рақибингиз эмасман, мен сизга чиқарилган ҳукмман» деган иборани бир неча бор гапириш орқали билдирган эди. Шундан сўнг Порошенко фамилияси давлат тергов бюроси (ГБР) томонидан тергов қилинаётган 13та жиноий ишда дарҳол пайдо бўлади.
Эндиликда давлат тергов бюросининг собиқ раҳбари Ирина Венедиктова бош прокурор лавозимида ўтирибди. Порошенко Украина ҳукумати ўзини сиёсий таъқиб қилаётганини билдирмоқда. Зеленский эса ўз видеомурожаатларида коррупционерларни қаттиқроқ жазолаш тарафдори эканлигини айтиб келмоқда. Шунчаки у ҳуқуқ-тартибот идоралари ишига аралашиш ваколатига эга эмас.
Иқтисодиёт ўсишда давом этди, аммо коронавирус натижалар пасайишига сабаб бўлди
Сайловолди тарғиботида Зеленскийнинг энг асосий танқидларидан бири – бу давлат раҳбарида иқтисодий ҳолатларга чора кўриш ваколатлари тўлиқ эмаслиги ҳақида эди. Ўша пайтда унинг рақиблари ўз фойдасини кўзлаб Зеленскийнинг юқоридаги гапларини оммага тескари талқинда етказа бошлади. Улар дебатларда «Зеленский президент бўлса мамлакат иқтисодиёти парчаланиб кетади ва миллий валюта гривнанинг долларга нисбатан қадри пасаяди» дея бошлашди. Зеленский президент бўлганидан сўнг унинг рақиблари томонидан ваҳима аралаш гапирилган ўша башоратлар амалга ошмади. Аксинча, Украина иқтисодиёти аста-секинлик билан бўлса ҳам ўса бошлади. Мамлакат ҳам парчаланиб кетмади. Масалан, ўтган йил охирида Украина иқтисодиёти кичик кўрсаткич билан бўлсада ўсиш суръатларини кўрсатди – тахминан 3 фоиз. Гривнанинг долларга нисбатан қадри ҳам анча мустаҳкамланди.
Тўғри, 2019 йил охирида эълон қилинган статистика ўтган йилда саноатнинг ўсиш суръати пасайганини қайд этди ва турли нашрлар иқтисодиётнинг айрим соҳаларида иш ҳақини тўлаш кечиктирилаётгани ҳақида хабар бера бошлади. Бу эса бош вазир Алексей Гончарук бошчилигидаги мамлакат тарихидаги энг ёш ҳукуматни истеъфога чиқариш учун етарли сабаб бўлди.
Украина иқтисодиётига қўшимча оғир зарба коронавирус томонидан етказилди. Март ойида жорий этилган карантин мамлакатдаги деярли барча кичик бизнесни тўхтатди. Шунингдек, юз минглаб меҳнат муҳожирлари жорий қилинган карантин туфайли Европанинг турли мамлакатларидан ўз ватанига қайтиб келишига сабаб бўлди. Бу эса Украина учун жуда муҳим бўлган, валюта кирими пасайишига ва оқибатда шундоқ ҳам кўрсаткичлари пасаяётган иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатди.
Хориждан қайтган фуқароларни мамлакатда ушлаб қолиш учун ҳукумат карантин бўлишига қарамасдан уларнинг аксариятига 6-8 минг гривна маош билан янги иш ўринлари ташкил этиш ваъдасини бергани кўпчиликнинг танқидига сабаб бўлди. Танқидчиларнинг фикрича, ҳукумат шу йўл билан юқори малакага эга бўлган кадрларни Украинанинг ўзида ушлаб қолмоқчи бўлган. Ҳукуматнинг бу ишини нафақат мамлакатнинг ўзида, балки ғарблик ҳамкорлар ҳам жиддий танқид қилиб чиқишди.
