Коронавирус тарқалиши ва у билан боғлиқ чекловлар асрлар давомида давом этадиганга ўхшаса-да, SARS-CoV-2 вируси ҳали ҳам инсоният учун янги бўлиб, уни ўрганиш керак. «Кўпчилик учун бу жуда қийин. Одамларга биз аниқ жавоблар беришимиз керакдек кўринмоқда, — дейди эпидемиолог Саския Попеску. — Аслида эса, биз кўприк қуришга ва ундан юришга бир вақтнинг ўзида ҳаракат қилмоқдамиз. Бу биз учун янги касаллик ва янги вазият».

1. Коронавирусдан аслида қанча одам зарарланди?
27 май ҳолатига кўра, дунёда коронавирус инфекциясини юқтиришнинг тасдиқланган 5,7 миллион ҳолати ва 354 мингдан ортиқ ўлим ҳолатлари қайд этилган. Аммо кўпгина мутахассислар бу рақамлар етарли эмас, деган фикрда. Ҳар бир зарарланиш ҳолатини кузатиш учун бизда тестлар ва бошқа воситалар етишмаяпти. Дунёда миллионлаб аниқланмаган беморлар мавжуд бўлиши мумкин. 

  • Биз ҳеч қачон бу саволга аниқ жавобни билмаслигимиз эҳтимоли жуда юқори. 1918-1920 йиллардаги «испанка гриппи» эпидемияси қанча одамнинг ҳаётига зомин бўлгани тўғрисида олимлар ҳануз баҳслашишади.

Бироқ, аниқ жавоб олиш жуда муҳим. Агар ҳозир билганимиздан кўпроқ одам зарарланган бўлиб, аммо ўлим сони ўзгаришсиз қолса, коронавирусдан ўлим даражаси ўйлаганимиздан пасаяди. Агар аниқланмаган ҳолатлар камлиги ёки ўлим ҳолатлари кўпайганлиги аниқланса, қатъий изоляция чораларини қўллаш самарали бўлган ҳисобланади. 

Гап шундаки, баъзи инсонларнинг ҳеч қандай симптомларсиз ҳолатда вирус ташувчиси бўлишлари ёки ижобий тест натижаси олишлари билан мураккаблашади. Шундай қилиб, кўпчилик ўзи билмаган ҳолда вирус юқтириб олган бўлиши мумкин. Илгари улар асимптоматик ташувчилар деб ҳисобланар эди, аммо дастлабки маълумотларга кўра, кўпчиликда вақт ўтиши билан касалликнинг айрим белгилари пайдо бўлади. Агар қўшимча тадқиқотлар буни тасдиқласа, эътиборсиз қолаётган ҳолатлар сони унча кўп эмас.

Олимлар ҳозирча эҳтиёткорликка қай даражада амал қилиш борасида баҳслашмоқда. Италия, Испания ва Қўшма Штатлардаги воқеалар коронавирус жуда хавфли бўлиши мумкинлигини аллақачон исботлади. Гап ҳозир ҳолатга эътиборсизлик қилиш ёки беғам яшаш мумкин ёки йўқлигида эмас, қанчалик эҳтиёткор бўлиш ҳақида бормоқда.

2. Масофа сақлаш ўлчовлари қандай бўлгани маъқул?
Кўпгина давлатлар карантин тартибига ўтиб, иложи борича ҳамма нарсани ёпишди. Бу олимлар учун қўшимча қийинчиликлар туғдирди: айнан қайси чоралар вирус тарқалишини секинлаштириши номаълум. Оммавий тадбирлар тақиқланишими? Парвоз чекловларими? Масофавий иш режимига ўтишми?