Жаҳон | 09:00 / 26.05.2020
5973
2 дақиқада ўқилади

Германия ҳукумати Европанинг энг йирик авиакомпаниясига ёрдам беришга қарор қилди  

Германия ҳукумати коронавирус пандемияси сабабли оғир вазиятда қолган Lufthansa авиакомпаниясига ёрдам беришга қарор қилди. Компания акциядорлари сафидан 1997 йилда чиққан давлат 23 йил ўтиб яна улар қаторига қайтмоқда.

Фото: Arne Dedert / Reuters

Компанияга ёрдам бериш шартларига кўра, давлат Иқтисодиётни барқарорлаштириш жамғармаси орқали Lufthansa’нинг қўшимча чиқарилган акцияларини сотиб олиб, унинг капиталида 20 фоиз улушни қўлга киритади.

Акциялар 2,56 евродан сотиб олинади. Давлат бу мақсадда умумий ҳисобда 300 млн еврога яқин пул тўлайди. Янги акциядор авиакомпания кузатувчилар кенгашига 2 аъзони тайинлаш ҳуқуқини қўлга киритади. 

Германия ҳукумати Lufthansa’га ёрдам учун ажратаётган умумий маблағ 9 млрд еврони ташкил қилади. Ваҳоланки, компаниянинг капиталлашуви 4 млрд евродан сал кўпроқни ташкил қилади. Ушбу суммадан давлат 5,7 млрд еврони авиакомпанияга овоз бермайдиган капитал сифатида киритади. Компания жамғармага 2020-2021 йилларда 4 фоизлик мукофот тўлаши ва уни 2027 йилга қадар 9,5 фоизгача секин-аста ошиб бориши керак бўлади. Агар компания компенсация тўлай олмаса, жамғарманинг компания капиталидаги улуши 5 фоизга (2024 йилдан кейин), сўнгра яна 5 фоизга (2026 йилда) ошиши мумкин. Lufthansa ажратилган маблағларнинг барчасини жамғармага қайтара олса, жамғарма унга тегишли акцияларни 2023 йил 31 декабрдан кеч бўлмаган муддатда бозор нархида қайта сотиш мажбуриятини олади.

Компания Kreditanstalt für Wiederaufbau давлат банки ва бошқа банклардан уч йиллик кредит сифатида яна 3 млрд евро олади.

Давлат Lufthansa’ни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгандан кейин компания акциялари 7,6 фоизга қимматлашиб, бир донаси нархи 8,64 еврогача етган. 

Европанинг энг йирик авиакомпанияси ҳисобланувчи Lufthansa авиакомпанияси 1926 йилда ташкил этилган. 1994 йилгача у давлат авиакомпанияси бўлган, 1997 йилда эса тўлиқ сармоячиларга ўтган. Компания сармоячилари орасида  Deutsche Postbank ва Deutsche Bank банклари бор.

Мавзуга оид