Бугунги кунда Украина карантин чекловларини босқичма-босқич енгиллата бошлади, аммо коронавируснинг мамлакат иқтисодиётига етказган зарари миқдори ҳозирча маълум эмас. Инқирозга учраш хавфи Украинани четлаб ўтди, аммо расмий Киев инқироз хавфини фақат Халқаро валюта жамғармаси билан янги дастур орқали ҳамкорлик қилиб бартараф этишга муваффақ бўлди. Украинага кредит ажратиш учун мазкур фонд мамлакат ҳукуматига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар савдосига рухсат бериш ҳамда банклар тўғрисидаги «антиколомойский қонуни»ни қабул қилиш шартларини қўйган эди.
Энг қизиғи, ўтган йил сайловолди кампаниясида бўлажак президентни қўллаб-қувватлаган олигарх Игор Коломойский билан Зеленскийнинг ўзаро алоқалари ёмонлашгани бўлди. Бир йил олдин Зеленскийнинг мухолифлари бўлажак президентни «Коломойскийнинг қўғирчоғи» деб аташган ва сайловдан сўнг президент дарҳол Порошенко даврида Коломойскийдан давлат фойдасига тортиб олинган «Приватбанк» олигархга қайтариб берилишини тахмин қилишганди. Аммо мухолифларнинг тахминлари ўзини оқламади ва иккисидан бирини танлаш лозим бўлганда Зеленский ўзининг собиқ телевизион бизнес ҳамкори Коломойскийни эмас, балки Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорликни танлади.
Шу билан бирга, май ойи охирида Украинага етиб келиши керак бўлган Ғарбнинг ёрдам пуллари ҳам коронавирус инқирози пайтида расмий Киевнинг барча муаммоларини ҳал қила олмайди. Турли ҳисоботларга кўра, бу йил мамлакат ЯИМ ҳажмининг пасайиши 3,5 фоиздан 7,7 фоизгача бўлади.
Жамоа аралаштирилди, Саакашвили қайтди
Кадрлар сиёсати янги давлат раҳбарининг камчиликларидан бири бўлиши Зеленский президентлик қасамёдини қабул қилишидан олдин аниқ эди. Бир томондан, кечаги комедия жамоасида сиёсий тажрибага эга бўлган одамлар жуда кам эди. Бошқа томондан, Зеленский ҳокимият тепасига келгач Украина сиёсатида фаолият кўрсатаётган аксарият кадрларни алмаштириш тўғрисида ваъда берган ва у ҳар қанақасига ўша ваъдасидан сўнг «эски кадрлар» хизматидан фойдалана олмас эди. Шунинг учун ҳокимиятдаги энг юқори лавозимларнинг бир қисмини Зеленскийнинг «Квартал 95» комик студияси таркибида бўлган ҳамкасблари эгаллади.
Янги президент тузган жамоанинг бошқа аъзолари таркиби ҳам анча ранг-баранг кўриниш олди. Жамоа сафида турли ОАВ вакиллари, сиёсий ва иқтисодий қарашларни қўллаб-қувватловчи, ишбилармон гуруҳларга яқин ҳамда турли даражадаги ваколатларга эга бўлган шахслардан ташкил топган эди.
Натижада, Зеленский ҳокимият тепасида бўлган бир йил давомида у ўз администрацияси раҳбари, Бош прокурор, Хавфсизлик Кенгаши котиби, Бош вазир ва аксарият ҳукумат аъзоларини алмаштиришга улгурди.
Жорий йилнинг бошидан буён Украинада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг уч раҳбари алмаштирилди ва атиги бир ой ишлаган Илья Емецнинг ўрнига ҳозирги вазир Максим Степанов айнан коронавирус эпидемияси авжига чиққан пайтда вазир этиб тайинланди.
Зеленскийнинг яна бир тушунарсиз қарори – Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилининг Украина ҳукуматига қайтарилиши бўлди. Зеленский уни ислоҳотлар вазирининг ўринбосари этиб тайинлади. Давлат раҳбарининг бу иши ҳатто ўз ҳаммаслаклари томонидан қўллаб-қувватланмади. Парламентда етакчи мавқега эга бўлган «Халқ хизматчиси» партияси вакиллари Саакашвилини бош вазир ўринбосари этиб тайинлаш учун етарлича овоз беришмади. Натижада у фақат ҳали нима вазифалар бажариши аниқ бўлмаган маслаҳат органи – Миллий ислоҳотлар кенгаши ижро қўмитаси раҳбари этиб тайинланди, холос.
Шу билан бирга, Зеленскийда президентлигининг иккинчи йилида деярли ҳар ой вазирларни ўзгартира олиш имконияти бўлмаслиги мумкин. Парламентдаги кўпчилик мутлақо барқарор эмас ва Денис Шмигалнинг амалдаги ҳукуматида бир қанча бўш ўринлар сақланиб турибди: парламентда янги вазирларни тасдиқлаш учун овоз берилмайди.
Коронавирус билан етарлича курашди, карантин чекловларини бекор қиляпти
Коронавирус эпидемияси Украинани ғафлатда қолдирди. Вазият кескинлашувининг дастлабки ҳафталарида мамлакатда аҳолига ниқоблар, шифокорлар учун ҳимоя костюмлари ва касалхоналарда турли жиҳозлар етишмаётгани маълум бўлди. Алоқа масаласи – ҳукумат жамоаси ўзини сувдаги балиқ каби ҳис қилганига қарамай, муваффақиятсиз тугади.
Полтава областидаги Новие Санжари шаҳри аҳолиси, ўз-ўзини изоляция қилиш учун Хитойдан келган соғлом одамлар ўтирган автобусларни тошбўрон қилганини бутун дунё дунёга тарқаб кетди. Жамиятдаги ноаниқ баҳолар ҳукуматнинг ПР-менежерлари томонидан фавқулодда қадам ташланишига сабаб бўлди: эпидемия арафасида, соғлиқни сақлаш вазири Зоряна Скалецкаяни Хитойдан эвакуация қилинган одамлар билан бирга санаторияларда ўз-ўзини изоляция қилиши учун ётқизишди.
Иккинчи томондан, расмийлар тезда ўзларига келишди ва Украинада касаллик тарқалиш даражаси умуман хавфли кўриниш олмаган вазиятда қаттиқ карантин чекловларини жорий қилишди.
Шунингдек, Владимир Зеленскийнинг ўзи ҳам деярли ҳар куни ўз видеомурожаатларида украиналикларга коронавирусга қарши олиб борилаётган чоралар ҳақида хабар бериб турди. Президент ўша кунларда бир муддат ҳеч қаерга чиқмасдан президент маъмурияти биносида яшади ва соқоли олинмагани билиниб турган ҳолатда нутқ сўзлади.
Табиийки, Украинада ҳам коронавирус эпидемиясига қарши кураш жараёни можароларсиз кечмади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқумли касалликка қарши курашиш учун зарур ускуналарни сотиб олишни ортга сурди. Хавфли касаллик аниқланган илк ойда зарур тиббий ускуна ҳамда жиҳозларни харид қилиш учун аксарият харажатлар кўнгиллилар ва хайрия қилувчилар ҳисобидан қилинди.
Шифокорлар учун махсус тиббий кийимлар хитойлик ишлаб чиқарувчилардан украиналик таклиф этган нархга қараганда анча юқори нархда сотиб олинди. Бунинг устига уларни Украинага етказиб бериш Хитойдаги қатъий карантин туфайли барбод бўлди.
Ана шундай ҳолатда Зеленский ва унинг атрофидаги шахслар давлатга мутлақо алоқаси бўлмаган қурилиш супермаркетлари тармоғи томонидан туҳфа сифатида етказиб келинган тиббий ниқоблар ортилган самолётни катта шараф билан кутиб олишди.
Шу билан биргаликда, коронавирусга қарши курашадиган шифокорларга ваъда қилинган иш ҳақига 300 фоиз устама тўлаб бериш ваъдаси ҳануз бажарилмади.
Қолаверса, карантин шароитида парламентдаги президент фракцияси раҳбарларидан бирига тегишли бўлган Киев марказидаги ресторан яширинча ўз ишини давом эттираётгани ва ўша рестораннинг номи бўлган «Велор» сўзи Украинадаги эпидемияга қарши чора-тадбирларнинг иккитомонлама стандарт асосида олиб борилаётганини англатадиган сўзга айланиши ҳам салбий ҳолатлардан бири бўлди.
Аммо факт шуки, Украинадаги коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони ССВ томонидан тахминан ҳисобланган энг юқори кўрсаткичлардан ошмади. Аммо кўнгилсиз натижа ҳам бор: соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, Украинада коронавирус юқтирган ҳар беш беморнинг биттаси тиббиёт ходими. Яхши хабар эса май ойи ўрталаридан бошлаб мамлакатда карантин чекловлари аста-секин бекор қилинаётгани бўлди.
Ҳозирча рейтинги яхши
Ҳокимият тепасига келганидан бир йил ўтиб, Владимир Зеленский бугун ҳам Украинада энг машҳур сиёсатчи бўлиб қолмоқда. Агар келаси якшанба куни президент сайлови ўтказиладиган бўлса, у биринчи турнинг ўзида ўтган йилда бўлиб ўтган сайловдаги натижасидан яхшироқ натижа билан ғалаба қозониши мумкин.
Аммо расмийлар учун вазиятни жуда ҳам қониқарли деб бўлмайди.
Биринчидан, ўтган йилнинг ёзи ва кузида социологлар шу пайтгача мисли кўрилмаган ҳодисани қайд этишди: мамлакатда аксарият ишлар тўғри олиб борилаётганига қарамасдан кўпгина украиналиклар мамлакатда ишлар тўғри кетаётганига эмас, балки нотўғри кетаётганига ишонишяпти. Фақат жорий йил бошида вазият Украинада юритилаётган сиёсатига мос бўлган кўринишга қайтди.
Иккинчидан, «Халқ хизматчиси» партияси рейтинги аста-секин пасайиб бормоқда ва бу октябрь ойида бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловлар арафасида Украина ҳукуматини хавотирга солмаслиги мумкин эмас.
Аммо, ҳар қандай ҳолатда президент Зеленскийга қойил қолиш керак: ўтган бир йил давомида шахсан у бирор-бир коррупция можаросида айбланмади. У хорижга чиқиши, масалан, Уммонга қилган мақсадсиз сафари, шунингдек январда жамоатчиликка у ҳақда ҳеч қандай изоҳ берилмаган ҳодиса – президент офисининг бошлиғи Андрей Ермакнинг акаси ўз суҳбатдошлари билан у ёки бу лавозимга тайинлаш нархларини муҳокама қилган аудиоёзувлари билан боғлиқ ҳолатлар Зеленскийнинг обрўсига заррача таъсир қилгани йўқ. Қисқа қилиб айтганда, гарчи сиёсатдан мутлақо йироқ бўлган соҳа – комик актёрликдан чиқиб келган бўлса ҳам Зеленский ҳозирча Украинани яхши бошқаряпти. Қолаверса, у актёрликдан катта сиёсатга ўтиб президент бўлган ягона инсон эмас. Ўз вақтида кимсан АҚШни ҳам актёрликдан катта сиёсатга ўтиб президентликкача етиб борган инсонлар бошқарган. Улардан энг сўнггиси АҚШни 1981-1989 йиллларда бошқарган Рональд Рейген ҳисобланади. Собиқ иттифоқ республикаларида эса Зеленский бу борада ҳозирча ягона.
Мавзуга оид
15:46
Россия МВ 30 дан ортиқ Украина дрони йўқ қилинганини билдирди
13:17
Байден ҳозирча Украинани НАТОга таклиф этишга чақирмасликка қарор қилди
08:45
Меркел Украинада урушдан чиқишнинг йўллари ҳақида маълум қилди
20:14 / 24.11.2024